Юксак ҳамдўстлик ифодаси
Хивадаги Ичан Қалъа давлат музей-қўриқхонаси Кўҳна Арк тарихий-меъморий мажмуаси ёзги кинотеатрида анъанавий Корея кинофестивали бўлиб ўтди. Унда маҳаллий аҳоли вакиллари, ёшлар, вилоятдаги корейс миллий маркази фаоллари қатнашди.
Кинофестивалнинг тантанали очилиш маросимида Корея Республикасининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Вон До Ён иштирок этиб, йиғилганларга самимий ва эзгу тилакларини изҳор қилди. У ҳар икки давлат ўртасида барча соҳалар, хусусан, маданий-маърифий йўналишдаги ҳамкорлик ҳамда ўзаро ҳамдўстлик алоқалари мустаҳкамланиб бораётганини билдириб, Хоразмни, Хивани ўз юртимдай севиб қолдим дея эътироф этди.

Очилиш маросимидан сўнг, иштирокчилар ўртасида савол-жавоблар тариқасида викторина ўтказилиб, ғолибларга эсдалик совғалари топширилди. Корея киноижодкорлари томонидан суратга олинган “Менинг кучукчам Руни” номли филм намойиши барчага манзур бўлди.
Кинофестивалда хорижлик сайёҳлар ҳам иштирок этиб унутилмас таассуротлар олди.

— Бизнинг саёҳатимиз айнан фестивалга тўғри келгани айни муддао бўлди, — дейди белгиялик меҳмон Алис. — Тарихий манзараларни, музейларни кўриб ҳайратланиш баробарида кинофестивалда ҳам иштирок этганимиздан хурсандмиз. Меҳмондўстлик ва унутилмас хотиралар учун раҳмат!
Якунда тадбирда иштирок этган фаол томошабинларга ҳам эсдалик совғалари тақдим этилди. Барчага бирдек манзур бўлган ушбу фестивал давлатлар ва миллатларимиз ўртасидаги мустаҳкам ҳамдўстлик ифодасига айланди, десак, муболаға эмас.
Отабек ИСМОИЛОВ,
журналист.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Ўтган баҳсда концентрация бироз жойида эмас эди. Шу сабабли “жиннича” хатоларга йўл қўйдик” — Фабио Каннаваро
- АҚШ мудофаа харажатлари туфайли НАТО бўйича иттифоқчиларини ҳимоя қилишдан воз кечиши мумкин
- Бен Кингсли иштирок этган Ислом цивилизацияси маркази ҳақидаги фильм New York Festivals 2026 финалига йўл олди
- Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистони Подшоҳлиги Валиаҳди Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд билан телефон орқали мулоқот қилди
- «Дронлар дуэли» ёхуд Украинадан Эронгача бўлган синов полигонларида шаклланган янги дунё тартиби
- Берлинда Наврўз: Янги Ўзбекистон маданиятининг жаҳон саҳнасидаги муносиб тақдимоти
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг