“Арсенал”, “Челси” ва “Манчестер Сити” кейинги босқичга йўл олди

10:08 08 Март 2026 Спорт
714 0

Кеча, 7 март куни Англия футбол ассоциацияси кубоги мусобақасининг ним чорак финал босқичи ўйинлари давом эттирилди. Кун доирасидан ўрин олган дастлабки баҳсда Премьер лига етакчиси “Арсенал” жамоаси Англия учинчи дивизионида 16-ўринни эгаллаб турган “Мансфилд” клуби меҳмони бўлди.

Ўйин олдидан меҳмонлар устози Микел Артета кутилганидек жиддий ўзгаришларни амалга оширди. Давид Райя, Вильям Салиба, Пьеро Инкапье, Букайо Сака, Эберечи Эзе, Виктор Гёкереш, Деклан Райс каби жамоа етакчилари захирада қолдирилди ёки умуман қайдномага киритилмади.

Ушбу футболчиларнинг ўрни эса захира дарвозабони Кепа Аррисабалага, Габриэл Жезус, Марли Салмон, Макс Довман, Кристиан Нёргорд каби футболчилар билан тўлдирилди.

Учрашув 2:1 ҳисобида “канонирлар”нинг ғалабаси билан якунланди. Ўйинда киритилган голларга ғолиблар сафидан Эберечи Эзе ва Нони Мадуэке муаллифлик қилди. Мезбонларнинг ягона жавоб голи эса Вилл Эванс ҳисобига ёзилди.

Ним чорак финалнинг яна бир баҳсида Лондоннинг “Челси” клуби иккинчи дивизионда олтинчи ўринни эгаллаб турган “Врексҳэм” жамоаси меҳмони бўлди.

“Арисократлар” ҳам муҳим ўйинлар олдидан ушбу баҳсда бир қатор ротацияларни амалга оширди. Жумладан, Марк Кукурелья ва Жоао Педро захирада қолдирилди. Ромео Лавиа эса баҳсни асосий таркибда бошлади.

Ўйин кутилмаган ҳолат билан бошланди. Яъни, дастлабки голни иккинчи дивизион вакили киритди. “Врексҳэм”нинг ушбу голига Сэм Смит муаллифлик қилди. 40-дақиқада мезбонлар футболчиси Артур Оконкво ўз дарвозасига тўп киритиб қўйди. Шу тариқа баҳснинг биринчи бўлими 1:1 ҳисобида якунланди.

Иккинчи бўлимнинг 78-дақиқасида Каллум Дойл “Врексҳэм”нинг иккинчи голини киритди. Орадан 4 дақиқа ўтиб Жош Ачеампoнг ҳисобни тенглаштирди. Шу тариқа баҳснинг асосий вақти 2:2 ҳисобида якунланди.

Шундан сўнг жамоалар экстра таймларда ўз омадини синаб кўрди. Бунда эса омад “аристократлар”га кулди. 96-дақиқада Алехандро Гарначо жамоасини ҳисобда олдинга олиб чиқди. Ҳакам томонидан иккинчи экстра таймга қўшиб берилган дақиқаларда Жоао Педро “Челси”нинг тўртинчи голини киритди.

Куннинг сўнгги ўйинида эса “Манчестер Сити” жамоаси сафарда “Ньюкасл” меҳмони бўлди. Барча грандлар каби “Манчестер Сити“ ҳам ушбу ўйинда қатор ўзгаришларни амалга оширди. Жумладан, Эрлинг Холанд, Антуан Семено, Жанлуижи Доннарумма, Рубен Диаш, Родри каби футболчилар захирада қолдирилди. Савиньо, Омар Мармуш, Жереми Доку ва Абдуқодир Ҳусанов эса ўйинни асосий таркибда бошлади.

Учрашув 1:3 ҳисобида “Манчестер Сити”нинг ғалабаси билан якунланди. Ўйинда ҳисоб 18-дақиқада мезбонлар футболчиси Харви Барнс томонидан очилди. 39-дақиқада Савиньо ҳисобни тенглаштирди. Биринчи бўлим 1:1 ҳисобида тугади.

Иккинчи бўлимда Омар Мармуш 2 та гол киритган ҳолда жамоасига ғалаба тақдим этди. Шу тариқа “шаҳарликлар” мусобақанинг ним чорак финал босқичига йўл олди.

Ўйиндан сўнг “Sofascore” таҳлилий портали футболчиларнинг ушбу ўйиндаги ҳаракатларини баҳолади. Унга кўра, энг юқори балл 2 та гол муаллифи Омар Мармушга берилди. Унинг ҳаракатлари 8 баллга баҳоланди. Аҳамиятлиси, ушбу рўйхатда иккинчи ўрин Абдуқодир Ҳусановга насиб этди. Унинг ҳаракатлари портал томонидан 7,8 баллга баҳоланди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер