Забон – улуғ неъмат
Инсоннинг либоси унга кўрк бағишлаши, бу унинг кийиниш маданиятидан хабардор эканлигидан белги беради. Ўз фикрини қанчалар аниқ, таъсирчан ва чиройли баён этиши, бу инсоннинг нафақат нутқ маданиятининг шаклланганлигидан, балки маънавий оламининг нақадар бой эканлигидан далолат беради. Гар инсон эгнига кўркам либослар кийса-ю, сўзида мазмун, фикрида маъно бўлмаса, либос унга қисқа муддатга, яъни унинг суҳбатидан баҳраманд бўлгунларига қадар обрў келтириши мумкин. Аммо, бу эҳтиромнинг умри узоқ бўлмайди. Бежиз Саъдий Шерозий кўркам либосли, бироқ маънавияти қашшоқ одамни, устига жимжимадор тўқим солинган эшакка тенглаштирмайдилар. Инсоннинг ички ва ташқи дунёси мавжуд. Ҳар иккисининг ҳам бирдек гўзал эканлигигина инсонга чинакам гўзалликни ҳадя этади. Акс ҳолда бу гўзаллик мукаммал бўлмайди.
Инсоннинг камолоти унинг ёши билан эмас, балки маънавий даражаси билан ўлчанади. Маънавиятли инсон бу кенг дунёқарашга эга, мулоҳазали, ўз-ўзини англаган шахсдир. Бу каби инсонларни жамиятнинг устуни дея таърифлайдиган бўлсак, уларнинг сони ортгани сайин давлат юксакликка томон бўй чўзаверади.
Тарихдан маълумки, тахтга келган ҳар бир ҳукмдор имкон қадар ўзига тегишли бўлган ҳудудни тобора кенгайтириш, ўз давлатини эса дунёга донғи кетгувчи империяга айлантиришни мақсад қилган. Шуниси ажабланарлики, барча халқни ҳам ёв билан бостириб келиб, эгалланмаган. Яъни, халқни кузатиш орқали унинг дини-эътиқоди, тили, миллий урф-одатлари, турмуш тарзи атрофлича ўрганилган. Агар ўша халқнинг эътиқоди мустаҳкам эмаслиги маълум бўлса, уларни ўз томонига оғдириш учун турли фириб йўлларидан фойдаланилган. Аста-секинлик билан миллатни тили, дини ва миллий ўзлигидан айириш чораларини кўрилган. Натижада, бу миллат ўз-ўзидан тобеликка томон юз бурган.
Аксинча, тили ва миллат қадрини улуғлаган халқ ўз эркини осонликча душман қўлига тутқазиб қўймаган. Эътиборли жиҳати шундаки, халқни ўз ортидан эргаштирувчи донишманд ва нотиқлик санъатига эга бўлган буюк шахслар аксарият ҳолларда қабила боши ёки халқ ҳукмдори этиб сайланган. Ҳаттоки, энг қадим даврларда ҳам маънавияти юксак, нутқ сўзлашни санъат даражасида амалга оширган инсонлар халқ олқиши ва ҳурматига сазовор бўлган.
Ҳозирда ёшларимизнинг ўз она тилига бўлган эътибори бироз сустлашгандек туюлмоқда. Ёшларнинг хориж тилларини ўзлаштиришга бўлган қизиқиши кишини қувонтиради. Ҳозирги вақтда ёшларнинг камида иккита хориж тилини пухта билиши эътирофга лойиқ. Бироқ, калтакнинг икки учи бор деганларидек, чет тилида ўз она тилидан ҳам зиёда сўзлай олувчи баъзи ёшларимиз орасида ўзбек тилида чиройли ва равон нутқ сўзлай олиш имконияти мавжуд бўлмаганлари ҳам кўпчиликни ташкил этиши ачинарли ҳолдир. Бунга турли сабабларни келтиришимиз мумкин. Масалан, ўзбек тилидаги адабиётларни мутолаа қилмаслик, керакли ахборотларни хориж тилларида қабул қилиш ва айниқса кундалик мулоқотда ҳам ўзбек тилида эмас, кўпроқ чет тилларида сўзлашишдир. Бу эса ўз-ўзидан оиладаги ва таълим муассасаларидаги муҳитнинг тўғри шакллантирилмаганлигидан белги беради. Яъни, таълим муассасаларида ёшларнинг тайёр материални ўқиб-ўрганиш қолипидан чиқариш, уларга эркин фикрлаш, мулоҳаза юритишга имкон бериш лозимлигини тақазо қилади. Ўқувчилар орасида чуқур билимга эга, аммо ўз фикр-мулоҳазаларини оғзаки нутқ орқали тўла етказиб бера олиш имконияти етарли бўлмаганлари ҳам оз эмаслиги ачинарли ҳолдир.
Республикамизда “Давлат тили ҳақида”ги “Таълим тўғрисида”ги қонунлар, Кадрлар тайёрлаш Миллий дастури ва бошқа кўпгина ҳужжатларда маънавий-маърифий тарбияга, тил масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Чунки, ёшларнинг билим савияси, маънавий даражаси, оғзаки ва ёзма нутқининг шаклланганлик ҳолати келажакда ҳар бир соҳанинг ривожи йўлида муҳим аҳамият касб этади.
Учинчи ренессанс даврига келиб, она тилимизга қаратилган эътибор янада кучайди десак асло муболаға бўлмайди. Жумладан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамасининг 2021 йил 1 июлдаги 30/1-2308-сонли топшириғи ҳамда 2021 йил 10 февралдаги “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига босқичма-босқич тўлиқ ўтишни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 61-сон қарори фикримизнинг яққол исботидир. Мазкур қарорга мувофиқ мамлакатимиздаги барча жой, кўча, атамалар ташкилотларнинг номлари, пешлавҳалар, оммавий тарғибот воситалари, реклама ва эълонлар, шунингдек, иш қоғозлари ва турли бланклар лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида бўлишини таъминлаш назарда тутилган.
Ўз она тилимизни билиш, қадрлаш ва санъат даражасида қўллай олиш ҳар биримизнинг бурчимиздир. Ўзбекистон фуқароси ҳисобланган ҳар бир шахс бу масъулиятли вазифани адо этиши шарт ва лозимдир. Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, ўз она тилимизни юксалтиришга бўлган эътибор бу миллатга, давлатга бўлган ҳурмат ва эътибордир.
Ойдин БОБОЖОНОВА,
Тошкент шаҳар Миробод туманидаги 125-мактабнинг
она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Комилжонов Мухаммадсолиҳ Собиржон ўғлининг “Сaломaтлик лaндшaфтлaрини тaшкил этиш тaмойиллaрини ишлaб чиқиш” мавзусидаги (архитектура фанлари бўйича) фалсафа доктори (PhD) диссертациясининг ҳимояси эълони
- Дўстлик ва ҳамкорликни кенгайтирган форум (+фоторепортаж)
- Наманган – янгиланиш ва гўзаллик шаҳри
- Ўзбекистон ёки Миср. Қайси терма жамоа кучли?
- Янгиланаётган Марказий Осиё: бирлик, дўстлик ва ҳамкорликнинг янги босқичи
- Телеканаллар, радио ва ижтимоий тармоқлардаги айрим рекламаларга ишониб қолманг — Рақобат қўмитаси огоҳлантириш билан чиқди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг