Ёшлар орзусидаги саноат зоналари
Кечагина “бир куни мен ҳам ўз бизнесимга эга бўламан”, деб орзу қилган йигит-қизлар бугун махсус саноат зоналарида замонавий ускуналарда ишлаб, ўз брендларини яратиш билан банд. Юрт бўйлаб барпо этилаётган Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари орзу билан амал орасидаги масофани яқинлаштирмоқда.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг тадбиркорлик ташаббусларини рағбатлантириш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 21 апрелдаги “Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари фаолиятини ташкил этиш ҳамда ёшларнинг тадбиркорликка оид ташаббусларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори эса бу жараёнда янги босқични бошлаб берди. Унга мувофиқ ташкил этилаётган мазкур зоналар ёшларнинг орзусини амалиётга айлантираётган муҳим дастурга айланди.
Сурхондарё вилоятида ҳам ҳудудларда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, янги иш ўринларини яратиш, ёшларнинг ўз бизнесини ташкил этишига кўмаклашиш каби вазифалар айнан шу зоналар фаолияти орқали муваффақиятли амалга оширилмоқда. Инфратузилмаси тўлиқ тайёрланган майдонлар, имтиёзли кредитлар, маҳаллий хомашёдан самарали фойдаланиш имкониятлари — буларнинг барчаси ёш тадбиркор учун энг зарур шарт-шароитдир.

Денов тумани Қўзичоқли маҳалласида ташкил этилган “Қўзичоқли” ёшлар саноат ва тадбиркорлик зонаси бу имкониятларнинг амалдаги ифодасидир. Тўрт гектар майдонда 59 та инфратузилмавий лот барпо этилган бўлиб, унинг қурилишига 60 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфланган. Зонадаги лойиҳалар учун ёш тадбиркорларга 10 йил муддатга, шундан 3 йили имтиёзли давр бўлган ҳолда, 18 фоизли кредитлар ажратилмоқда.
— Айни пайтда бу ерда 56 миллиард сўмлик лойиҳалар амалга оширилиб, 350 та иш ўрни яратилди, — дейди саноат зонаси мутахассиси Шарофиддин Шерқобилов. — “Sentr of future”нинг нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш, “Шуҳрат Термиз”нинг санитар салфетка тайёрлаш, “Денов Агростар”нинг мева-сабзавот қайта ишлаш лойиҳалари ва бошқа корхоналар барқарор фаолият юритмоқда.
Зонадаги “Абулфайз – Фаравон – Денов” оилавий корхонаси ойига бир миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқармоқда. Корхонада олти турдаги гигиеник ва қурилиш материаллари тайёрланади. Бу ерда 50 нафар аҳоли иш билан таъминланган. Айниқса, пластик чиқиндилардан қувурлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилгани, Афғонистонга экспорт бошлангани — янги бозорларнинг очилаётганидан далолат.

Ёш тадбиркор Наргиза Эшматованинг “Менга имконият берилди, мен эса амалий иш билан жавоб қайтаряпман”, деяётган сўзлари эса бу зоналарнинг ҳақиқий моҳиятини очиб беради.
— Фаст-фуд нонлари ишлаб чиқариш корхонамизда 20 дан зиёд хотин-қиз доимий иш билан таъминланган, — дейди Н. Эшматова. — Асосан ижтимоий дафтарда турган аёлларни ишга жалб қилганмиз. Айни пайтда маҳсулотларимиз қўшни вилоятларга ҳам етказилмоқда. Бу кичик бизнеснинг катта ижтимоий самараси борлигидан далолат.
Эътиборлиси, бундай саноат зоналари вилоятнинг Қумқўрғон, Шўрчи, Музработ ва Термиз туманларида ҳам барпо этилмоқда. Уларнинг ҳар бири ёшларнинг иқтисодий фаоллигини ошириш, ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш, инновация ва ишлаб чиқариш маданиятини ривожлантиришда муҳим омилга айланиб бормоқда.
“Ёшлар саноат зоналари — орзуми ёки амалиёт?” деган саволга бугун дадил жавоб бериш мумкин: бу — аниқ амалиёт, самарали натижа ва келажакка ишонч манбаи. Ёшлар ўз салоҳиятини намоён қилмоқда. Янги иш ўринлари яратилмоқда. Маҳаллий хомашё асосида қўшимча қиймат яратилмоқда.
Фарҳод ЭСОНОВ
(«Халқ сўзи»).
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Дўстлик ва ҳамкорликни кенгайтирган форум (+фоторепортаж)
- Наманган – янгиланиш ва гўзаллик шаҳри
- Ўзбекистон ёки Миср. Қайси терма жамоа кучли?
- Янгиланаётган Марказий Осиё: бирлик, дўстлик ва ҳамкорликнинг янги босқичи
- Ногиронлиги бўлган фуқароларга 30 млн сўмгача фоизсиз ссуда ажратилади
- “Лўлилар фақат тиланчими?...” Улар яшаётган маҳалладан фоторепортаж
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг