Юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари белгиланди

Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан 2025 йил 19 мартда қабул қилинган 171-сонли қарорга мувофиқ, Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари белгиланди.
Мазкур қарорга асосан Институтнинг бир қатор асосий вазифалари аниқлаб берилди. Жумладан, адлия органлари ва муассасалари ходимлари, юридик хизмат, адвокатура, нотариат, суд экспертизаси, архив иши, иш юритиш, ижро интизоми, мурожаатлар билан ишлаш, медиация ва интеллектуал мулк соҳалари мутахассисларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ушбу вазифалар сирасига киради.
Институтнинг яна бир муҳим йўналиши халқаро миқёсда Ўзбекистон манфаатларини муносиб ифода эта оладиган юридик кадрларни халқаро стандартлар асосида профессионал ўқитиш ҳисобланади. Шунингдек, олий маълумотга эга бўлган шахсларни юридик мутахассислик бўйича қайта тайёрлаш ҳам Институт зиммасидаги вазифалардан биридир.
Бундан ташқари, ҳуқуқий фанлардан дарс берадиган, олий ноюридик маълумотга эга педагог кадрларни қайта тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини ошириш тизими ҳам йўлга қўйилади.
Қарорга мувофиқ, 2025 йил 1 апрелдан бошлаб адлия органлари ва муассасалари ходимларига навбатдаги мартаба даражалари Институтнинг махсус малака ошириш курсларини муваффақиятли тамомлагандан сўнг берилади.
Шу билан бирга, юридик хизмат, адвокатура ва нотариат соҳалари ходимлари учун билим ва кўникмаларни мунтазам равишда оширишни назарда тутувчи кредит-модуль механизмига асосланган узлуксиз касбий ривожлантириш тизими жорий этилади.
Шунингдек, 2025 йил 1 майдан бошлаб Институтда оилавий медиация ишлари бўйича фуқаролар йиғини раисларини профессионал медиаторликка бепул ўқитиш амалиёти бошланади. Бу эса маҳаллий даражада низоларни ҳал қилишда малакали кадрлар тайёрлашга хизмат қилади.
Қарорнинг қабул қилиниши билан юридик соҳада кадрлар салоҳиятини ошириш, соҳавий малакани мустаҳкамлаш ва ҳуқуқий хизмат сифатини янада юксалтиришга муҳим қадам қўйилди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Яна бир бозор аукционга қўйилди
- Самарқанд яна бир нуфузли форумга мезбонлик қилади
- Ўзбекистон паспорти халқаро индексда паст натижа қайд этди
- Марказий банк шошилинч огоҳлантириш билан чиқди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг