Ёмон бошланган яхши ўйин
Тошкент шаҳрида FIFA Series мусобақаси старт олди. 27 март куни Ўзбекистон миллий терма жамоаси ушбу турнирдаги дастлабки ўйинини ўтказди. Учрашув “Бунёдкор“ марказий стадионида бўлиб ўтди.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси ўйинни қуйидаги таркибда бошлади:
Дарвозабон:
Ўткир Юсупов (“Навбаҳор“)
Ҳимоячилар:
Ҳожиакбар Алижонов (“Пахтакор“);
Умар Эшмуродов (“Насаф“);
Рустам Ашурматов (“Истиқлол“, Эрон);
Жаҳонгир Ўрозов (“Динамо“);
Шерзод Насруллаев (“Пахтакор“).
Ярим ҳимоячилар:
Отабек Шукуров (“Банияс“, БАА);
Одил Ҳамробеков (“Трактор“, Эрон);
Азиз Ғаниев (“Ал-Батаеҳ“, БАА).
Ҳужумчилар:
Элдор Шомуродов (“Башакшеҳир“, Туркия);
Остон Ўринов (“Персеполис“, Эрон).
Ушбу ўйин олдидан Ўзбекистон миллий терма жамоасида қатор йўқотишлар мавжуд эди. Яъни, Жалолиддин Машарипов, Ҳусниддин Алиқулов, Аббосбек Файзуллаев, Абдулла Абдуллаев, Ҳусайн Норчайев каби футболчилар жароҳат туфайли майдонга туша олишмади.
Яқинда “Манчестер Сити“ билан Англия Лига кубогини ютган Абдуқодир Ҳусанов эса “Ал-Айн Кубоги“ мусобақасида олган қизил карточкаси туфайли ушбу ўйинни ўтказиб юборди.
Шу сабабдан Ўзбекистон миллий терма жамоасининг асосий таркиби умумий қиймати “Transfermarkt” портали ҳисоботига кўра, 18 миллион 500 минг еврога тенг бўлди.
Ўз навбатида Габон терма жамоасида ҳам йўқотишлар мавжуд эди. Жумладан, жамоанинг асосий юлдузи Пьер-Эмерик Обамеянг “Марсель“ клубининг илтимоси туфайли мусобақага келмади. Шунингдек, жамоанинг асосий юлдузлари Марио Лемина (“Галатасарой“, “Transfermarkt”га кўра нархи 5 миллион евро) ва Денис Буанга (“Лос-Анджелес“, “Transfermarkt” порталига кўра нархи 8 миллион евро) каби жамоа етакчилари ҳам турли сабабларга кўра Тошкентга ташриф буюришмади.
Ўйинга тўхталсак, баҳс Ўзбекистон миллий терма жамоасининг тотал устунлиги остида ўтди.
Фабио Каннаваро шогирдлари биринчи бўлимда ҳам, иккинчи бўлимда ҳам ҳужумларнинг креативлиги бўйича жуда яхши ҳолатда эканлигини кўрсатишди.
Аммо, ҳимоядаги ўйинни мақтаб бўлмас эди. Бевосита ўйинда киритилган дастлабки гол ҳам ҳимоячиларнинг бир-бирини тушунмаслиги оқибатида киритилди.
Орадан кўп ўтмай Ўзбекистон миллий терма жамоаси стандарт вазиятга эга бўлди. Азиз Ғаниев узатган тўпни Элдор Шомуродов дарвозага жойлаб қўйди ва баҳсда ҳисоб тенглашди. Биринчи бўлим 1:1 ҳисобида якунланди.
Иккинчи бўлим бошида Ўзбекистон терма жамоаси ҳисобда олдинга ўтиб олди. Рақиб ҳимоясидаги пала-партишликдан Жаҳонгир Ўрозов унумли фойдаланди ва терма жамоадаги дебют голини киритди.
Ҳакам томонидан ўйинга қўшиб берилган дақиқаларда эса захирадан ўйинга қўшилган Алишер Одилов ҳисобни 3:1 кўринишига келтирди.
Шу тариқа ўйин Ўзбекистон миллий терма жамоасининг ғалабаси билан якунланди. Маълумот учун, жамоа кейинги ўйинини 30 март куни Венесуэла терма жамоасига қарши ўтказади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тошкентда «UzFood 2026» ва «OʻzuPACK 2026» Халқаро кўргазмалари бўлиб ўтмоқда (+фоторепортаж)
- Шайха Носир Ал Новайс: “Мен бу каби ёндашувни аввал кўрмаганман”
- Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигини кенг нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида
- “Енгилмас: Токиога йўл” бадиий фильмининг премьераси бўлиб ўтди
- Тошкентда Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги муносабати билан ҳарбий парад ўтказилмоқда (фоторепортаж)
- Сурхондарёда 3 минг йиллик шаҳар қолдиқлари топилди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг