Фуқароларимизга нисбатан ҳурматсизлик, қўпол муомалалар ва рухсатсиз текширувлар юзасидан Ўзбекистон томони юборган нотага Россия ТИВ муносабат билдирди

15:15 11 Июнь 2025 Сиёсат
261 0

Кеча, 10 июнь куни Ташқи ишлар вазирлигида Россия томони билан ҳар ой миграция масалалари бўйича ўтказиладиган навбатдаги учрашув ташкил этилган.

Мазкур учрашув давомида Россия ҳудудида айрим ҳолатларда Ўзбекистон фуқароларига нисбатан рухсатсиз текширувлар, ҳурматсизлик ва қўпол муомалалар кузатилаётгани тўғрисидаги хабарлар ташвиш уйғотаётгани таъкидланган.

«Бундай ҳолатлар мамлакатларимиз ўртасидаги дўстона муносабатларга асло тўғри келмаслиги, уларни олдини олиш учун аниқ чора-тадбирлар зарурлигига эътибор қаратдик. Ўзбекистон Республикаси хорижда яшаётган ва вақтинча бўлиб турган фуқароларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишни ўзининг устувор вазифаси деб билади», — дейилади ТИВ хабарида.

Шунингдек, Ўзбекистон томони барча фуқароларга нисбатан халқаро ҳуқуқ ва инсон ҳуқуқларига риоя қилинишини таъминлашга, Россия Федерациясининг тегишли идораларини Ўзбекистон фуқароларига нисбатан ҳурмат билан муносабатда бўлиш, уларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситмасликка чақирган.

Москвадаги ҳолат юзасидан Россия Ташқи ишлар вазирлигига элчихонамиз томонидан нота юборилиб, Россия ТИВдан ушбу ҳолатга изоҳ бериш ҳамда инсон ҳуқуқлари яққол бузилганлиги акс этганлиги, бу эса қабул қилиб бўлмас ҳолатлиги таъкидланиб, куч ишлатар ташкилот вакилларининг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш сўралган.

Бугун, 11 июнь куни элчихонамиз томонидан юборилган мазкур нотага Россия ташқи ишлар вазирлиги муносабат билдирди.

«Россия Федерацияси Ўзбекистон нотасидаги маълумотларни диққат билан кўриб чиқмоқда, мурожаат ваколатли органларга етказилмоқда. Россия Федерацияси Ўзбекистонга олинган холис маълумотни белгиланган тартибда етказади», — дейди Россия ТИВ расмий вакили Мария Захарова.

Шунингдек, Захарова Россия Федерацияси ва Ўзбекистонни мустаҳкам иттифоқчилик ва кенг қамровли стратегик шериклик муносабатлари боғлаб туришини ҳам алоҳида таъкидлаган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?