Исроил келишилган позицияларга Ғазодаги қўшинларини олиб чиқишни бошлади — “The Times of Israel”

13:23 10 Октябр 2025 Дунё
283 0

Фото: The Times of Israel

Исроил армияси барча гаровга олинганларни озод қилиш бўйича Фаластиннинг ҲАМАС радикал ҳаракати билан сулҳ доирасида келишилган жойлаштириш линияларига Ғазо секторидан қўшинларини олиб чиқишни бошлади. Бу ҳақда “The Times of Israel” нашри хабар берди.

Нашрнинг ёзишича, баъзи бўлинмалар анклавдан тўлиқ олиб чиқилади, бошқалари эса келишилган жойлаштириш линиялари бўйича позицияларда қолади. Баъзи ҳудудларда қўшинларни олиб чиқиш артиллерия ва ҳаво ҳимояси остида амалга оширилди.

Қўшинларни олиб чиқиш жорий йилнинг 10 октябрь куни кечки пайт, Исроил ҳукумати ҲАМАС билан келишувни маъқуллаганидан 24 соат ўтиб якунланади. Ушбу маневр тугагандан сўнг, Исроил Фаластин анклавининг 53 фоиз ҳудудини, асосан шаҳарлардан ташқарида назорат қилади. Бунга Исроилнинг Ғазо сектори билан чегарасидаги буфер зонаси ҳамда Миср ва Фаластин анклавлари ўртасидаги Филадельфия коридори киради. Бундан ташқари, Исроил қўшинлари Ғазо сектори шимолидаги Байт-Лахия ва Байт Ханун ҳудудларида ҳамда жанубдаги Рафаҳ ва Хон Юниснинг айрим қисмларида қолади.

Шу йилнинг 10 октябрга ўтар кечаси Исроил ҳукумати “барча гаровга олинганларни – тирик ва ўликларни озод қилиш бўйича келишув”ни маъқуллаганди. Бу яҳудий давлати Бош вазир Бенямин Нетаньяҳунинг идораси хабар берди. 9 октябрь куни АҚШ президенти Дональд Трамп Исроил ва ҲАМАС вакиллари Мисрдаги музокаралар натижасида тинчлик режасининг биринчи босқичи бўйича келишувга эришганини маълум қилди. Унинг таъкидлашича, бу босқич яқин келажакда барча гаровга олинганларни озод қилиш ва Исроил қўшинларини Ғазо ичидаги келишилган чизиққа олиб чиқишни назарда тутади.

Шу куни кечқурун Исроил ҳукумати матбуот котиби Шош Бедросян брифингда анклавдаги ўт очишни тўхтатиш вазирлар маҳкамаси ушбу келишувларни тасдиқлаганидан кейин 24 соат ичида кучга киришини маълум қилди. Ўша пайтда Исроил қўшинлари Ғазонинг марказий қисмидан олиб чиқилиб келишилган чизиққа жойлаштирилади. Унинг аниқлик киритишича, анклав ҳудудининг 53 фоизи Исроил ҳарбийлари назорати остида қолади. Кейин 72 соатлик ойна очилади. Бу вақт ичида барча исроиллик гаровга олинганлар уйларига қайтарилади. Бу 13 октябргача амалга ошиши кутилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?