Тожикистонда ижтимоий тармоқлардаги лайклар учун жавобгарлик бекор қилинди

10:58 17 Февраль 2026 Дунё
344 0

Иллюстратив фото

Тожикистонда ўтган йил давомида ижтимоий тармоқларда экстремистик ва террористик мазмундаги материалларга лайк босган ёки уларни тарқатган 405 нафар шахс жиноий жавобгарликдан озод қилинди. Бу ҳақда 13 февраль куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Тожикистон бош прокурори Ҳабибулло Воҳидзода маълум қилди.

Унинг қайд этишича, мазкур қарор президент топшириғи ҳамда Жиноят кодексига киритилган ўзгартишлар асосида қабул қилинган. Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон 2025 йил 14 май куни «Жиноят кодексига қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунни имзолаганди. Қонунга кўра, ижтимоий тармоқлардаги лайк, репост ва бошқа рақамли реакциялар учун жиноий жавобгарлик бекор қилинган.

Шунга мувофиқ, 2025 йилда 405 нафар шахсга экстремизм ва терроризмга оид моддалар бўйича киритилган қўшимчалар қўлланилиб, улар жавобгарликдан озод этилган. Бош прокурорнинг таъкидлашича, ушбу қарордан сўнг террористик ва экстремистик хусусиятга эга жиноятлар сони 2024 йилга нисбатан 314 тага, яъни 23,3 фоизга камайган.

Эслатиб ўтиш жоиз, 2018 йилда мамлакат Жиноят кодексининг 179-моддасига киритилган ўзгартишлар билан, интернетда терроризмни ёқлаш ёки қўллаб-қувватлашга оид материалларга лайк босиш, репост қилиш ва изоҳ қолдириш жиноят сифатида баҳоланиб, 5 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган эди.

2025 йил апрель ойида бош прокурорнинг биринчи ўринбосари Умед Каримзода шу модда асосда 1 минг 507 нафар фуқаро озодликдан маҳрум этилганини маълум қилган. Президент Эмомали Раҳмон 2024 йил октябрь ойида мазкур амалиётни танқид қилиб, уни бекор қилишни талаб қилган. Шундан сўнг парламент тегишли ўзгартишларни қабул қилди ва 2025 йил 14 май куни қонун расман кучга кирди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер