Жосуслик ва терроризмда айбланган Германия фуқароси Беларусда ўлим жазосига ҳукм қилинди

14:19 26 Июль 2024 Дунё
233 0

Рико Кригер исмли Германия фуқароси Беларусда ўлим жазосига ҳукм қилинди. У Беларусь давлат телевидениеси орқали ўз қилмишидан пушаймонлигини ва уни афв этишларини сўраган. Бу ҳақда «Deutsche Welle» хабар бермоқда.

Кригернинг қилган жиноятларига айнан нима сабаб бўлгани ва улар қачон содир этилганлиги номаълум. Маълум бўлишича, у ҳарбий объектларни суратга олиш ва темир йўл линиясига портловчи мослама ўрнатишда айбланиб, терроризм ва жосуслик бўйича судланган.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Беларусни қатлни тўхтатишга чақириб, тегишли жараён ва адолатли судлов зарурлигини таъкидлади. Германия ташқи ишлар вазирлиги консуллик ёрдамини кўрсатмоқда ва Кригер номидан Беларусь ҳукумати билан алоқада бўлиб турибди.

Унинг иши халқаро миқёсда катта эътиборни тортди. Немис дипломатлари ва Беларусь расмийлари ўртасидаги муҳокамалар давом этмоқда. Баъзи экспертлар Кригердан сиёсий алмашинувда фойдаланиш мумкинлигини тахмин қилмоқдалар.

Хабарларга кўра, Қизил Хочнинг собиқ ходими бўлган Кригер Украина разведкаси билан боғланган ва Беларусда ҳужумларни режалаштиришда айбланган. Айбловлар жосуслик ва портлашда иштирок этишни ўз ичига олади. Аммо тафсилотлар номаълумлигича қолмоқда.

«Viasna» ва «Liberiko» каби инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Беларусда ўлим жазоси қўлланилишини қоралаб, ҳукуматни Кригернинг қатл этилишини тўхтатишга чақирди. Уларнинг таъкидлашича, мамлакатда суд жараёни ва ҳукм чиқариш тартиблари кўпинча халқаро инсон ҳуқуқлари стандартларига мос келмайди.

Ўз навбатида, Кригер Беларусь телевидение орқали президент Александр Лукашенкодан раҳм сўраб, мурожаат қилди. «Мен ҳар бир сониядан афсусланаман», деди у ўз мурожаатида.

Қайд этиш керакки, Беларусь 1991 йил, мустақил бўлганидан бери 400 га яқин қатлни амалга оширган ва Европада ҳамон ўлим жазосини қўллаётган ягона давлат бўлиб қолмоқда. Мамлакатда чет эл фуқароларини қатл қилиш камдан-кам учрайди. Бироқ президент Лукашенко ҳукумати сўнгги пайтларда мухолифатчиларга қарши тазйиқни кучайтириб боряпти.

Аввалроқ, Сурия президенти Башар Асад Россия раҳбари билан учрашгани ҳақида хабар берилганди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?