Юридик кадрлар тайёрлашда мутлақо янги ёндашув жорий этилди
Ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этиш жараёнида юридик таълим ва илм-фаннинг ўрни беқиёсдир. Ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш, малакали кадрларни тайёрлаш аввало таълим сифатига боғлиқ. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 26 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва илм-фанни янада ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–232-сон Фармони мамлакатимизда юридик таълим тизимини тубдан такомиллаштиришга қаратилган стратегик ҳужжат сифатида алоҳида аҳамият касб этади. Мазкур ҳужжат орқали юридик кадрлар тайёрлаш жараёни мазмунан янги босқичга кўтарилди, десак муболаға бўлмайди.
Қонунийликни таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, давлат органлари фаолиятида адолат тамойилини қарор топтириш, энг аввало, ҳуқуқий билимга эга, касбий маҳорати юксак ва замонавий фикрлайдиган мутахассисларга боғлиқ. Шу маънода юридик таълим тизими фуқаролик жамияти тараққиётининг стратегик устуни ҳисобланади. Глобаллашув шароитида ҳуқуқий муносабатлар мураккаблашиб бораётган бир пайтда назарий билимларни амалиёт билан узвий боғлаш, талабаларни реал ҳуқуқий муҳитга тайёрлаш, халқаро стандартларга мос рақобатбардош кадрлар тайёрлаш масаласи устувор вазифага айланмоқда.
ПФ–232-сон Фармон юридик таълимни ислоҳ қилишда тизимли ёндашувни жорий этди. Унда таълим жараёнларининг амалиёт билан узвий боғлиқлигини таъминлаш, клиник ва дуал таълим тамойилларини кенг жорий этиш, таълим — тадқиқот — амалиёт интеграциясини кучайтириш, бошқарувда академик-коллегиал ёндашувларни кенгайтириш ҳамда таълим сифати устидан назоратни мустаҳкамлаш каби устувор вазифалар белгилаб берилган. Бу вазифалар юридик кадрларни тайёрлашда сифат жиҳатидан янги даражани таъминлашга хизмат қилади.
Амалий тайёргарликни кучайтириш доирасида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар — судлар, прокуратура, адвокатура, нотариат идоралари ҳамда бошқа давлат органлари ва ташкилотлари билан ҳамкорлик изчил йўлга қўйилмоқда. Клиник таълим, “кейс-стади”, моделлаштирилган суд жараёнлари, замонавий “Legal Tech” ечимлари таълим жараёнига кенг татбиқ этилмоқда. Бу эса талабаларнинг назарий билимларини мустаҳкамлаш билан бирга, уларда таҳлил қилиш, ҳуқуқий хулоса чиқариш ва мустақил қарор қабул қилиш кўникмаларини шакллантиришга хизмат қилмоқда. Шу билан бирга, рақамли ҳуқуқий платформалар ва онлайн маълумотлар базаларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, талабаларнинг рақамли муҳитда ишлаш малакасини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Замонавий ҳуқуқшунос нафақат қонун нормаларини билиши, балки рақамли ҳуқуқий инфратузилмадан самарали фойдалана олиши ҳам талаб этилмоқда.
Юридик таълим сифатини оширишда профессор-ўқитувчилар салоҳияти ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Шу боис Фармонда уларнинг малакасини ошириш, халқаро тажриба алмашиш, илмий салоҳиятини ривожлантириш, хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорликни кенгайтириш, стажировкалар ва қўшма илмий лойиҳаларда иштирок этишга алоҳида эътибор берилган. Таълим жараёнига замонавий методикалар ва илмий янгиликларни татбиқ этиш, илмий фаолият натижаларини тижоратлаштириш имкониятларини кенгайтириш ҳам ислоҳотларнинг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади.
Юридик таълим соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар адолатли жамият ва қонун устуворлиги таъминланган давлат барпо этишга қаратилган стратегик қадамлардир. Аудиторияларда берилаётган билимлар, амалиётда шаклланаётган кўникмалар, илмий тадқиқотларда яратилаётган янгиликлар — буларнинг барчаси эртанги кун давлат хизматчиси ва ҳуқуқ ҳимоячисининг касбий қиёфасини белгилаб беради. Юридик таълимдаги ҳар бир янгиланиш жамиятда адолатга бўлган ишончни мустаҳкамлашга, фуқароларнинг қонунга ҳурматини оширишга, ҳуқуқий онг ва маданиятни юксалтиришга хизмат қилмоқда.
Бугунги ислоҳотлар самарасида шаклланаётган янги авлод ҳуқуқшунослари нафақат қонунни пухта биладиган, балки адолатни ҳимоя қилишни ўз ҳаёт мақсадига айлантирган, виждонли ва масъулиятли мутахассислар бўлиб етишмоқда. Шу маънода, юридик таълимда бошланган ислоҳотлар — эртанги кун адолатининг пойдевори, қонун устуворлигининг мустаҳкам кафолати ва жамият барқарорлигининг ишончли таянчидир.
Абдумумин Юлдашов
ТДЮУ Бизнес ҳуқуқи ва суд ҳимояси факультети Академик департамент бошлиғи – декан ўринбосари, профессор в.б., ю.ф.ф.д. (PhD)
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- «E-ekspertiza» платформаси орқали электрон ҳужжатлар алмашинувини йўлга қўйиш тартиби тасдиқланди
- Нодавлат суд-эксперти сифатида фаолият юритиш янада соддалаштирилади
- «Истанбул Башакшеҳир» меҳмондан ғалаба билан қайтди
- Украинанинг уч вилоятида портлашлар қайд этилди. Қурбонлар бор
- Бу йил Ўзбекистон Пролигасида 14 та жамоа иштирок этади
- Шавкат Мирзиёев Вашингтон шаҳрида Тинчлик кенгашининг дастлабки йиғилишида иштирок этди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг