Жаҳон бозоридаги машҳур бренд

15:34 15 Декабрь 2025 Жамият
237 0

Яқин йилларгача тор, диққинафас хонадонларда аёллар, болалар кийимлари ишлаб чиқариш билан шуғулланган Учкўприк туманидаги “Бобошбек” маҳалласи энди қулочни кенг отиш имконига эга. Бундан буён уч-тўрт сотихли ҳовлида катта оиланинг яшаши, ўттиз-қирқтагача доимий иш ўрни яратган ҳолда ишлашига ҳожат қолмайди. Айни пайтда маҳалладаги 1065 та оилада 6230 нафар аҳоли истиқомат қилади. Эътиборлиси, маҳалла аҳлининг 800 нафарга яқини тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтган ва самарали фаолият кўрсатмоқда. Мазкур маҳаллада тайёрланадиган кийим-кечакларни МДҲ давлатлари, Хитой, Жанубий Корея, ҳатто АҚШда ҳам билишади. Шу боис маҳалла чеварлари томонидан тикилиб, маҳаллий бренд остида экспорт қилинаётган маҳсулотлар жуда харидоргир.

– Биргина жорий йилда ҳудудда 50 та микролойиҳа амалга оширилди, – дейди Маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси Рўзали Мелиқўзиев. – Бунинг учун 1 млрд 200 млн сўм банк кредити жалб этилган бўлса, ўз бизнесини янада ривожлантириш мақсадида маҳалла тадбиркорлари 1 млрд 250 млн сўм инвестиция киритди.

Бугун “Бобошбек” енгил саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, савдо ва логистика мажмуасида 212 та трикотаж цехи, 336 та савдо дўкони, 560 та кичик савдо растаси ҳамда 2 та логистика маркази фаолият кўрсатмоқда. Бу аввал ўз хонадонида ишлаб келган аксарият тадбиркорларга янги мажмуадан жой олиб, фаолиятини янгича ёндашувлар асосида кенгайтириш имконини берди.

– Президентимиз вилоятимизга ташрифи чоғида тадбиркор-чеварлар билан юзма-юз учрашгани кўплаб ташаббусларни юзага чиқарди, — дейди тадбиркор Бумайрам Алихонова. — Натижада маҳалланинг бўш ҳудудида муҳташам, замонавий марказ қуриб битказилди. Бевосита ўзим хонадонимда ишлашни давом эттириб, янги мажмуадан ҳам жой олган ҳолда фаолият кўламини сезиларли даражада оширишга муваффақ бўлдим. Натижада ўнлаб янги иш ўринлари яратилди.

Маҳаллада ишлаб чиқарилаётган трикотаж ва енгил саноат маҳсулотлари маҳалланинг ўзида ташкил этилган улгуржи бозори орқали тўғридан-тўғри экспортга жўнатилади. Бу ерда йил давомида хориждан келган катта юк машиналари, харидорлар навбат кутади. Замонавий мажмуадаги “Ailembabay” бренди остида ўз маҳсулотларини экспорт қилаётган корхонада 30 нафардан зиёд маҳалла аёллари юқори даромадли доимий иш ўрни билан таъминланган. Шунингдек, касаначи сифатида 100 дан ортиқ хотин-қизлар фаолият кўрсатади.

– Дастлаб фаолиятимни 4 нафар маҳалладошим билан бошлаганман, – дейди корхона раҳбари Дилшоджон Эргашев. – Хориждан 10 га яқин тўқув дастгоҳи, 30 дан кўпроқ замонавий тикув машиналарини олиб келинди. Табиий матолардан тайёрланадиган кийим-кечакларни ўнлаб мамлакатларга экспорт қилиш салоҳиятимиз кенгайиб бормоқда.

– Оиладагидек муҳит яратилгани боис ишим ўзимга жуда ёқади, —дейди Басида Турсунова.— Шу тарзда оила бюджетига ўз улушимизни қўшаётганимдан хурсандман.

Мажмуадаги “Имрон салмон” МЧЖда “Dassikids” бренди остида болалар кийимлари ишлаб чиқарилмоқда. Корхонада маҳаллий ишчилар билан бирга, 3 нафар ҳиндистонлик, 15 нафар покистонлик мутахассислар ҳам фаолият кўрсатади.

— Корхонада жаҳон бозоридаги талаб ва эҳтиёж асосида янги андозалар яратиш, маҳсулотлар сифатини назорат қилиш вазифасини бажараман, — дейди покистонлик Муҳаммад Султон.— Маҳсулотларимиз болалар соғлиғига хавфсиз ва бозор талабларига мос. Шу сабабли тўғридан-тўғри ҳамкорлик қилиш истагидаги хорижлик харидорлар ортиб бормоқда. Ўз навбатида, мижозлар сафини кўпайтириш учун мунтазам равишда Осиё, Европа мамлакатларига маҳсулотларимиздан нусхалар жўнатамиз.

Учкўприк тумани вилоятнинг саноат салоҳияти жадал юксалиб бораётган ҳудудларидан саналади. Шу йил якунига қадар туманда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини 4 трлн 585,8 млрд сўмга етказиш мақсад қилинган. Йил якуни билан жон бошига ишлаб чиқарилаётган маҳсулот ҳажмини 20 млн сўмга етказиш, 100,6 млн долларлик саноат маҳсулотларини экспорт қилиш режалаштирилган.

Ботир МАДИЁРОВ

(«Халқ сўзи»).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?