Ёзёвонда парваришланган атиргуллар экспорт қилинади

16:15 12 Июнь 2025 Жамият
233 0

Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Ёзёвон туманида сўнгги йилларда турли мевали ва манзарали кўчатлар етиштириш, гулчилик соҳасида ўзига хос тажриба мактаби яратилмоқда.

Айни жараёнда ер илми миришкорларига қўшни Қува тумани тажрибаси қўл келмоқда. Хусусан, «Зийнатбону» фермер хўжалигининг 30 сотих майдонида қувалик боғбон Воҳиджон Исақов билан ҳамкорликда 35 минг туп атиргул кўчатлари етиштирилди. Айни кунларда атиргулчилик плантациясида гуллар чаман бўлиб очилиб, харидорларга мунтазир.

— Бу йил тажриба тариқасида жаҳон бозорида харидоргир бўлган қарийб 20 навдаги атиргул кўчатлари етиштирилди, — дейди В. Исақов. — Астойдил қилинган меҳнат самараси сифатида атиргул кўчатлари сотишга тайёр бўлди. Ҳозирда ҳар бир атиргул кўчатини 3 минг сўмдан Россияга экспорт қилиш бўйича шартномамиз бор.

Айтиш жоиз, Ёзёвон туман ҳокимлиги айнан гулчилик соҳасини ривожлантириш учун истиқболли бизнес-лойиҳаларни қўллаб-қувватлашга тайёр. Шу мақсадда маҳаллалар кесимида тушунтириш-тарғибот ишлари олиб борилиб, аҳоли томорқаларида гулчилик тармоғини кенгайтириш кўзда тутилмоқда.

— Ёшлар учун ажратиб берилаётган ер майдонларида ҳам бундай лойиҳаларни амалга ошириш ғоятда самаралидир, — дейди Ёзёвон тумани ҳокими ўринбосари Шероз Мирзалиев. — Бунинг учун лидер тадбиркорлар жалб этилиб, ерни экишга тайёрлаш, сифатли уруғ ва кўчат етказиб бериш, агротехник ишлов беришгача бўлган барча жараёнда кўмаклашилади.

Энг муҳими ва асосийси, атиргул кўчатларини ички бозорга сотиш ва экспорт қилиш борасидаги ишлар тўлиқ тизимли равишда ташкил этилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?