“Можаро аниқ” — АҚШ сентябргача Эронни йўқ қилиш билан таҳдид қилди

12:18 04 Апрель 2025 Дунё
119 0

Иллюстратив фото

АҚШ президенти Дональд Трамп Теҳрон ва Вашингтон ядровий қурол масаласида муросага кела олмаса, Эронни кенг кўламли бомбардимон қилиш билан таҳдид қилди.

Оқ уй раҳбарининг кескин баёнотлари Эрон Ислом Республикаси маъмуриятининг АҚШ сўровига жавоби билан бир вақтга тўғри келди. Унда Ислом Республикаси расмийлари ядровий қурол бўйича музокаралар ўтказишга рози бўлган, бироқ ракета дастурини муҳокама қилишни истисно қилган.

Мутахассисларнинг фикрича, Эрон билан ҳарбий тўқнашув хавфи ниҳоятда юқори. Ҳозирги кескинлашув ислом республикасининг ядровий салоҳиятининг ўсиши ва унинг атом бомбасини яратиш қобилияти билан боғлиқ. Вазиятнинг кескин ёмонлашиши Трампнинг Оқ уйга қайтиши билан олдиндан белгилаб қўйилганга ўхшайди.

Хўш, АҚШ президенти ҳарбий операцияни қачон бошлаши мумкин? Ўз навбатида, Яқин Шарқдаги янги можарони қандай тўхтатиш мумкин? Қуйида шулар хусусида.

Трамп нега Эронга таҳдид қилмоқда?

2025 йил февраль ойида АҚШ раҳбари Эронга максимал босим сиёсатини тиклашни назарда тутувчи фармонни имзолади, унинг мақсади ядровий масала бўйича Теҳрон билан келишувга эришиш экани айтилади.

Шунингдек, ўтган ҳафта АҚШ Эроннинг нефть экспортига қарши янги санкциялар киритди, бу эса мамлакатнинг Хитойга маҳсулот етказиб беришини қисқартириши мумкин.

Шу фонда Эрон валюта курси бир неча кун аввал бир доллар учун рекорд даражага — бир миллион риалдан пастга тушиб кетди.

Айни пайтда Эрон президенти Масъуд Пезешкиён якшанба куни Вашингтонга йўллаган жавоб мактубида ядровий дастури бўйича тўғридан-тўғри музокараларни рад этиб, учинчи давлатлар воситачилигида алоқаларни сақлаб қолишга ишора қилганини айтди.

Шу йилнинг 2 апрель куни “Daily Mail” ўз манбаларига таяниб, Трамп “ҳақиқий уруш” бошлашни режалаштираётгани, чунки АҚШ ва Исроил бир неча ҳафта ичида Эронга зарба беришга тайёрланаётгани ҳақида хабар берди.

“Трампнинг Эронни республика ҳеч қачон кўрмаган тарзда бомбардимон қилиш ҳақидаги даъволари, агар улар келишувга имзо чекмасалар, шунчаки ақлдан озган талаб эмас”, — дейилади “Daily Mail” нашри хабарида.

Шунингдек, Трамп маъмуриятининг кучли сценарийси Исроилни қўллаб-қувватлашга тайёр, унинг ҳукумати ҳозирги АҚШ раҳбариятига тўлиқ ишонади.

“Axios” портали ҳам худди шундай ҳис-туйғулар ҳақида ёзди. Унинг маълумотларига кўра, АҚШ президенти атрофидаги бир қатор одамлар Эрон ядро дастури муаммосини куч билан ҳал қилишни талаб қилмоқда.

Нашрнинг ёзишича, Оқ уйда келишувга эришиш мумкин деб ҳисоблайдиганлар ва музокараларни вақтни беҳуда сарфлаш деб ҳисоблайдиганлар ўртасида ҳали ҳам ички мунозаралар давом этмоқда.

Эрон АҚШга жавоб беришга ваъда берди?

Трампнинг бу гаплари Эроннинг кескин жавобига сабаб бўлди. 31 март куни Эрон Ислом Республикаси олий раҳбари Али Хоманаий Қўшма Штатлар Эронга ташқаридан ҳужум қила олмаслигини ва агар у мамлакат ичида исён кўтармоқчи бўлса, кескин жавобга дуч келишини айтди.

“Улар ёмон иш қиламиз, деб қўрқитади, лекин биз ўйлаймизки, улар ташқаридан ёмонлик қилишлари ҳам даргумон. Аммо шундай қилишса ҳам, бизнинг жавобимиз кескин бўлади”, — дейди Али Хоманаий.

“Tehran Times” газетасининг ёзишича, Эрон ҳарбийлари АҚШ президенти Дональд Трампнинг ҳарбий ҳаракатлар таҳдиди остида АҚШ билан боғлиқ позицияларга зарба бера оладиган ракеталарни тайёрлаб қўйган.

Нашр қайд этишича, учиришга тайёр бўлган ракеталарнинг катта қисми ҳаво ҳужумларига бардош бера оладиган ер ости иншоотларида жойлашган. Таъкидланишича, Эрон ҳар қандай тажовузга қатъий жавоб беришини таъкидлаб, ҳозирги шароитда АҚШ билан ядро дастури бўйича музокара қилишдан бош тортган.

Россиялик сиёсатшунос Анастасия Кислицинанинг таъкидлашича, Эрон расмийлари бундай сценарийга анчадан бери тайёргарлик кўрмоқда.

АҚШ қайси санага қадар Эронни “йўқ қилмоқчи?”

“Daily Express” нашрининг Оқ уйдаги манбаларига таяниб ёзишича, Эрон ядро дастури бўйича ён бермаса, жорий йилнинг сентябригача йўқ бўлиб кетиши мумкин.

“Агар Эрон ўзининг ядровий салоҳиятини тўлиқ текшириш ва бу объектларни демонтаж қилиш эвазига президент Трампнинг шартларига жавоб бермаса, Эрон сентябргача тугатилади. Ҳаммаси жуда оддий”, — дейди “Daily Express”нинг Оқ уйдаги манбаси.

Икки давлат расмийлари ўртасидаги оғзаки тортишувлар фонида АҚШ Эрон яқинида ўз ҳарбий кучларини қуришни бошлади.

“Axios” порталининг хабар беришича, Вашингтон Ҳинд океанидаги Диего Гарция асосий базасига бир нечта “Northrop B-2 Spirit” яширин бомбардимончи самолётларини юборган. Қайд этилишича, бу самолётлар Эрондаги бункерлар ва ер ости ядро иншоотларини йўқ қилишга қодир бомбаларни олиб юриши мумкин.

Бундан ташқари, шу йилнинг 1 апрель куни АҚШ Мудофаа вазирлиги “USS Garri Truman” ва “USS Carl Vinson” авиаташувчи кемаларини минтақада сақлаб қолиш режалари ҳақида маълум қилди.

“Агар Эрон ёки унинг ишончли вакиллари АҚШ расмийлари ва минтақадаги манфаатларига таҳдид солса, Қўшма Штатлар халқимизни ҳимоя қилиш учун қатъий чоралар кўради”, — дейди Пентагон матбуот котиби Шон Парнел.

Эрон ядровий иншоотлари бошқа кучлар назорати остида бўлаётган биринчи ҳолат эмас. Ўтган йилнинг 26 октабр куни Исроил мудофаа кучлари ядро қуролини яратиш учун ускуналар жойлашган “Талган 2” объектига зарба берганди. Бундан ташқари, Трамп маъмурияти жорий йилнинг февраль ойидан бошлаб Исроил кучларининг такрорий ҳужумини кутмоқда.

Қўшма Штатлар ва Исроилнинг муҳим салоҳиятига қарамай, Эрон ҳам босим ўтказиш имкониятига эга.

Сиёсатшунос Кислицпнанинг таъкидлашича, Эрон қуролли кучлари жаҳон нефть савдосининг муҳим ҳажми ўтадиган Ҳормуз бўғозини тўсиб қўйишга қодир. Форс кўрфазининг ҳарбийлаштирилиши эса Вашингтон учун нозик жавоб бўлиши мумкин.

“Axios”га кўра, келишмовчиликларни бартараф этиш учун Теҳрон Вашингтонга Ўмон давлати орқали билвосита музокаралар ўтказишни таклиф қилган. Трампнинг кескин баёнотларига қарамай, унинг маъмурияти бунга шартли равишда рози бўлди.

Бироқ, Кислицина таъкидлашича, АҚШ ва Эрон ўртасида муросага келишнинг реал имконияти амалда нолга тенг.

“Вазиятни ўзгартириш учун ҳар икки томон учун ҳам аҳамиятли бўлган Яқин Шарқ давлатларидан воситачи аралашиши керак ёки Эрон ёки АҚШдаги энг юқори даражадаги ҳокимиятда сезиларли ўзгаришлар юз берган тақдирда келишувларга эришиш мумкин”, — дейди сиёсатшунос.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер