Янги таҳрирдаги “Ўзбекистон – 2030” стратегиясига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди
Пойтахтдаги Давлат сиёсати ва бошқаруви академиясида “Тараққиёт стратегияси” маркази ҳамда Стратегик ривожланиш ва ислоҳотлар агентлиги ҳамкорлигида янги таҳрирда қабул қилинган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди. Анжуманда ҳужжатнинг янгиланиш жараёни, жамоатчилик муҳокамалари натижалари, киритилган ўзгаришлар ва кутилаётган самаралар атрофлича таъкидланди.
Президентимиз Мурожаатномаси асосида такомиллаштирилган лойиҳа regulation.gov.uz ҳамда uzbekistan2030.uz порталларида жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. Бир ой давомида — 2025 йил 30 декабрдан 2026 йил 28 январгача — 3 564 та фикр келиб тушди. Шундан 2 153 таси асосли таклиф сифатида қабул қилинди, 751 таси такрорий, 340 таси қўллаб-қувватлов, 320 таси танқидий мулоҳазалардан иборат бўлди. Бу рақамлар аҳолининг мамлакат тақдирига дахлдор ҳужжатга бефарқ эмаслигини кўрсатади.

Таклифлар мазмуни устувор йўналишлар кесимида таҳлил қилинди. Энг кўп фикр, яъни 1 427 таси инсон салоҳиятини рўёбга чиқариш, таълим шароитларини яхшилашга оид йўналишга тўғри келди. Қолган таклифлар иқтисодий ўсиш, давлат бошқаруви самарадорлиги, хавфсизлик, экологик барқарорлик масалаларига бағишланди. Таълимда ўқув ўринлари ва педагоглар маоши, экологияда яшил ҳудудлар, рақамлаштириш, энергетика ва транспорт соҳалари энг кўп тилга олинган мавзулар бўлди.
— “Ўзбекистон–2030” стратегиясини янгилаш зарурати, аввало, дунёдаги тезкор ўзгаришлар ва мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижаси билан боғлиқ, — дейди Олий таълим, фан ва инновациялар вазири ўринбосари Ўктам Саломов. — Аввалги стратегияда олий таълим, фан ва инновациялар соҳаси бўйича 24 та мақсад белгиланган эди. Уларнинг 8 таси бугуннинг ўзидаёқ бажарилди. Белгиланган вазифалар тўғри йўналишда эканини ва ислоҳотлар самара бераётганини кўрсатади. Яъни 2030 йилгача режалаштирилган айрим натижаларга 2026 йилга келиб эришдик. Албатта, бу билан тўхтаб қолиш мумкин эмас. Аксинча, янада катта масъулиятни зиммамизга олишимиз керак. Янгиланган стратегияда учта асосий устувор соҳа белгиланган бўлиб, уларнинг учинчиси — олий таълим, фан ва инновациялардир. Бу эса мазкур соҳанинг мамлакатимиз тараққиётидаги ўрни беқиёс эканини англатади. Энди мазкур йўналиш бўйича 7 та стратегик мақсад ва 27 та аниқ кўрсаткич белгилаб олинди. Уларнинг 12 таси қайта кўриб чиқилди. Бу ўзгаришлар замон талабидан келиб чиқмоқда. Масалан, сунъий интеллект каби йўналишлар бир неча йил аввал бу қадар долзарб эмас эди. Бугун эса у таълим ва илмий фаолиятнинг ажралмас қисмига айланмоқда. Эндиликда барча ислоҳотлар илмий ёндашув асосида амалга оширилиши талаб этилмоқда. Шу мақсадда давлат томонидан илм-фанга ажратиладиган маблағни ялпи ички маҳсулотга нисбатан 1 фоизга етказиш режалаштирилган.

Жамоатчилик фикрини ўрганиш тизимли йўлга қўйилди. Адлия вазирлиги ҳамда “Тараққиёт стратегияси” маркази таклифларни ҳар куни саралаб, тегишли идораларга етказди. Барча ташаббуслар Стратегик ривожланиш ва ислоҳотлар агентлигида кўриб чиқилди. Муҳим ва амалий аҳамиятга эга таклифлар аниқ кўрсаткичларга айлантирилди.
Кенг жамоатчилик билан мулоқотни чуқурлаштириш мақсадида очиқ учрашувлар ўтказилди. Ҳудудлар вакиллари видеоалоқа орқали қатнашиб, масъуллар билан бевосита мулоқот қилди. Соҳа мутахассислари томонидан билдирилган танқидий фикрлар ҳам инобатга олинди. Қўшимча кўрсаткичлар шакллантирилди, айрим нормалар қайта ишланди.

Халқаро тажриба ҳам эътибордан четда қолмади. БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда ўтказилган анжуманда UNDP, UNICEF, UNESCO, FAO, UNFPA, ЖССТ, ЕХҲТ, ШҲТ, Жаҳон банки каби тузилмалар вакиллари иштирок этди. Элчихоналар ҳамда хориждаги ватандошлар билан муҳокамалар ташкил қилинди. Бу ёндашув ҳужжат мазмунини янада бойитди.
Жамоатчилик таклифлари асосида қатор муҳим кўрсаткичлар киритилди. Жумладан, олий таълим битирувчиларининг доимий ишга жойлашиш даражасини 65 фоизга етказиш, 39 ёшгача бўлган тадқиқотчилар улушини 61 фоизга олиб чиқиш, тиббиёт муассасаларини тўлиқ рақамлаштириш, бошқарувда аёллар улушини ошириш, шаҳар ва туманларда яшил ҳудудлар майдонини 30 фоизга етказиш, 21 миллион гектар яйловда геоботаник тадқиқот ўтказиш, нотариал хизматларнинг маълум қисмини онлайн шаклга ўтказиш каби вазифалар шулар жумласидан.

Жорий йилнинг 16 февралида давлатимиз раҳбари томонидан 2026–2030 йилларга мўлжалланган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси тасдиқланди. Ҳужжатда 100 та мақсад ва 437 та самарадорлик кўрсаткичи белгиланди. Илгариги таҳрирда 444 та кўрсаткич мавжуд эди. Янги таҳрирда 240 та янги мезон киритилди, 95 таси қайта ишланди, 102 таси ўзгаришсиз сақланди. Барча индикаторлар йилма-йил бажариш режаси асосида ишлаб чиқилган, молиявий манбалари аниқ кўрсатилган.
Стратегия ижроси қатъий назоратга олинди. Барча вазирлик ва идоралар, маҳаллий ҳокимият органлари учун аниқ масъулият белгиланди. Биринчи раҳбарлар шахсан жавобгар ҳисобланади. Республика комиссияси ташкил этилди. Мониторинг жараёни рақамли платформа орқали юритилади, ҳар ярим йилда Президент ва парламентга ахборот тақдим этилади.
Ана шундай масъулиятли ва тизимли ёндашув, айниқса, ижтимоий соҳаларда яққол кўзга ташланмоқда. Матбуот анжуманида сўз олган Соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худаяров шу йўналишдаги устувор вазифаларга алоҳида тўхталди.

Вазир таъкидлаганидек, аҳоли саломатлиги, энг аввало, инсоннинг яшаш тарзи ва тиббий маданиятига боғлиқ. Шу боис Фармонда белгиланган мақсадларга эришиш фақат бир тизимнинг эмас, балки ҳар бир фуқаронинг вазифасидир. Шифокор ҳам, ота-она ҳам, ёшлар ҳам ўз саломатлигига бефарқ бўлмаслиги зарур. Соғлом турмуш тарзини шакллантиришда жамоатчилик ва оммавий ахборот воситаларининг ўрни катта.
— 2030 йилгача соғлиқни сақлаш тизимининг асосий йўналиши — касалликларни даволашдан кўра, уларнинг олдини олишга, яъни профилактикага устувор аҳамият беришдир, — дейди вазир. — Шу мақсадда аҳоли ўртасида профилактик кўриклар кенгайтирилади, касалликлар эрта босқичда аниқланади ва имкони борича ҳудуднинг ўзида даволанади. Бу орқали юқори бўғин тиббиёт муассасаларига ортиқча юкламани камайтириш кўзда тутилган.
Бирламчи тиббий хизматни аҳолига янада яқинлаштириш ҳам асосий вазифаларимиздан. Поликлиника хизматлари кенгайтирилади, қишлоқ врачлик пунктлари кучайтирилади. Оила шифокори билан аҳоли ўртасида шартнома асосида ишлаш тизими босқичма-босқич жорий этилмоқда. Бу тизимда нафақат шифокорнинг, балки фуқаронинг ҳам ўз саломатлиги бўйича аниқ мажбуриятлари белгиланади. Илк тажрибалар 26 та туманда синовдан ўтказилди ва яқин йилларда бутун республика бўйлаб жорий этиш режалаштирилган.
Мазкур ҳужжат мамлакатимизнинг ўрта муддатли тараққиёт йўлини белгилаб берувчи том маънодаги дастурга айланди. Энг муҳими, унинг мазмунида одамларнинг кундалик ҳаётига дахлдор масалалар акс этган. Шу жиҳатдан “Ўзбекистон – 2030” ҳақиқий халқчил стратегия сифатида намоён бўлмоқда.
Улуғбек РЎЗИМАТОВ,
(“Халқ сўзи”).
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Ўтган баҳсда концентрация бироз жойида эмас эди. Шу сабабли “жиннича” хатоларга йўл қўйдик” — Фабио Каннаваро
- АҚШ мудофаа харажатлари туфайли НАТО бўйича иттифоқчиларини ҳимоя қилишдан воз кечиши мумкин
- Бен Кингсли иштирок этган Ислом цивилизацияси маркази ҳақидаги фильм New York Festivals 2026 финалига йўл олди
- Фарғонада Наврўз: тинч-осойишта ҳаёт завқи, дориламон кунлар шукронаси...
- Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистони Подшоҳлиги Валиаҳди Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд билан телефон орқали мулоқот қилди
- Марказий Осиёнинг интеллектуал меросини улуғлашда янги босқич Тошкентда бошланмоқда — The Washington Post
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг