Олмалиқдаги мактабда ўқувчи қиз вафот этгани юзасидан ўрганиш бошланди — Болалар омбудсмани
Иллюстратив фото
Аввалроқ Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳридаги 5-сонли умумтаълим мактабида вояга етмаган қиз вафот этгани ҳақида хабар берилган эди. Болалар омбудсмани мазкур ҳолат назоратга олинган ҳолда ўрганилаётганини маълум қилди.
Билдирилишича, ҳолат бўйича прокуратура томонидан Тошкент вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармасига ҳамда вилоят Ички ишлар бош бошқармасига хизмат текшируви ўтказиш юзасидан тақдимнома киритилган.
Шунингдек, омбудсманнинг Тошкент вилояти бўйича минтақавий вакили жойга чиққан тарзда ушбу вазиятда боланинг ҳуқуқлари бузилишига йўл қўйилган ёки қўйилмагани юзасидан ўрганиш олиб бормоқда.
«Ўрганиш натижалари ва терговга қадар текширув якуни бўйича қўшимча маълумот берилади», дейилади хабарда.
Қайд этилишича, ҳозирда прокуратура органлари томонидан терговга қадар текширув олиб борилмоқда, унинг доирасида суд-тиббий экспертизаси тайинланган.
Ўзи нима бўлган эди?
Telegram'даги «Сукут сақлама» лойиҳаси Олмалиқ шаҳридаги мактаблардан бирида кўнгилни хира қилувчи воқеа содир бўлгани ҳақида хабар тарқатди.
Билдирилишича, лойиҳа таҳририятига мактаб ўқувчиларининг ота-онасидан мурожаат келиб тушган. Унда қайд этилишича, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ҳамда ота-оналар қўмитаси вакили томонидан мактаб ҳудудида турли миш-мишлар тарқагани ва кейинчалик шу каби ҳолатларни олдини олиш мавзусида танқидий руҳда йиғилиш ўтказилган.
Бир гуруҳ қизларга қўпол оҳангда, баланд овозда «маъруза» ўқилганидан сўнг миш-миш тарқатишда «гумон қилинган» қизлар алоҳида суҳбат учун бошқа хонага чақирилган. Таъкидланишича, хонада асосан эркаклар бўлган. Суҳбатдан чиққан 10-синф қиз йўлакда ҳушини йўқотган. Тахминларга кўра, кучли стресс оқибатида қизнинг тромби узилиб кетган, уни қутқариб қолишнинг имкони бўлмаган.
Вилоят ММТБ воқеа жорий йилнинг 28 январь куни Олмалиқ шаҳридаги 5-сонли мактабда юз бергани, 10-синф ўқувчиси (2009 йилда туғилган) К.Й. мактаб йўлагида ҳушини йўқотиб, дастлабки тиббий ёрдамларга қарамай вафот этганини билдирди.
Бошқарма айни пайтда ҳуқуқ тартибот органлари томонидан ҳодиса юзасидан суриштирув ишлари олиб борилаётгани, якуний хулосалар расмий текширувлар ниҳоясига етгач эълон қилинишини маълум қилди.
Тошкент вилояти ИИББ ахборот хизмати раҳбари Бобур Тўлаганов ижтимоий тармоқларда қиз мактабда ўтказилган «тарбиявий суҳбат»дан сўнг вафот этганини рад этиб, воқеа ҳали йиғилиш бошланмай туриб юз берганини таъкидлади.
У эълон қилган ахборотга кўра, 9-, 10- ва 11-синф ўқувчи қизлари бир-бирлари ҳақидаги турли хил миш-мишлар тарқатилиши натижасида ўзаро келиша олмай юрган. Ушбу ҳолат юзасидан мактаб маъмурияти, Хотин-қизлар қўмитаси вакиллари ва ички ишлар органларининг айнан ушбу мактабга бириктирилган инспектор-психологлари иштирокида ўқувчи қизлар учун тарбиявий соат йиғилиши ўтказилиши режалаштирилган.
Мактабнинг 10-синф ўқувчиси бўлган марҳума бошқа ўқувчилар қатори айнан ушбу йиғилишга келаётган вақтида биринчи қават йўлагида ўзини ёмон ҳис қилган ва ерга йиқилиб, вафот этган.
Тўлаганов, шунингдек, ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан ваколатли органлар томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилаётганини айтиб, ОАВ вакиллари ҳамда ижтимоий тармоқ фаолларидан расман тасдиқланмаган гап-сўзларни тарқатмасликни сўраган.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Ўтган баҳсда концентрация бироз жойида эмас эди. Шу сабабли “жиннича” хатоларга йўл қўйдик” — Фабио Каннаваро
- АҚШ мудофаа харажатлари туфайли НАТО бўйича иттифоқчиларини ҳимоя қилишдан воз кечиши мумкин
- Бен Кингсли иштирок этган Ислом цивилизацияси маркази ҳақидаги фильм New York Festivals 2026 финалига йўл олди
- Фарғонада Наврўз: тинч-осойишта ҳаёт завқи, дориламон кунлар шукронаси...
- Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистони Подшоҳлиги Валиаҳди Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд билан телефон орқали мулоқот қилди
- Марказий Осиёнинг интеллектуал меросини улуғлашда янги босқич Тошкентда бошланмоқда — The Washington Post
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг