Юксак туйғуларнинг хассос куйчиси (Видео)

17:05 09 Февраль 2020 Маданият
16905 0

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети майдонидаги улуғ шоир ва давлат арбоби ҳайкали пойида ўтказилган тантанали тадбирда таниқли адабиётшунос олимлар, юртимиз ва хориж таржимонлари томонидан сўз мулки султонининг беш асрдан буён яшаб, яшнаб келаётгани ўлмас ижоди тўғрисида сўз юритдилар. Тадбирда шоир ғазаллари ва рубоийлар, бағишловлар ўқилди. Шунингдек, таълим даргоҳидаги Олий адабиёт курси тингловчилари томонидан Навоий ҳақида жаҳон миқёсидаги эътирофлар айтиб ўтилди.

  • Президентимиз раҳнамолигида жамиятимиз тараққиёти учун миллий юксалиш сари дадил қадам босаётганимиз, ҳар соҳада баланд марраларни эгаллаётганимиз комили давронга йўлиққанимизнинг исботи десак, янглишмаймиз. — дейди Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид. — Буюк мутафаккир бобомиз ўз ижтимоий фаолияти давомида илм-фан эгаллаш, бадиий ижод ва адабиётни ривожлантириш, масжид-мадрасалар қуриш, муҳтожларга моддий ёрдам бериш каби ишларни шахсан амалга оширган. Шундай экан, бутун башарият тарихида ўчмас из қолдирган Навоий ҳазратларини ёд этиш ҳар биримиз учун эзгу амалдир.

Тадбирнинг мантиқий давоми сифатида Алишер Навоий номидаги давлат адабиёт музейи ҳовлисида ўрнатилган улуғ шоир ҳайкали пойида ўзбек, афғон ва озарбайжон ижодкорлари томонидан мушоира ўтказилди.

— Бунёдкорлик, ободлик, илму маърифат ва фарзандлар камоли ҳақида Алишер Навоий асарларида жуда кўп мисоллар учрайди. — дейди озарбайжонлик таниқли навоийшунос олим Рамиз Асқар. — Навоий ҳазратларининг ўзлари ҳам нафақат ижоди, балки бунёдкорлик ишлари билан ҳам дунёга машҳур. Ҳазратнинг ташаббуси билан бинолар, масжиду мадрасалар қурилган, боғлар барпо этилган, ҳовуз ва ариқлар қазилган. Хусусан, Навоий қурдирган Халосия хонақоҳида муҳтож кишиларга озиқ-овқат ва кийим-кечак улашилган. Буларнинг барчаси нафақат маълум бир халққа, балки бутун жаҳон халқларига ибрат бўла олади, десак муболаға бўлмайди.

Алишер Навоий таваллудига бағишланган адабий-маърифий тадбирлар республикамиз бўйлаб кенг давом этмоқда.

Юлдуз Ўрмонова,
“Халқ сўзи” .

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?