Саудия Арабистонида «Ўзбекистон маданияти кунлари» давом этмоқда

Саудия Арабистони Подшоҳлигида 2–11 октябрь кунлари «Ўзбекистон маданияти кунлари» бўлиб ўтмоқда. Тадбир икки мамлакат ўртасидаги маданий-гуманитар ҳамкорликни мустаҳкамлаш, Ўзбекистоннинг бой мероси ва миллий қадриятларини халқаро миқёсда кенг тарғиб этишга хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги маданий алоқалар 1995 йил 18 ноябрда имзоланган «Савдо, иқтисод, инвестициялар, техника, маданият, спорт ва ёшлар ишлари соҳаларида ҳамкорлик қилиш тўғрисида Битим»га таянади. Шу асосда маданият соҳасидаги ҳамкорлик йилдан йилга ривожланиб келмоқда. «Ўзбекистон маданияти кунлари» илк бор 2011 йил 25–31 март кунлари Саудия Арабистонида ўтказилган бўлиб, ўша пайтда «Ўзбекистон – Ватаним маним» номли амалий санъат ва фото кўргазмаси ҳамда миллий куй-қўшиқларимиздан иборат концерт дастурлари Ар-Риёд ва Жидда шаҳарларида намойиш этилган эди. Шундан сўнг саудиялик маданият вакиллари Ўзбекистонда ўтказиладиган «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивали, «Мақом» анжумани, «Лазги» халқаро рақс фестивали каби йирик тадбирларда мунтазам қатнашиб келмоқда.
Жорий йилдаги «Ўзбекистон маданияти кунлари» дастури кенг кўламли бўлиб, унда Ўзбекистон санъат усталарининг концертлари, миллий таомлар ва ҳунармандчилик буюмлари кўргазмалари, маданий павильонлар, ноёб қўлёзма нусхалари, китоблар ва адабиёт намуналари тақдим этилмоқда. Тадбир Саудия Арабистонининг Ар-Риёд шаҳридаги Riyadh International Book Fair мажмуаси ва Малика Нураҳ бинт Абдулраҳмон университети майдонида ташкил этилган.
3 октябрь куни Ўзбекистон илк маротаба йирик халқаро китоб фестивали — «Riyadh International Book Fair»да «Фахрий меҳмон мамлакат» сифатида қатнашди. Бу фестиваль ҳар йили Ар-Риёдда ўтказилиб, 2 мингдан ортиқ нашриёт иштирок этади. Одатда ушбу мақомга араб давлатлари таклиф қилинади, сўнгги 10 йил ичида илк бор Ўзбекистон ушбу нуфузли ярмаркага фахрий меҳмон сифатида таклиф қилинди. Маданият вазири Озодбек Назарбеков фестиваль доирасида сўзга чиқиб, Ўзбекистон учун бу мақомнинг юксак шараф эканини таъкидлади ва ярмаркани «маданиятлар учрашуви, билим ва илҳом манбаи» деб атади.
4 октябрь куни Ар-Риёд шаҳрида Ўзбекистон маданият вазири Озодбек Назарбеков ва Саудия Арабистони маданият вазири Бадир бин Абдулла бин Муҳаммад бин Фарҳан Ал Сауд учрашув ўтказди. Унда маданият ва санъат соҳасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди ҳамда икки мамлакат ўртасида янги ҳуқуқий асос яратадиган муҳим ҳужжат имзоланди. Шунингдек, таълим соҳасида ҳамкорлик қилиш ва Саудия Арабистонида сақланаётган Марказий Осиё тарихига оид нодир қўлёзмаларни ўзбек тилига таржима қилиш бўйича келишувларга эришилди.
«Ўзбекистон маданияти кунлари» икки мамлакат халқлари ўртасидаги дўстлик ва маданий алоқаларни янада ривожлантириш, ўзаро тушунишни чуқурлаштириш ҳамда Ўзбекистон санъати, адабиёти ва миллий меросини кенг халқаро аудиторияга таништиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Тадбир 11 октябргача Саудия Арабистонининг турли маданий масканларида давом этади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Жаҳон олимлари нигоҳи яна Ўзбекистонга қаратилди
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Ўзбекистонда доллар курси ўзгарди
- Ўзбекистонда долларнинг расмий курси ўзгарди
- Президент Исмоил Жўрабеков вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди
- Ўзбекистон ва Туркманистон: барқарор ривожланиш йўлидан бораётган давлатлар
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг