Юзсизликнинг юз хил йўли: эшитиб ёқа ушлайсиз!
Қонун барча учун баробар. У ҳақиқатнинг асоси, одамни яхши йўлга бошлайди. Жамиятда тартиб, адолат ҳамда тинчликни таъминлайди. Аммо кимдир қонунни бузса, албатта жавобгарликка тортилади. Чунки ноқонуний хатти-ҳаракат бор жойда тинчлик, эзгулик бўлмайди.
Яқинда Шаҳрихон туманида содир бўлган воқеа кўпчиликка сабоқ бўлмоқда. Бир қараганда, Саидбек Аҳмадов (исм-шарифи ўзгартирилди) ҳамма қатори оддий инсон, тирикчилик қилади, оиласи бор, кундалик ҳаёт билан банд. Аммо бир янглиш қадам уни нафақат эркинликдан, балки жамият олдидаги обрўсидан ҳам маҳрум этди. У жорий йилнинг 10 апрель куни шаърий никоҳ асосида бирга яшаб келган турмуш ўртоғи Сайёра Салимованинг бошқа бир фуқаро билан ишқий муносабатда бўлганини эшитиб, ғазаб отига минди. Турмуш ўртоғининг хатосини тинч йўл билан ҳам ҳал қилиш мумкин эди, аммо у ўта хатарли ва ноқонуний йўлни танлади.
У турмуш ўртоғидан беҳаё фото ва видеотасвирларни интернет орқали тарқатмаслик эвазига пул талаб қилди. Бу нафақат ахлоқсизлик, балки қонун нуқтаи назаридан ҳам жиноятдир. Инсоннинг шахсий ҳаётига аралашиш, унинг шаънига, қадр-қимматига тажовуз қилиш бу жамият ахлоқини бузувчи оғир иллат ҳисобланади. Саидбек Сайёрадан 5 минг АҚШ доллари талаб қилади. 11 апрель куни эса ушбу пулнинг бир қисмини 900 доллар ва 1 миллион 300 минг сўмни олаётган пайтда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан қўлга олинди.
Жиноят ишлари бўйича Шаҳрихон туман судида ушбу ҳолат атрофлича кўриб чиқилди. Саидбек Аҳмадов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 165-моддаси 1-қисми (“Товламачилик”) бўйича айбли деб топилди. Унга нисбатан 4 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Энди у иш жойига бориш ва уйига қайтиш вақтидагина ҳаракатланиши мумкин. Қолган вақтларда уйдан чиқиши ман этилган.
Бу ҳукм оддий жазо эмас, балки жамият юзига тутилган кўзгу, инсонлар учун огоҳлик қўнғироғидир. Чунки ҳар бир жиноят нафақат бир шахснинг, балки бутун оиланинг фожиасига айланади. Инсон ҳаётида ҳиссиёт ва ақл ўртасидаги кураш доим мавжуд. Бир дақиқалик ғазаб ёки ҳасад йиллар давомида қурилган обрўни бир лаҳзада вайрон қилиши мумкин. Саидбекнинг қилмиши ҳам шундай аҳмоқона ҳиссиётнинг маҳсули эди. Мамлакатимизда ҳар бир фуқарога ўз ҳуқуқ ва манфаатларини қонун доирасида ҳимоя қилиш имконияти берилган. Агар у ҳақиқатдан ҳам таҳқирланган бўлса, ички ишлар бўлимига ёки судга мурожаат қилиши мумкин эди. Аммо у бу йўлни танламади.
Бу ерда яна бир муҳим жиҳат бор: ахборот технологиялари асрида ҳар бир ҳаракатингизнинг изи қолади. Интернет орқали таҳдид қилиш, шаънини камситиш, шахсий маълумотларни тарқатиш жиноят деб баҳоланади. “TikTok” ёки бошқа ижтимоий тармоқ орқали кимнидир шарманда қилиш бу шунчаки қилмиш эмас, балки шахсга қарши жиноят ҳисобланади.
Зарифжон РАҲИМОВ,
жиноят ишлари бўйича Шаҳрихон
тумани суди судьяси.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Инвесторлар учун энг жозибадор ҳудуд ёхуд инвeстиция оқимидаги кескин тафовутнинг сабаб ва оқибатлари
- Алишер Навоий – илм ва маъно эҳтиёжи манбаи
- Бедилни халққа танитган хаттот
- Ўзбекистонда инсон аъзоларини 3D биопринтерда чоп этиш имконияти яратилмоқда
- Ўзликни англаш сари муҳим қадам: «Миллий қадриятлар атласи» китоб-альбоми тақдимот қилинди (+видео)
- Миллий нақшларда ўзлигимиз намоён
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг