Қозоғистон ОАВ Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятига бағишланган кўрсатувлар суратга олди

12:59 19 Mart 2024 Jamiyat
647 0

Foto: “Xalq soʻzi”

Темур Эшбоев/“Халқ сўзи”. Навоий вилояти ҳокимлиги ҳамда Қозоғистоннинг Республикамиздаги элчихонаси ташаббуси билан қўшни мамлакат етакчи оммавий ахборот воситалари вакиллари учун Навоий вилояти бўйлаб пресс-тур ташкил этилди.

Пресс-тур давомида Ўзбекистон, чунончи Навоий вилоятининг туризм салоҳияти ва бой маданий мероси ҳақида маълумот берувчи материаллар тайёрлаш ҳамда қисқа метражли кўрсатувларни суратга олиш ишлари амалга оширилди.

— Сўнгги йилларда Ўзбекистон — Қозоғистон ўртасидаги ҳамкорлик мутлақо янги босқичга кўтарилди, — дейди қозоғистонлик ҳамкасбимиз Раун Минбаев — Мен бунда нафақат иқтисодий балки маданий алоқаларни ҳам назарда тутмоқдаман. Шунингдек, туризм соҳасида ҳам улкан қадам ташланди. Бу икки халқнинг тақдири, тарихи, маънавий илдизлари бир эканлигини акс эттирибгина қолмай, қардошлик ришталарини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Қозоғистонлик журналистлар пресс-тур доирасида вилоятнинг Нурота туманидаги Чашма мажмуаси ва қозоқ халқининг кичик жуз аждодларидан бири бўлган аллома “Айтеке бий” қадамжосини зиёрат қилдилар.

Айтеке бий Байбек ули Нуротада 1644 йил таваллуд топган. Самарқанддаги Улуғбек ва Шердор мадрасаларида таҳсил олиб, йигирма беш (баъзи манбалар бўйича 30) ёшидаёқ бийлик мартабасига эришган. Араб, форс, чиғатой ва ўзбек тилларини мукаммал билган.

— Айтеке бий чўлликларнинг ҳуқуқий-меъёрий тўплами “Жетти жарға”ни ёзиб, унда Ер, оила ва никоҳ, ҳарбий бурч, судлов, хун ҳамда есирлик масалалари бўйича ўз даврининг кодексини яратган, — дейди ўлкашунос журналист Раҳим Қодиров. — Бинобарин хун масаласида чўлликларнинг “қонга-қон” яъни қотиллик учун қон билан хун тўлаш жазосига чек қўйилишида Айтеке бийнинг ҳиссаси улкан бўлган.

Алломанинг ўз инсонпарварлик қарашлари билан наинки Кичик жуз, балки улуғ ва ўрта жуз ҳамда қозоқ, қирғиз ва қорақалпоқ халқларининг ҳам ҳурмат ва эҳтиромини қозонган.

Мамлакатимизда 2014 йил Айтеке бий таваллудининг 370 йиллиги кенг миқёсда нишонланган эди. Унинг қабри тепасида мақбара бунёд этилиб, зиёратгоҳ масканга айлантирилди. Жорий йилнинг 15-18-май кунлари эса Айтеке бий таваллудининг 380 йиллиги нишонланади.

Пресс-тур давомида Нурота, Конимех туманлари ҳамда Навоий шаҳридаги маданий мерос объектлари ҳам тасвирга олинди.

Маълумот ўрнида таъкидлаш жоиз, илгарироқ Нурота туманининг ғаройиб тарихий-маданий ландшафти ҳақида видеоролик тайёрлаш мақсадида Американинг “Mystery box” компанияси ҳамда Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги туризм элчиси Софи Элизабет Ибботсон (Ibbotson Sophie Elizabeth) ҳамда “Irish Times”, “Sunday Times” “Wanderlust” каби нуфузли журналларнинг мухбирлари Навоий вилоятида ижодий сафарда бўлишиб, ҳудуд сайёҳлик жозибадорлигининг халқаро майдондаги тарғиботига ҳам муносиб ҳисса қўшишган эди.

Tavsiya etamiz

Izohlar

Hozircha hech kim fikr bildirmagan. Balki Siz birinchilardan bo'larsiz?