Ўзбекистон элчиси Ироқ Президентига ишонч ёрлиқларини топширди

10:46 10 Октябр 2025 Сиёсат
195 0

Фото: «Дунё»

Ўзбекистоннинг Ироқда янги тайинланган Фавқулодда ва Мухтор элчиси Аюбхон Юнусов ушбу мамлакат Президенти Абдуллатиф Рашидга ишонч ёрлиқларини топширди. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги хабар берди.

Қайд этилишича, тантанали маросимдан сўнг ташкил этилган мулоқот аввалида Ироқ Президенти Ўзбекистон раҳбари билан халқаро тадбирлар доирасида бўлиб ўтган суҳбатларини илиқ таассуротлар билан ёдга олган.

Мулоқотда Адуллатиф Рашид Ўзбекистон элчисини табриклаб, унинг масъулиятли фаолиятида улкан муваффақиятлар тилади.

Эслатиб ўтамиз, Аюбхон Юнусов 2024 йил 6 февраль куни Ўзбекистоннинг Кувайтдаги элчиси сифатида Ал-Кувайт шаҳрига ташриф буюрган эди.

Кувайтга тайинланишидан олдин у ТИВнинг Консуллик-ҳуқуқий департаменти бошқарма бошлиғи лавозимида ишлаб келаётган эди. 50 ёшли дипломат Имом ал-Бухорий номидаги Тошкент ислом институти, «Ал-Азҳар» университети (Миср), Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Тошкент давлат юридик институтини тамомлаган. Халқаро ҳуқуқ, исломшунослик, араб филологияси сингари мутахассисликларга эга. Юридик фанлар номзоди.

2003 йилдан буён Ташқи ишлар вазирлиги тузилмасида турли лавозимларда, жумладан, марказий аппаратда, Саудия Арабистонидаги элчихонада, Жидда шаҳри ва Дубай Эмиратидаги (БАА) Бош консулликларда ишлаган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?