Энергетика соҳасида кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш маркази ташкил этилади. Марказнинг асосий вазифаси нимадан иборат?

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 16 июлдаги 426-сон қарори билан энергетика соҳасида кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича чора-тадбирлар тасдиқланди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълум бўлишича, электр энергетикаси ва нефт-газ соҳасида 80 минг киши меҳнат қилиб келмоқда, аммо соҳа ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг ягона тизими йўқ. Бу эса энергетика объектларидаги таъмирлаш ишлари сифатига салбий таъсир кўрсатиб, авариялар ва ҳалокатлар сонининг ўсишига сабаб бўлмоқда.
Шунга кўра, Энергетика вазирлиги ҳузуридаги «Ўзенергоинспексия», «Иссиқлик электр стансиялари», «Ўзбекгидроенерго», «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари», «Ўзбекнефтгаз», «Ўзтрансгаз» ва «Ҳудудгазтаъминот» ҳамда «Ўзкимёсаноат» АЖ таъсисчилигида ҳудудий филиалларга эга бўлган Энергетика соҳасида кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш маркази МЧЖ шаклида ташкил этилади.
Қайд этилишича, марказнинг асосий вазифалари сифатида замонавий талабларга мувофиқ кадрлар таълими сифатини таъминлаш, зарур касбий компетенсиялар даражасини шакллантириш, ўз касбий билим, кўникма ва малакаларини доимий такомиллаштириш механизмларини жорий этиш, илғор хорижий тажриба асосида ўқув дастурларини ишлаб чиқиш, ўқув жараёни сифати ва самарадорлигини таҳлил қилиш ва мониторинг қилишнинг рақамли ахборот тизимларини жорий этиш каби йўналишлар кўзда тутилмоқда.
Бундан ташқари, энергоаудит ва энергоменежмент бўйича махсус ўқув курсларини ташкил этиш, малака ошириш учун рақамли таълим ресурсларини яратиш ва масофавий таълим тизимини жорий этиш ҳам айнан мазкур марказнинг вазифаларидан саналади.
Ушбу малака ошириш жараёнлари 2025 йил 1 апрелдан бошланади ва унга кўра, раҳбарлар ва мутахассислар – беш йилда камида бир марта, муҳандис-техник, ишлаб чиқариш ва ишчи ходимлар – уч йилда камида бир марта малака оширишлари зарур бўлади.
«Марказда қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларини муваффақиятли ўтаган тингловчиларга тегишли сертификат берилади», дейилади хабарда.
Аввалроқ, давлат мулкини «нол» қийматда сотиш амалиёти бекор қилингани ҳақида хабар берилганди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Эҳтиёжманд оилаларга электр ва газ бўйича компенсация берилади
- Танзила Нарбаева Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеяси Президенти этиб сайланди
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Айрим оилаларга бир марталик моддий ёрдам берилади
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Самарқанд яна бир нуфузли форумга мезбонлик қилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг