Эркаклар аёлларга нисбатан кўпроқ калория истеъмол қилиши керакми?
Иллюстратив фото
Одатда эркаклар аёлларга нисбатан кўпроқ калория истеъмол қилиши керакми? Британиялик диетолог Бетан Краузнинг фикрига кўра, умуман олганда шундай, аммо бу барчага бирдек татбиқ этиладиган қоида эмас.
Маълумки, инсон организми ҳаракат қилишдан тортиб ухлашгача бўлган барча жараёнлар учун энергия сарфлайди. 19 ёшдан 64 ёшгача бўлган катталар учун кунлик ўртача энергия эҳтиёжи аёлларда тахминан 2 000 калория, эркакларда эса 2 500 калория ҳисобланади. Болалар ва ўсмирларда бу кўрсаткичлар сезиларли фарқ қилади, 65–74 ёшда камайиб боради, 75 ёшдан кейин эса янада пасаяди. Бироқ ўртача рақамлар барча ҳолатларни тўлиқ акс эттирмайди.
Мутахассисларнинг фикрича, эркаклар кўпроқ калорияга муҳтож бўлишининг асосий сабабларидан бири — уларнинг тинч ҳолатдаги (базал) модда алмашинуви даражаси юқорироқ эканидир. Бу асосан тана тузилишидаги фарқлар билан изоҳланади: ўртача ҳисобда эркакларда мушак массаси кўпроқ, аёлларда эса ёғ қатлами улуши юқорироқ бўлади. Мушак тўқимаси ёғга нисбатан кўпроқ энергия сарфлайди.
Шунингдек, гормонал омиллар ҳам муҳим аҳамиятга эга. Эркакларда юқори миқдорда учрайдиган тестостерон гормони мушак ўсишини рағбатлантиради. Шу боис, бўйи, ёши ва вазни бир хил бўлган, ҳатто жисмоний машқлари ҳам тенг даражадаги эркак ва аёлнинг калория эҳтиёжи фарқ қилиши мумкин. Бироқ бу борада индивидуал тафовутлар ҳам катта ўрин тутади.
Масалан, мушакдор аёл ва ўртача тузилишга эга эркакни солиштирганда, айрим ҳолатларда аёлнинг тинч ҳолатдаги калория эҳтиёжи юқорироқ бўлиши мумкин. Агар у мунтазам равишда кўпроқ жисмоний машқ қилса, бу эҳтиёж янада ортади. Шу билан бирга, узоқ муддатли қатъий парҳез организмнинг асосий энергия сарфини камайтириши, яъни модда алмашинуви суръатини пасайтириши мумкин.
Шу боис мутахассислар шахсий калория меъёрини аниқлашда умумий кўрсаткичларга эмас, балки индивидуал хусусиятларга таяниш мақсадга мувофиқлигини таъкидлайди. Зарур ҳолларда ишончли тиббий манбалар тавсияларидан фойдаланиш лозим.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Ўтган баҳсда концентрация бироз жойида эмас эди. Шу сабабли “жиннича” хатоларга йўл қўйдик” — Фабио Каннаваро
- АҚШ мудофаа харажатлари туфайли НАТО бўйича иттифоқчиларини ҳимоя қилишдан воз кечиши мумкин
- Бен Кингсли иштирок этган Ислом цивилизацияси маркази ҳақидаги фильм New York Festivals 2026 финалига йўл олди
- Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистони Подшоҳлиги Валиаҳди Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд билан телефон орқали мулоқот қилди
- Тошкентда қиличбозликнинг сабля йўналиши бўйича Жаҳон кубоги босқичи старт олди
- «Дронлар дуэли» ёхуд Украинадан Эронгача бўлган синов полигонларида шаклланган янги дунё тартиби
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг