Яшнаб турган ҳовли

10:57 14 Август 2025 Жамият
149 0

Нишон туманининг Навбаҳор маҳалласида яшовчи Икром Саидов томорқадан даромад топишнинг ҳадисини олган. Гарчи у туман газ идорасида ишласа-да, ишдан сўнг томорқада меҳнат қилишдан эринмайди. Ҳовлисига қадам қўйишингиз билан баҳри дилингиз очилади: мисоли чаманзор! 12 сотих томорқанинг ҳар қаричидан унумли фойдаланилаётгани боис, мева-чевадан тортиб, сабзавотгача ҳовлидан чиқади. Бир текис экилган узум, анор, бодом, шафтоли, зардоли дарахтлари, полиз ва сабзавот экинларига боқиб, кўз қувнайди. Маҳалла аҳли гапнинг кифтини келтириб, “Икром Саиднинг боғини кўрмабсан, бу дунёга келмабсан” дейишади. Уларнинг гапида жон бор, боғмисан боғ!

— Кексаларимизда ўз пайкалингдан еганинг татийди, деган гап бор, — дейди Икром Саидов. — Чунки томорқадан чиққани баракали бўлади. Масалан, мана шу 30 туп анорнинг ўзидан ҳар йили камида 80 килограммдан ортиқ ҳосил оламиз. Анорларни Шеробод тумани тажрибаси асосида парваришлаб, яхши ҳосил оляпмиз. Узум ва бошқа мевали дарахтларимиз ҳам яхши мева беряпти. Картошка, пиёз, помидордан тортиб, рўзғор учун зарур бўлган барча полиз ва сабзавот турларидан экканмиз. Бундан ташқари, чорвамиз бор, товуқ боқамиз. Хуллас, мева-чевадан тортиб, гўшт, тухум, қатиқ-сут каби маҳсулотларнинг ҳеч бирини бозордан сотиб олмаймиз. Аксинча, истеъмолдан ортганини сотамиз. Бу оила бюджети учун яхшигина даромад, дегани.

Икром Саидовнинг айтишича, маҳаллада кўпчилик томорқадан унумли фойдаланади. Авваллари сув танқислиги боис бу ишнинг бирмунча қийинчиликлари бор эди. Жорий йилда Нишон тумани ҳокими саъй-ҳаракати билан “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасида маҳаллага 3 километр қувур тортилиб, янги сув тармоғи олиб келинди. Эндиликда ҳудуддаги хонадонлар экинларини ҳар ўн кунда суғориш имконига эга бўлишди. Бу маҳалла аҳлини томорқасида унумли меҳнат қилиб, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга ҳисса қўшишга ундамоқда.

Жорий йилнинг олти ойида Қашқадарё вилоятида 19240,6 млрд. сўмлик, ўтган йилнинг шу даври билан қиёслаганда 4,1 фоиз кўп қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилган. Эътиборли томони, ушбу маҳсулотларнинг 82,1 фоизи деҳқон ва шахсий томорқа хўжаликлари ҳиссасига тўғри келади. Бу бозорларимизда озиқ-овқат маҳсулотларининг мўл-кўллиги, ҳудудларнинг иқтисодий салоҳиятини ошириш, аҳоли бандлиги, оилаларнинг фаровон турмуш-тарзини таъминлашда томорқанинг ўрни нечоғли муҳим эканлигини кўрсатмоқда.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ,

«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер