Нобель мукофотидан тортиб миянинг «турбо» режимигача: Рамазон рўзасининг инсон танасига фойдали жиҳатлари ҳақида

22:32 23 Февраль 2026 Жамият
834 0

Муқаддас Рамазон ойида миллионлаб мусулмонлар тонг саҳардан қуёш ботгунига қадар таом ва ичимлик истеъмол қилишдан тийиладилар. Бугунги кунга келиб, рўза тутишнинг нафақат руҳий балки жисмоний жиҳатдан ҳам фойдали томонлари илмий исботини топмоқда. Хусусан, Гарвард ҳамда Стэнфорд университети олимлари томонидан тақдим қилинган хулосаларга кўра, рўза тутиш инсон генетикасини ижобий томонга ўзгартириши исботланган.

Ушбу мақолада Рамазон рўзасининг инсон танасига ижобий таъсир кўрсатишининг илм-фанга асосланган асосий жараёнлари ҳақида сўз боради.

Рўзанинг энг катта мўъжизаси — бу Автофагия жараёнидир. Бу жараён организм ҳужайраларининг ўзини тозалаш ва янгилаш механизмидир. Япон олими Ёшинори Оҳсуми 2016 йилда очлик вақтида инсон танасида кечадиган мазкур жараённи кашф этгани учун Нобель мукофотини қўлга киритган.

Аниқланишича, 12-14 соатлик очликдан сўнг, тана ташқаридан энергия олмагач, ички «чиқиндиларни» — эски, касалланган ва яроқсиз ҳужайра элементларини энергия сифатида ишлатиб юборади. Бу жараён саратон ва Альцгеймер каби хавфли касалликларнинг олдини олишда энг кучли табиий қалқон ҳисобланади.

Кўпчилик кун давомида оч қолиш инсон организми учун салбий оқибатларга олиб келиши мумкинлигидан хавотир олади. Сўнгги тадқиқотларга кўра, рўза пайтида мияда мия нейротрофик омили (БДНФ) оқсили ишлаб чиқарилиши кескин ортади. Бу оқсил мия ҳужайралари учун муҳим озуқа ҳисобланади. У янги нейронларнинг ҳосил бўлишини рағбатлантиради. Натижада хотира кучаяди, диққатни жамлаш қобилияти яхшиланади ва мия «турбо» режимда ишлай бошлайди.

Рўза тутган инсон танасида юқоридаги каби яна қатор ижобий ўзгаришлар кузатилади. Жумладан, юрак ва қон томир тизими ҳақиқий дам олиш имкониятига эга бўлади. Изланишлар шуни кўрсатадики, мунтазам рўза тутадиган инсонларда «ёмон» холестерин (ЛДЛ) миқдори 25 фоизгача тушиши мумкин. Бу эса инсульт ва инфаркт хавфини минимал даражага туширади. Томирлар эластиклиги ошиб, юқори қон босими мўътадиллашади.

Шунингдек, Рамазон рўзаси энг яхши ва бепул косметик муолажадир. Гап шундаки, очлик пайтида танада ўсиш гормони (ҲГҲ) ишлаб чиқарилиши 5 бараваргача ошади. Бу гормон нафақат мушакларни сақлаб қолади, балки терини таранглаштиради, ажинлар тушишини секинлаштиради ва организмни ёшартиради. Шунингдек, жигар ўзидаги ёғ захираларини ёқиш орқали токсинлардан тозаланади ва ўзини-ўзи қайта тиклайди.

Қандли диабет профилактикаси. Рўза инсулин сезгирлигини оширади. Натижада қондаги қанд миқдори барқарорлашади ва бугунги кунда дунё бўйлаб кенг тарқалган касалликлардан бири — 2-тур қандли диабет хавфини сезиларли даражада камайтиради.

Эътибор берилиши керак бўлган яна бир муҳим жиҳат бор. Рамазон рўзаси инсон танаси учун ҳам руҳан, ҳам жисмонан фойдали бўлсада соғлик билан боғлиқ сурункали касаллиги бўлган инсонларга, хусусан, буйрак етишмовчилиги ёки оғир диабет, шунингдек, ҳомиладор аёллар ва эмизикли оналар рўза тутишдан олдин албатта шифокор билан маслаҳатлашишлари шарт бўлади.

Аввалроқ, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Рамазон рўзасини тутишда соғлик билан боғлиқ айрим масалаларга ҳам эътибор қаратишни тавсия қилгани тўғрисида хабар берган эдик. Ушбу ҳавола орқали мақола билан батафсил танишишингиз мумкин.

Эъзозбек Ҳамидов тайёрлади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер