«Олтин куз» II Халқаро камер ва симфоник мусиқа фестивали бўлиб ўтади

14:07 01 Ноябрь 2025 Маданият
1222 0

Ўзбекистон давлат филармонияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳамда Мустақил давлатлар ҳамдўстлигига аъзо давлатларнинг Мамлакатлараро гуманитар ҳамкорлик Фонди ҳамкорлигида пойтахтимизда «Олтин куз» II Халқаро камер ва симфоник мусиқа фестивали ўтказилади.

Фестиваль илк бора 2023 йилда ташкил этилган. Бу йил иккинчи бора ўтказилаётган ушбу халқаро фестиваль жорий йилнинг 11 ноябригача Тошкент шаҳридаги «Туркистон» санъат саройи ва бошқа мусиқа саройларида бўлиб ўтади.

Унда Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Германия ва бошқа мамлакатлардан профессионал ижодкорлар, ижодий жамоалар ҳамда нуфузли меҳмонлар иштирок этиши кутилмоқда.

Қолаверса, фестивалда Ўзбекистон давлат филармониясининг Ўзбекистон миллий симфоник оркестри, «Туркистон» ва «Ўзбекистон солистлари» камер оркестрлари жамоалари ҳам қатнашиб, ўзларининг ёрқин концертлари билан мухлисларни хушнуд этишади.

Бундан ташқари фестиваль доирасида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги таълим муассасаларида халқаро миқёсдаги етук мутахассислар ва яккахон ижрочилар иштирокида маҳорат дарслари ҳам ташкил қилинади.

«Олтин куз» Халқаро камер ва симфоник мусиқа фестивалининг асосий мақсади – юртимизда классик мусиқани янада ривожлантиришга ҳисса қўшиш, халқаро тоифадаги етакчи оркестрлар ва ижрочилар ўртасида дўстона муносабатларни кучайтириш ҳамда ўзаро ижодий тажриба алмашинувини таъминлашдан иборат.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?