Жамиятда тотувлик, ижтимоий ҳамжиҳатлик ва бирдамлик муҳити мустаҳкамланади

11:36 20 Февраль 2025 Сиёсат
181 0

Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”

Сенатнинг тўртинчи ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасида фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Қонун кўриб чиқилди.

Мамлакатимиз ҳаётининг барча жабҳаларида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилиб, жамиятни янгилаш йўлида туб ўзгаришлар рўй бермоқда. Мазкур эзгу амаллар диний ва миллий қадриятларимизни янада юксалтириш борасида ҳам муҳим ўрин тутмоқда.

Тарихий обидалар, муборак қадамжолар ва зиёратгоҳларнинг ободонлаштирилиши, масжид ва мадрасалар фаолиятининг йўлга қуйилиши, ўзбек халқи ҳамда Ўзбекистонда яшовчи турли миллат вакилларининг миллий ва диний маросимлари, шунингдек, анъанавий байрамларининг ўтказилаётгани бунинг яққол далилдир.

Эътиборлиси, кейинги йилларда Ўзбекистон фуқаролари учун Ҳаж квотаси 3 баробарга оширилиб, Умра зиёратига квоталар тўлиқ бекор қилинди. Улуғ аждодларимизнинг диний-маърифий салоҳиятини дунёга танитиш мақсадида Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари ташкил этилиб, ўз фаолиятларини кўрсата бошлади.

Сенаторлар томонидан маъқулланган Қонун ва Концепция билан фуқароларнинг виждон эркинлиги ҳуқуқини таъминлаш ва Ўзбекистон Республикаси дунёвий давлат эканлигига оид конституциявий қоидаларни рўёбга чиқаришга ҳамда диний соҳадаги давлат сиёсатининг мақсади, вазифалари, принциплари, устувор йўналишлари ва уларни амалга ошириш механизмлари белгиланмоқда.

Шунингдек, ушбу ҳужжат билан белгиланаётган асосий вазифаларнинг бажарилиши устидан самарали парламент назоратини амалга ошириш мақсадида парламент комиссияси ташкил этилиши назарда тутилмоқда.

Концепциянинг қабул қилиниши диний бағрикенглик ва конфессиялараро тотувликни таъминлашга асосланган муносабатлар моделини ривожлантиришнинг ташкилий-ҳуқуқий асослари такомиллашишига, жамиятда тотувлик, ижтимоий ҳамжиҳатлик ва бирдамлик муҳити мустаҳкамланишига хизмат қилади.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?