АҚШ-Эрон ўртасидаги эҳтимолий уруш: дунёнинг энергетик «жон томири» ҳисобланган Ҳўрмуз бўғозининг ёпилиши қандай оқибатларга олиб келади?

16:02 11 Февраль 2026 Иқтисодиёт
761 0

Бугунги кунда АҚШ ҳамда Эрон ўртасидаги зиддият дунё оммавий ахборот воситалари эътибор марказида бўлиб турибди. Иқтисодий таҳлилчилар юз бериши мумкин бўлган мазкур эҳтимолий тўқнашув нафақат глобал сиёсий жараёнларни, балки жаҳон иқтисодиётига ҳам мисли кўрилмаган зарар беришини таъкидлашмоқда.

Географик жиҳатдан дунёнинг энергетик «жон томири» ҳисобланган Ҳўрмуз бўғози айнан Эроннинг ҳам ҳарбий, ҳам сиёсий таъсирида туради. Мазкур бўғоз орқали ҳар куни жаҳон бозорига чиқариладиган умумий нефтнинг қарийб 20-30 фоизи олиб ўтилади. Агар ҳарбий ҳаракатлар натижасида бўғоз миналаштирилса ёки Эрон томонидан блокада қилинса, бу нефть бозорида мисли кўрилмаган «шок» эффектини келтириб чиқаради. Экспертлар бундай сценарийда жаҳон бозоридаги нефть нархи бир кечанинг ўзида баррелига 120-150 долларгача кўтарилишини прогноз қилмоқда. Бу шунчаки рақамлар эмас, балки Саудия Арабистони, Ироқ ва Қувайт каби гигант экспортёрларнинг ташқи бозор билан алоқалари узилиб қолиши демакдир.

Вазият фақат нефть билан чекланиб қолмайди, балки суюлтирилган табиий газ бозорини ҳам фалаж ҳолатига келтиради. Бугунги кунда жаҳон газ экспортининг деярли тўртдан бир қисмини таъминлайдиган Қатар ўз юкларини айнан Ҳўрмуз бўғози орқали етказиб беради. Россия газидан воз кечган Европа ва жадал ривожланаётган Осиё иқтисодиёти учун Қатарнинг газ оқими тўхташи энергетик инқирозни келтириб чиқариши мумкин. Газ танқислиги фонида ишлаб чиқариш тўхташи, электр энергияси нархининг кескин ошиши ва саноат корхоналарининг ёпилиши занжирсимон реакция бериб, глобал иқтисодий пасайишни бошлаб бериши мумкин.

Глобал логистика ва таъминот занжирининг узилиши

Энергетика инқирози логистика харажатларининг каррасига ўсишига сабаб бўлади. Кемалар учун суғурта ставкаларининг бир неча баробар ошиши ва хавфсиз йўлларни қидириш жараёнидаги кечикишлар деярли барча маҳсулотлар нархининг қимматлашишига олиб келиши мумкин.

Энергетика секторидаги бу силжишлар, ўз навбатида, глобал логистика ва таъминот занжирларининг мутлақо издан чиқишига сабаб бўлади. Чунки уруш нафақат нефть танкерлари, балки барча турдаги савдо кемалари учун Форс кўрфазини ёпиқ ҳудудга айлантиради. Бундай шароитда денгиз транспорти иқтисодиётининг асосий таянчи бўлган суғурта тизими биринчилардан зарарланади. Халқаро суғурта компаниялари Форс кўрфазига кирувчи кемалар учун «уруш хавфи» ставкаларини бир неча баробар ошириб юборади. Кема эгалари ҳар бир рейс учун миллионлаб доллар қўшимча харажат тўлашга мажбур бўлади.

Агар Ҳўрмуз бўғози орқали ўтадиган сув йўллари тўлиқ ёпилса ёки хавфли деб эълон қилинса, Форс кўрфазидан чиқувчи юклар Африка қитъасини — Яхши Умид бурнини айланиб ўтишга мажбур бўлади. Бундай айланма йўл кема қатнови муддатини ўртача 10 кундан 14 кунгача узайтиради. Вақт йўқотилиши эса нафақат ёқилғи сарфини оширади, балки жаҳон бозорида контейнерлар танқислигини келтириб чиқаради. Оқибатда озиқ-овқатдан тортиб яримўтказгичларгача бўлган барча таъминот занжирлари узилади. Натижада ишлаб чиқариш суръати пасайиб, жаҳон бозорларида маҳсулот етишмовчилиги ортади.

Минтақавий иқтисодиётларнинг қулаши

Логистик ва энергетик инқирозлар фонида Яқин Шарқдаги бошқа давлатларнинг иқтисодий барқарорлиги ҳам жиддий хавф остида қолади. АҚШ ва Эрон ўртасидаги тўғридан-тўғри тўқнашув минтақавий урушга айланиб кетиши, айниқса, Саудия Арабистони, БАА ва Қувайт каби давлатларнинг иқтисодий таянчига зарба бериши тайин.

Бундан ташқари, АҚШ ҳамда Эрон ўртасида бошланиши мумкин бўлган эҳтимолий уруш минтақанинг узоқ йиллик иқтисодий стратегияларини, айниқса, хорижий инвестицияларга таянган лойиҳаларини барбод қилади. Жумладан, «Хавфсиз порт» мақомини олган Дубай, Абу-Даби ва Ар-Риёд каби шаҳарлардан халқаро капиталнинг шошилинч чиқиб кетиши кузатилиши мумкин. Шунингдек, минтақа иқтисодиётини диверсификация қилишда асосий драйвер бўлган туризм ва авиация соҳалари — масалан, «Emirates» ёки «Qatar Airways» каби гигант компанияларнинг фаолияти хавфсизлик нуқтаи назаридан чекланиши триллионлаб долларлик зарар келтиради.

АҚШ ва Ғарб иқтисодиёти учун оқибатлари

Минтақавий инқирознинг кўлами кенгайиши билан урушнинг иқтисодий оқибатлари океан ортига — АҚШ ва Ғарбий Европа бозорларига ҳам кўчади. Ҳарбий ҳаракатлар Қўшма Штатларнинг ўзи учун ҳам ниҳоятда қимматга тушиши муқаррар, чунки замонавий урушларни молиялаштириш федерал бюджет ва давлат дефицитига мисли кўрилмаган босим юклайди. Тарихий тажрибага таянадиган бўлсак, Ироқ ва Афғонистондаги операциялар АҚШ солиқ тўловчиларига 8 триллион доллардан кўпроққа тушган эди. Эрон билан юзага келиши мумкин бўлган кенг кўламли тўқнашувда эса биргина авиация ва ракета зарбалари учун ишлатиладиган замонавий техникаларга сарфланадиган ойлик харажатлар 10-15 миллиард долларни ташкил этиши прогноз қилинмоқда. Бу харажатлар АҚШнинг аллақачон 34 триллион доллардан ошиб кетган давлат қарзи юкини янада оғирлаштириб, молия бозорида долларга бўлган ишончни пасайтириши мумкин.

Ҳўрмуз бўғозининг ёпилиши ортидан келиб чиқадиган нархлар ортиши хавфи АҚШ ва Европа иқтисодиётига янги инфляция тўлқинини келтириб чиқаради. Нефтнинг баррелига 150 долларгача қимматлашиши бензин ва электр энергияси нархини камида 30-50 фоизга ошишига сабаб бўлади. Бу эса Марказий банкларни, хусусан, Федерал резерв тизими ва Европа Марказий банкини истеъмол нархлари ўсишини жиловлаш учун фоиз ставкаларини кескин кўтаришга мажбур қилади. Юқори фоиз ставкалари эса кредитларнинг қимматлашишига, кўчмас мулк бозорининг «музлашига» ва бизнес фаоллигининг пасайишига олиб келади. Натижада, Ғарб давлатлари иқтисодий ўсишнинг тўхташи ва бир вақтнинг ўзида нархларнинг сурункали ошиши каби хавфли оқибатларга юз тутади.

Хитой ва Россияга таъсири

АҚШ ҳамда Эрон ўртасидаги эҳтимолий уруш Хитой ва Россиянинг манфаатларига бутунлай бошқача таъсир кўрсатиши мумкин. Хитой учун бу сценарий энергетик фожиа билан баробардир, чунки Пекин Эрон нефтининг энг йирик харидори ҳисобланади. Маълумотларга кўра, Эрондаги нефть экспортининг қарийб 90 фоизи Хитойга йўналтирилади. Нефть етказиб беришнинг тўхташи ва нархларнинг кескин ошиши Хитой иқтисодий ўсишини секинлаштириши мумкин. Бу эса глобал ишлаб чиқариш занжирининг «двигатели» тўхтаб қолиши билан баробар. Пекиннинг энергетика хавфсизлигига берилган бундай зарба уни нафақат иқтисодий, балки дипломатик жиҳатдан ҳам АҚШга қарши кескин позиция эгаллашга ва муқобил тўлов тизимларини тезлаштиришга мажбур қилади.

Россия учун эса вазият икки ёқлама характерга эга. Бир томондан, жаҳон бозорида нефть ва газ нархининг кескин кўтарилиши Россия давлат бюджетига қўшимча миллиардлаб доллар даромад келтирувчи қисқа муддатли «совға» бўлади. Бироқ, глобал иқтисодиётнинг беқарорлашиши ва асосий савдо ҳамкорларининг, жумладан Хитойнинг сотиб олиш қобилияти пасайиши узоқ муддатда Россия иқтисодиёти учун ҳам салбий оқибатларни келтириб чиқаради. Шунингдек, АҚШ диққатининг Яқин Шарққа қаратилиши Россияга геосиёсий майдонда манёвр қилиш имконини берсада, глобал логистика ва молиявий тизимдаги тартибсизликлар барча хомашё экспортёрлари каби Россиянинг ҳам стратегик режаларини бузиб юборади.

Гуманитар ва демографик инқирознинг иқтисодий юки

Урушнинг соф молиявий ва геосиёсий оқибатлари ортида гуманитар ва демографик инқироз яширинган. Эрон аҳолиси 85 миллиондан ортиқ эканини ҳисобга олсак, кенг кўламли ҳарбий тўқнашув нафақат минтақа, балки бутун Евросиё қитъаси учун мисли кўрилмаган миграцион босимни келтириб чиқаради. Миллионлаб эронлик қочқинларнинг Туркия, Ироқ ва Ўрта Осиё давлатлари орқали Европага йўл олиши бу мамлакатлар иқтисодиёти учун кутилмаган ижтимоий харажатларни юклайди. Қочқинларни жойлаштириш, озиқ-овқат ва тиббий ёрдам билан таъминлаш учун кетадиган маблағлар қўшни давлатлар бюджетида улкан дефицитларни юзага келтириб, ички ижтимоий барқарорликка ҳам рахна солиши мумкин.

Хулоса қилиб айтганда, АҚШ ва Эрон ўртасидаги эҳтимолий уруш — бу шунчаки икки давлатнинг қуролли тўқнашуви эмас, балки глобал иқтисодий архитектуранинг пойдеворини силкитувчи «энергетик ва логистик цунами»дир. Ҳўрмуз бўғозидаги биргина портлаш жаҳон бозорида нархлар занжирини узиб, ҳар бир хонадон ҳамёнига таъсир қилувчи инқирозни бошлаб бериши мумкин.

Ҳамидов Эъзозбек тайёрлади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер