ҲАМАС Ғазодаги сулҳ битими доирасида қуролларини топширишга рози бўладими?

15:33 10 Октябр 2025 Дунё
336 0

ҲАМАСни қуролсизлантириш бўйича музокаралар Исроилнинг Ғазога қарши урушини бутунлай тўхтатиш йўлидаги асосий тўсиқ бўлиши мумкин.

Исроил ва ҲАМАС Америка Қўшма Штатлари томонидан қўллаб-қувватланган сулҳ битимининг биринчи босқичига рози бўлган бўлса-да, икки томонда ҳам баҳсли келишмовчиликлар бор. Айниқса, Фаластин гуруҳининг қуроллари тақдири ҳақида гап кетганда муаммо янада чигаллашади.

Исроил узоқ вақтдан бери ҲАМАСдан қуролларини топширишни, Фаластин анклавини бошқаришдан воз кечишни, ташкилот сифатида гуруҳни тарқатиб юборишни талаб қилиб келади. Ўз навбатида, ҲАМАС ўз қуролларидан воз кечиш ҳақидаги чақириқларни очиқчасига рад этган, бироқ экспертларнинг таъкидлашича, гуруҳ ўз арсеналининг бир қисмини топширишга очиқлигини ҳам билдирган.

Таҳлилчиларнинг фикрича, ҲАМАС арсеналига оид музокаралар сулҳга путур етказиши ва Исроилни Ғазодаги қамалда қолган Фаластин аҳолисига қарши геноцид урушини қайта бошлашга ундаши мумкин.

Қуролли гуруҳ халқаро инсонпарварлик ҳуқуқига мувофиқ қурол олиб юриш ва босқинчи кучга қаршилик кўрсатиш ҳуқуқига эга. Бу уруш пайтида тинч аҳолини ҳимоя қилиш учун мўлжалланган асосий қоидалардан бири.

Шунга қарамай, Исроил ва унинг Ғарб иттифоқчилари тарихан Фаластин ҳудудлари устидан Исроилнинг ишғолини тугатишга қаратилган тинчлик жараёнини бошлашнинг биринчи шарти сифатида Фаластин фракцияларидан қуролли қаршиликдан воз кечишни талаб қилишган. Бу 1990 йилларда ўша пайтдаги Фаластин ва Исроил раҳбарлари томонидан имзоланган Осло тинчлик келишувига асос бўлган жиҳат эди.

Халқаро инқироз гуруҳи тадқиқотчиси, фаластинлик Азми Кешавийнинг сўзларига кўра, Исроил бу сафар ҳам худди шундай талабларни қўйишга уриниб кўриши мумкин. Бироқ ҲАМАС тўлиқ қуролсизланмайди. Кешавийнинг айтишича, гуруҳ қисқа ва узоқ масофали ракеталар каби баъзи қуролларини топшириши мумкин. Шундай бўлишига қарамай, ҲАМАС ўқотар ва енгил қуролларидан воз кечмайди. Исроилга қаршилик кўрсатиш учун ўнлаб йиллар давомида қурган мураккаб туннель тармоғи харитасини ҳам топширмайди.

ҲАМАС 2023 йилнинг 7 октябрда Исроил жанубига зарба берган ва Ғазодаги бир неча қуролли гуруҳларнинг энг каттаси эди. Ушбу гуруҳлардан баъзилари Фаластин Исломий Жиҳоди, Фаластинни озод қилиш учун халқ фронти ва Ал-Ақса шаҳидлари бригадаларини ўз ичига олади. Бу гуруҳлар узоқ вақтдан бери Исроилга қарши қуролли қаршилик кўрсатиб келган ва сўнгги икки йил ичида яҳудий давлатининг тинимсиз бомбардимонлари таъсирида қай даражада таназзулга учрагани номаълум.

Исроил геноциди давомида ўзининг уруш мақсади гўёки ҲАМАСни йўқ қилиш эканини даъво қилди. Аммо тадқиқотчи Кешавининг айтишича, ҲАМАС ҳеч қачон тўлиқ мағлуб бўлмайди.

Унга кўра, гуруҳ келгуси йилларда минглаб қашшоқ ва қасоскор йигитларни ўз сафига жалб қилади. Кўпчилик учун ҲАМАС шунчаки ташкилот эмас, балки қаршилик рамзи бўлган ғоядир.

Шунга қарамай, гуруҳ прагматик бўлиб қолмоқда ва сулҳни иложи борича узоқроқ муддатга узайтириш учун ён беришга тайёр.

Тадқиқотчининг айтишича, ўт очишни тўхтатишнинг барқарорлиги охир-оқибатда АҚШ президенти Дональд Трамп ва бошқа Ғарб етакчиларининг Исроилни жиловлаши ҳамда унинг юқори талабларига боғлиқ.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?