Сурхондарёда қор ёғиши оқибатида эски мактаб томи қулаб тушди

12:29 01 Февраль 2026 Жамият
549 0

Ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилояти Шеробод туманида жойлашган мактаблардан бирининг том қисми қулаб тушгани ҳақида хабарлар тарқалди. Вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси мазкур ҳодиса юзасидан маълумот берди.

Маълум қилинишича, воқеа жорий йилнинг 27 январь куни Шеробод туманининг олис ва тоғли ҳудудидаги «Узунсой» МФЙ «Хомкон» қишлоғида жойлашган 69-мактабнинг ҳашар йўли билан лой-пахсадан қурилган эски биносида юз берган. Ҳодиса об-ҳаво шароитининг кескин ёмонлашуви ва қалин қор ёғиши оқибатида рўй бергани айтилмоқда.

Мазкур ҳолат юзасидан туман ҳокимлиги ҳамда тегишли масъул ташкилотлар томонидан воқеа содир бўлган куннинг ўзидаёқ барча зарур куч ва воситалар сафарбар этилиб, ҳолатни бартараф этиш чоралари кўрилган.

Билдирилишича, 69-сонли умумтаълим мактабининг эски биноси 2003 йилда аҳоли томонидан ҳашар йўли билан лой-пахсадан қурилган.

2014 йилда мазкур мактаб учун Давлат дастури асосида 140 ўринли янги мактаб биноси қурилиб, фойдаланишга топширилган. Шунингдек, 2022 йилда Давлат дастури доирасида «Узунсой» МФЙ «Туйнук» қишлоғида 69-мактаб учун 40 ўринли мактаб филиали биноси ҳам қурилиб, фойдаланишга топширилган.

2025 йил 30 августдан бошлаб 2003 йилда ҳашар йўли билан лой-пахсадан қурилган эски мактаб биносида ўқув жараёнларини олиб бориш қатъиян ман этилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер