Икки ҳудудда газ ва электрдан ноқонуний фойдаланган тадбиркорларга чора кўрилди

14:22 10 Июнь 2025 Жамият
82 0

Тошкент ва Хоразм вилоятларида газ ва электрдан ноқонуний фойдаланган тадбиркорлар жаримага тортилди. Бу ҳақда Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси матбуот хизмати хабар қилди.

Инспекциянинг Тошкент вилоят ҳудудий бошқармаси ва вилоят прокуратураси билан ҳамкорликда ўтказган назорат тадбирида «Б. Б. А.» ОКга қарашли омихта ем ишлаб чиқариш корхонасида ҳисоблагичдан ташқари газ қувурига яширинча монтаж қилиш орқали табиий газдан ноқонуний фойдаланиб келаётганлиги аниқланди.

Ҳисоб-китобларга кўра, давлат манфаатларига етказилган зарар миқдори 1 миллиард 894 миллион сўмни ташкил этган. Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.

Бошқа бир вазиятда эса инспекция Хоразм вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан ўтказилган назорат тадбирида Урганч туманида жойлашган «Urganch parranda invest» хусусий корхонаси томонидан реактив қувватни компенсация қилмасдан, электр энергиясидан самарасиз ва нооқилона фойдаланиб келаётганлиги маълум бўлган.

Реактив қувват компенсацияси бўйича ишларни ташкил этиш тартибини бузиш ёки унга риоя этмаслик – асбоб-ускуналар ёки норматив усуллар билан аниқланган исроф бўлган электр энергияси миқдори қийматининг 50 фоизи миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Ушбу қоидабузарлик натижасида Ўзбекистон Республикасининг 940-сонли Қонунининг 45-моддаси бўйича ҳисоб-китоб қилиниб, 41,7 миллион сўм миқдорида молиявий санкция қўлланилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?