Тошкентда Бутунжаҳон истеъмолчилар ҳуқуқлари куни муносабати билан матбуот анжумани ўтказилди (+фоторепортаж)
Бугун, 11 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш марказида Бутунжаҳон истеъмолчилар ҳуқуқлари куни муносабати билан Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ташаббуси ҳамда қатор манфаатдор вазирлик ва идоралар ҳамкорлигида «Истеъмолчи ҳуқуқлари – адолатли бозор ва кучли жамият кафолати» мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.
Тадбирда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш, мамлакатда адолатли ва шаффоф бозор муҳитини шакллантириш, жамоатчилик назоратини кучайтириш ҳамда давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди. Матбуот анжуманида соҳа мутахассислари, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда жамоатчилик фаоллари иштирок этиб, истеъмолчилар манфаатларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар, мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимлари билан танишдилар.

Бугунги кунда Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси тизимида 14 та ҳудудий бирлашма ҳамда 208 та туман (шаҳар) жамиятлари фаолият юритмоқда. Ташкилот тизимида жами 1 216 нафар ходим меҳнат қилмоқда. Шунингдек, корхона ва ташкилотларда 1 354 та таянч гуруҳ ташкил этилган бўлиб, уларнинг аъзолари сони 4 миллиондан ортиқни ташкил этади.
Шунингдек, истеъмолчиларнинг мурожаатларини тезкор қабул қилиш ва кўриб чиқиш мақсадида 2015 йилдан буён «1091» қисқа рақамли ишонч телефони, «istemol.uz» сайтидаги виртуал қабулхона ҳамда «PotrebitelUz_bot» Телеграм боти орқали мурожаатлар қабул қилиниб келинмоқда. Хусусан, сўнгги йилларда Федерацияга 138 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг 94 фоизи ижобий ҳал этилган. Натижада истеъмолчилар фойдасига 326,5 миллиард сўмлик зарар қайта ҳисоб-китоб қилинган. Истеъмолчилар манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида судларга 1 833 та даъво аризаси киритилиб, улар асосида 70,9 миллиард сўм маблағ суд қарорлари орқали ундирилган. Назорат органлари орқали кўриб чиқилган 1 636 та мурожаат натижасида эса истеъмолчилар фойдасига 879,8 миллион сўм миқдоридаги зарар қоплаб берилган.


Ҳозирда федерация томонидан турли соҳаларда жамоатчилик назорати доирасида мониторинглар ўтказилиб, аниқланган муаммолар бўйича тегишли давлат ва хўжалик бошқаруви органларига таклифлар киритиб келинмоқда. Жумладан, халқаро ҳамкорлик йўналишида қатор давлатларнинг турдош ташкилотлари билан меморандумлар имзоланган. Федерация ташаббуси билан Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида Биринчи Европа ва Осиё мамлакатлари истеъмолчилари форуми, Хоразм вилоятида «Сайёҳ – 2021» халқаро форуми ҳамда 2024 йилда Самарқанд шаҳрида халқаро маслаҳат йиғилиши ўтказилган. Федерация фаолияти юқори баҳоланиб, 2020 йилда «Энг фаол жамоатчи ташкилоти» номинацияси ғолиби бўлди ҳамда 2024 йилда «Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун» кўкрак нишони билан тақдирланди. Шунингдек, аҳоли ўртасида истеъмол маданиятини ошириш мақсадида Федерация муассислигида «Истеъмол маданияти» газетаси нашр этилади ҳамда «Истеъмолчилар уйи» лойиҳаси доирасида ҳудудларда замонавий марказлар барпо этилмоқда.


Мутахассислар таъкидлаганидек, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда яна бир муҳим омиллардан бири уларнинг тўлиқ ва ишончли ахборот олиш ҳуқуқидир. Харидор маҳсулотнинг таркиби, ишлаб чиқарилган санаси, яроқлилик муддати ҳамда ишлаб чиқарувчи тўғрисидаги аниқ маълумотлардан хабардор бўлиши лозим. Бундай очиқ ва шаффоф ахборот истеъмолчига онгли ва тўғри танлов қилиш имконини яратади, шу билан бирга бозорда ҳалол рақобат муҳитининг шаклланишига хизмат қилади. Истеъмолчи турли сабабларга кўра зарар кўрган тақдирда ўз ҳуқуқларини тиклаш имкониятига эга бўлиши зарур. Бу жараёнда давлат органлари, суд тизими ҳамда Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси каби жамоат ташкилотларининг ўрни алоҳида аҳамият касб этади. Федерация томонидан амалга оширилаётган ишлар фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклашга кўмаклашиш билан бирга, тадбиркорлик субъектларини ҳам масъулиятли ва қонуний фаолият юритишга ундамоқда.
Матбуот анжуманида айнан шу каби долзарб масалалар атрофлича муҳокама қилиниб, истеъмолчилар манфаатларини таъминлаш йўлида олиб борилаётган ишлар ҳамда келгусидаги устувор вазифалар юзасидан фикр алмашилди.


Маълумот ўрнида таъкидлаш жоизки, 2025 йил якунларига кўра, Федерация ва унинг ҳудудий тузилмалари томонидан жами 14 834 та мурожаат кўриб чиқилган бўлиб, уларнинг 90 фоиздан ортиғи ижобий ҳал этилган, истеъмолчилар фойдасига 85,2 миллиард сўм маблағ қайта ҳисоб-китоб қилинган. Судларга киритилган 193 та даъво аризаси асосида 21,7 миллиард сўм моддий ва маънавий зарар истеъмолчилар фойдасига ундирилиши таъминланган. Коммунал хизматлар соҳасида олиб борилган ўрганишлар натижасида юз минглаб абонентларга асоссиз ҳисобланган 21,3 миллиард сўм қарздорлик бекор қилинишига эришилган. Андижон вилоятида ичимлик суви бўйича 27 миллиард сўмлик нореал қарздорлик биллинг тизимидан чиқарилган. Ҳисобот даврида ички бозорда товар ва хизматлар сифати ҳамда хавфсизлигини таъминлаш юзасидан 187 та жамоатчилик мониторинги ўтказилган.
Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси халқаро майдонда ҳам фаол иштирок этиб, 2018 йилдан буён Consumers International ташкилотининг тўлақонли аъзоси ҳисобланади. Ташкилот ўтган йилда БМТнинг UNCTAD томонидан ўтказилган 9-конференцияда иштирок этиб, «World Trade Organization» раҳбарияти билан учрашувда глобал савдо жараёнларида истеъмолчилар манфаатларини ҳимоя қилиш масалаларини муҳокама қилган. Бундан ташқари, Беларусь, Хитой ва Қозоғистон истеъмолчилар ташкилотлари билан ҳамкорлик меморандумлари имзоланиб, трансчегаравий мурожаатларни кўриб чиқиш, электрон савдо ва медиация механизмларини ривожлантириш бўйича келишувларга эришилган.



Матбуот анжумани доирасида «15 март – Халқаро истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш куни» муносабати билан Федерация томонидан бир гуруҳ ходимларга «Истеъмолчилар ҳуқуқи ҳимоячиси» кўкрак нишонлари топширилди. Тадбир якунида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг замонавий механизмлари, рақамли платформалар орқали мурожаатларни кўриб чиқиш тизимини такомиллаштириш, электрон савдо шароитида истеъмолчилар манфаатларини таъминлаш, судгача низоларни ҳал этиш институтини ривожлантириш ҳамда жамоатчилик назоратини кучайтириш масалалари юзасидан фикр алмашилиб, журналист ва блогерларнинг саволларига атрофлича жавоб берилди.


Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига кириш нархлари эълон қилинди
- Трамп Эрондаги ҳарбий операция «деярли якунланганини» маълум қилди
- МИБ директорига янги ўринбосар тайинланди
- Тошкент – Самарқанд пуллик йўли қурилиши 2 миллиард доллардан зиёдга баҳоланмоқда
- Тошкентда туннель девори ўпирилиб тушди
- Бир асрлик тарихга гувоҳ бино тақдири
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг