Ўзбекистонда буғдой нархини барқарорлаштириш бўйича янги халқаро лойиҳа ишга туширилди

16:37 12 Июнь 2025 Иқтисодиёт
248 0

Фото: "Халқ сўзи"

Буғдой Ўзбекистонда озиқ-овқат хавфсизлигини, қишлоқ аҳолисининг даромад манбаларини ва умумий иқтисодий барқарорликни таъминлашда муҳим роль ўйнайди. Бироқ мамлакат ташқи омиллар, геосиёсий хавфлар ва ички бозорни тартибга солишнинг чекланган имкониятлари туфайли нарх тебранишларига дуч келмоқда. Ушбу муаммоларни ҳал этиш мақсадида Ўзбекистонда Ҳукумати бир қатор тизимли тадбирлар амалга оширилмоқда.

Мазкур муаммоларни ҳал қилиш ва миллий озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш мақсадида “Ўзбекистонда буғдой нархини барқарорлаштириш учун Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси салоҳиятини ошириш” номли янги халқаро техник ҳамкорлик лойиҳаси расман ишга туширилди. Лойиҳа БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) ва Халқаро ислом савдо-молия корпорацияси (ITFC) билан ҳамкорликда амалга оширилади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда унинг ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси асосий ҳамкорлар сифатида иштирок этади.

ФАО ва ITFC билан ҳамкорликда амалга оширилаётган ушбу янги лойиҳа мазкур жамғарманинг салоҳиятини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Келгуси 24 ой давомида лойиҳа доирасида жамғарма фаолияти модернизация қилинади, замонавий рақамли ечимлар жорий қилинади ва сиёсат ҳамда таҳлил салоҳияти оширилади.

Лойиҳа давомида буғдой нархларини барқарорлаштириш ва қишлоқ хўжалигини қўллаб-қувватлаш борасида илғор тизимлар жорий қилинган Туркия, Канада ва АҚШ каби мамлакатлар тажрибаси ўрганилади.

Лойиҳа доирасида 150 нафар жамғарма ходими, юқори малакали мутахассислар ва техник экспертларнинг билим ва малакалари оширилади. Бунинг натижаси буғдой ишлаб чиқарувчилар, қайта ишловчилар ва унинг савдоси билан шуғулланувчилар ҳамда истеъмолчиларга таъсир кўрсатади.

“Бугун биз нафақат техник ёрдам лойиҳасини, балки умумий мақсад – фермерларимиз, бозорларимиз ва бутун халқимиз манфаатига хизмат қиладиган инновацион ечимларни яратиш йўлида биргаликда ҳаракат бошламоқдамиз. Нархлар ўзгарувчанлигини камайтириш, фермерлар даромадини ҳимоя қилиш ва аҳолига барқарор ҳамда арзон буғдой маҳсулотларини етказиб бериш миллий даражадаги долзарб вазифалардир” – дейди ФАОнинг Ўзбекистондаги вакили ўринбосари Шерзод Умаров.

Лойиҳанинг асосий мақсади жамғарманинг буғдой нархини барқарорлаштириш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги институционал салоҳиятини рақамли ечимларни жорий қилиш ҳамда халқаро билимлар алмашинуви орқали ривожлантириш ва мустаҳкамлашдан иборат.

Кутилаётган натижалар орасида жамғарма ва у билан ўзаро ҳамкорлик қилувчи ташкилотлар ходимларини бозорни барқарорлаштириш, рақамли воситалар масалалари бўйича ўқитишдан ташқари, буғдой нархидаги тебранувчанликни 20-25 фоизга камайтириш, рақамли платформани ишга тушириш, уни тўлиқ фаолият юритишига эришиш ҳамда савдо интеграциясини мустаҳкамлаш ва ички бозор барқарорлигини таъминлаш каби муҳим вазифалар бор.

Мазкур лойиҳа мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги соҳасини модернизациялаш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда муҳим қадам бўлиб, халқаро ҳамкорлик орқали инновацион ечимларни жорий қилиш бўйича намуна ҳисобланади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?