Тирикчилик учун зарур энг кам миқдор — истеъмол саватчаси ҳақида
Яқин-яқингача истеъмол саватчаси ибораси кўпчилигимиз учун иқтисодий дарсликлардаги мавҳум бир тушунча бўлиб туюларди. Бироқ бозор иқтисодиёти тамойиллари ҳаётимизга чуқур кириб келиши билан, ушбу атама ҳам кенг қўлланила бошланди.
Истеъмол саватчаси — бу инсоннинг бир ой ёки йил давомида нормал яшаши, саломатлигини сақлаши ва меҳнат қобилиятини таъминлаши учун зарур бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари, ноозиқ-овқат товарлари, жумладан, кийим-кечак, дори-дармон, коммунал тўловлар, транспорт каби хизматларининг энг кам тўплами ҳисобланади.

Кўплаб Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари, жумладан, Ўзбекистонда ҳам бу атама инсон саломатлигини сақлаш ва ҳаётий фаоллигини таъминлаш учун зарур бўлган минимал озиқ-овқат, ноозиқ-овқат товарлари ва хизматлар мажмуасини англатади. Аксарият тараққий этган давлатларда аҳолига бериладиган ижтимоий нафақалар, пенсия ва энг кам иш ҳақи миқдори айнан ушбу саватча қийматидан келиб чиқиб белгиланади. Шунингдек, у мамлакатдаги инфляция даражаси ва истеъмол нархлари индексини аниқлашда ҳам асосий ўлчов вазифасини ўтайди.
Аҳолининг турмуш тарзида истеъмол саватчаси шунчаки статистик кўрсаткич эмас, балки ижтимоий ҳимоя кафолати ҳамдир. У давлатга аҳолининг реал эҳтиёжларини кўриш имконини берса, фуқарога ўзининг ҳаёт даражасини баҳолаш учун аниқ мезон тақдим этади.

Истеъмол саватчаси ҳар бир давлатнинг миллий менталитети ва тараққиёт даражасига қараб турлича шаклланади. Масалан, Ғарбий Европада (Франция, Буюк Британия) саватча таркибига нафақат нон ёки сут, балки театр чипталари, фитнес марказларига обуналар, уй ҳайвонлари учун озуқа ва ҳатто сифатли вино каби эҳтиёжлар ҳам киритилган. Уларда саватча 300 тадан 700 тагача товар ва хизматларни ўз ичига олади. АҚШда эса урғу кўпроқ технология ва хизматларга қаратилади. Хусусан автомобиль суғуртаси, юқори тезликдаги интернет ва таълим харажатлари шулар жумласидандир. Ривожланаётган давлатларда саватча таркибининг 50-60 фоизи фақат озиқ-овқат маҳсулотларига йўналтирилмоқда.
Истеъмол саватчасининг асоси — бу минимал кунлик калория эмас, балки рационал овқатланиш бўлиши шарт. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиясига кўра, инсон кунига ўртача 2100-2500 килокалория энергия олиши лозим. Бироқ бу калориялар фақат нон ёки картошка ҳисобига тўлдирилса, организмда «яширин очлик» юзага келади. Яъни, инсон тўқ бўлсада, унинг ҳужайралари витаминлар ва микроэлементлар етишмаслигидан азият чекади. Тиббий нуқтаи назардан, истеъмол саватчасидан жой олиши керак бўлган маҳсулотларда оқсиллар, углеводларга бой бўлган товарларнинг ҳам бўлиши тавсия этилади. Ушбу маҳсулотлар инсон саломатлигида кўп учраши мумкин бўлган анемия, семизлик ва эндокрин касалликларининг олдини олишда муҳим роль ўйнайди.

Мутахассисларнинг фикрича, истеъмол саватчасидан жой оладиган маҳсулотлар рўйхатини тузаётганда фақатгина иқтисодчилар билан маслаҳатлашиш билан чекланмай, диетолог ҳамда шифокорларнинг ҳам тавсияларига амал қилиш самарали натижа беради.
Бугунги кунда мамлакатимизда истеъмол саватчаси реал ижтимоий ҳимоя воситасига айланмоқда. Ўзбекистонликлар учун минимал ҳаёт даражасини белгиловчи асосий компонентлар қуйидагиларни ўз ичига олади:
Озиқ-овқат маҳсулотлари:
- Нон ва дон маҳсулотлари: Ун, нон, макарон, гуруч, мош ва бошқа ёрмалар;
- Гўшт маҳсулотлари: Мол гўшти, қўй гўшти, парранда гўшти ва колбаса маҳсулотлари;
- Сут ва тухум: Сут, қатиқ, творог, пишлоқ ва товуқ тухуми;
- Сабзавот ва полиз маҳсулотлари: Картошка, пиёз, сабзи, помидор, бодринг, карам;
- Мевалар: Олма, нок, узум, банан, цитрус мевалар;
- Ёғ ва шакар: Пахта ва кунгабоқар ёғи, сариёғ, шакар, чой.
Ноозиқ-овқат товарлари:
- Кийим-кечак ва пойабзаллар;
- Дори-дармон ва шахсий гигиена воситалари;
- Маиший техника ва уй-жой жиҳозлари.
Хизматлар:
- Коммунал хизматлар: Электр энергияси, табиий газ, ичимлик суви ва иссиқлик таъминоти;
- Транспорт ва алоқа: Жамоат транспорти чипталари, бензин/метан, мобил алоқа ва интернет хизматлари;
- Бошқа хизматлар: Маиший хизматлар (сартарошхона), таълим ва соғлиқни сақлаш хизматлари.

Иқтисодчиларнинг таъкидлашича, ривожланаётган мамлакатлардаги истеъмол саватчасидан ўрин олаётган товарларнинг 50 фоиздан ортиғи ҳали ҳам озиқ-овқат маҳсулотларига йўналтирилмоқда. Бу эса аҳоли ўз даромадларининг асосий қисмини айнан озиқ-овқат маҳсулотлари учун сарф қилаётганидан далолат беради. Саватчадаги озиқ-овқат маҳсулотлари улуши камайиб, рақамли хизматлар, сифатли тиббий профилактика ва маданий эҳтиёжлар учун керак бўладиган хизматларнинг киритилиши мамлакатларни ривожланган давлатлар даражасига кўтарилаётганининг белгиларидан биридир.
Маълумот учун, жорий йилнинг февраль ойи ҳолатига кўра, Ўзбекистонда минимал истеъмол харажатлари бир киши учун ойига 669 000 сўм этиб белгиланган. Ушбу сумма камбағаллик чегараси сифатида олинади ва истеъмол саватчасидан ўрин олган маҳсулотларнинг энг кам миқдорини сотиб олиш учун зарур бўлган маблағ ҳисобланади.
Эъзозбек Ҳамидов тайёрлади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Ўтган баҳсда концентрация бироз жойида эмас эди. Шу сабабли “жиннича” хатоларга йўл қўйдик” — Фабио Каннаваро
- АҚШ мудофаа харажатлари туфайли НАТО бўйича иттифоқчиларини ҳимоя қилишдан воз кечиши мумкин
- Бен Кингсли иштирок этган Ислом цивилизацияси маркази ҳақидаги фильм New York Festivals 2026 финалига йўл олди
- Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистони Подшоҳлиги Валиаҳди Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд билан телефон орқали мулоқот қилди
- Тошкентда қиличбозликнинг сабля йўналиши бўйича Жаҳон кубоги босқичи старт олди
- «Дронлар дуэли» ёхуд Украинадан Эронгача бўлган синов полигонларида шаклланган янги дунё тартиби
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг