Ёзувчи ва журналистга эҳтиром кўрсатилди

Истам ИБРОҲИМОВ/«Халқ сўзи». Ўзбекистон Ёзувчилар ва Журналистлар уюшмалари аъзоси Жўра Фозил таваллудининг 75 йиллиги муносабати билан Бухоро давлат университетида ижодий учрашув ташкил қилинди. Юртимиз бўйлаб ўтаётган «Маърифат улашиб» лойиҳаси доирасидаги тадбирда адабиёт ихлосмандлари, талаба – ёшлар, давлат ва нодавлат ташкилотлари вакиллари иштирок этишди.
Айтиш жоизки, Жўра Фозилнинг бутун умри бевосита журналистика билан боғлиқ. У меҳнат фаолиятини Ромитан туман босмахонасида ҳарф терувчиликдан бошлаган. Туман газетасида мусаҳҳиҳ, адабий ходим, масъул котиб, муҳаррир ўринбосари, муҳаррир вазифаларида ишлаган. Газетачилик машаққатларини бошидан кечирган бу қаламкаш ўзининг публицистик мақолалари, очерк ва фельетонлари билан эл-юртга танилди. Бадиий ижодни ҳам канда қилмаган адибнинг шу кунга қадар «Муҳаббатнинг байрамлари», «Барқут мавсум», «Бухоро элчиси», «Айрилиқ остонаси» сингари қатор насрий асарлари чоп этилган. У таниқли рус ёзувчилари В. Аставьевнинг «Ғамгин саргузашт», К. Паустовскийнинг «Севги» романларини таржима қилган. Бу икки асар юртимизда нашр этилган «Рус адабиёти дурдоналари» 100 жилдлигидан ҳам ўрин олган. Ж. Фозилнинг «Дўстга зор бўлган кунинг» ҳикояси асосида Қозоғистон кино усталари томонидан бадиий фильм суратга олинган.
Ижодкорнинг заҳматли меҳнати давлатимиз томонидан муносиб тақдирланганини ҳам таъкидлаш мақсадга мувофиқдир. У «Дўстлик» ордени соҳиби саналади.
Адабиёт байрамига айланган маънавий-маърифий тадбирда китобхонлик маданияти, миллий қадриятларимизни асраб-авайлаш ҳақида жўяли фикр-мулоҳазалар билдирилди. Заҳматкаш адиб асарларида инсон табиати, ҳақиқат ва адолат тарозуси, чигал тақдирлар ўзига хос йўсинда очиб берилгани таъкидланди. Ташкилотчилар томонидан табаррук ёшни қаршилаган ёзувчига ҳурмат-эҳтиром кўрсатилди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендиялар миқдори 10 фоизга оширилади
- Эрон ва Исроил ўртасидаги зиддиятлар хронологияси ёхуд бугунги «уруш»нинг илдизи қаерда?
- Олимлар Альцгеймер касаллигидан ҳимоя қилувчи парҳез ҳақида маълумот беришди
- Доллар курси ошишда давом этмоқда
- Паркентда йилига 20 минг сайёҳни қабул қиладиган туристик мажмуа очилмоқда
- Ўзгаришларни сўз билан уйғотган журналист
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг