Тошкентда иссиқ сув таъминотининг янги таърифлари эълон қилинди

22:11 28 Октябр 2025 Жамият
356 0

Иллюстратив фото

Тошкент шаҳри ҳокимининг 2025 йил 27-октябрдаги қарорига асосан, «Veolia Energy Tashkent» компанияси томонидан кўрсатиладиган марказлашган иссиқлик таъминоти хизматлари учун янги тарифлар тасдиқланди.

«Veolia Energy Tashkent» матбуот хизматининг маълум қилишича, ушбу тарифлар Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилигига мувофиқ ҳисоблаб чиқилган.

Ҳужжатга кўра, 2025 йил 12 ноябрдан бошлаб қуйидаги тарифлар (ҚҚСсиз) белгиланди:

• Базавий тариф — 711 641 сўм/Гкал;

• Аҳоли учун — 139 860 сўм/Гкал;

• Бюджет ташкилотлари учун — 952 797 сўм/Гкал;

• Юридик шахслар учун — 342 296 сўм/Гкал.

Қайд этилишича, давлат томонидан жорий этилган субсидиялаш механизми туфайли пойтахт аҳолиси иссиқлик энергиясининг тўлиқ қийматини тўламайди, балки харажатларнинг тахминан 80 фоизи маҳаллий бюджет ҳисобидан қопланади.

Тарифлар Тошкент шаҳар ҳокимияти томонидан тизим мутахассиси томонидан тақдим этилган иқтисодий ҳисоб-китоблар ва техник маълумотлар асосида тасдиқланган.

Маблағлар фақатгина иссиқлик ва иссиқ сув билан таъминлаш, шунингдек, пойтахт иссиқлик таъминоти инфратузилмасини таъмирлаш ва янгилаш ишларига йўналтирилади.

2025–2026 йиллар иситиш мавсумларига тайёргарлик ва модернизация дастури доирасида компания қуйидаги ишларни амалга оширмоқда:

• 474,13 км эскирган тармоқларни жорий таъмирлаш;

• 73,5 км иссиқлик тармоқларини янгилаш;

• 21,34 км иссиқлик изоляциясини тиклаш;

• 23 та маҳаллий қозонхона ва 13 та насос станциясини модернизация қилиш;

• 669 та клапан ва 345 та компенсаторни алмаштириш.

Келтирилишича, ушбу ишлар иссиқлик таъминоти тизимининг ишончлилигини ошириш, иссиқлик йўқотишларини камайтириш ва иссиқ сув параметрларини барқарорлаштиришга қаратилган. Амалга оширилган ишлар натижасида иссиқлик йўқотишлари 44 фоиздан 33,4 фоизгача камайди, натижада иситиш тизими барқарорроқ ва самаралироқ бўлди.

«Veolia Energy Tashkent» компанияси босқичма-босқич ёпиқ иссиқлик таъминоти тизимига ўтиш лойиҳасини амалга оширмоқда, бу эса қуйидагиларга имкон беради:

• иссиқ сув рангининг ўзгариш ҳолатларининг олдини олиш;

• энергия самарадорлигини ошириш;

• пойтахтни барқарор ва ишончли иссиқлик билан таъминлаш.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?