Япониялик келин ташаббуси
Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ/«Халқ сўзи». Самарқанд вилоятининг Иштихон туманига Япониядан Канаа хоним келин бўлиб тушган. У ҳозирги кунда оиласи билан Самарқанд шаҳрида истиқомат қилади. Канаа хоним Самарқанд туманидаги «Миришкор» маҳалласида яшовчи 20 та камбағал оила аёлларига ҳамён (кошелек) тикишни ўргатди.
— Аёлар бу ҳунарни тез ўзлаштириб олишди, хомашёни ўзим етказиб бериб, тайёр ҳамённи 20 минг сўмдан сотиб оляпман, — дейди Канаа хоним. — Қувонарлиси, маҳсулотни Японияга экспорт қиляпмиз. Ҳар бир оила кунига 10 тадан ҳамён тикишини ҳисобга олсак, уларнинг ойлик даромади 5-6 миллион сўмни ташкил этмоқда.
Канаа хоним фақат бу билан кифояланиб қолаётгани йўқ. Самарқанд туманидан яна 150-200 та оилани ишли қилиш бўйича янги лойиҳа устида ишламоқда.

Бундай ибратга лойиқ ташаббусни Ургут туманидаги Хўжагузар маҳалласида яшовчи Мавлуда Ҳамдамова ҳам қўллаб-қувватламоқда. Мавлуда қўли гул каштачи аёл. Хўжагузар ва унинг атрофидаги 6 та маҳалладаги 100 нафардан ортиқ ишсиз аёлларга кашта тикишни ўргатаётгани ибратга лойиқ.
У кашта тикиш учун кетадиган барча хомашёни касаначиларга ўзи етказиб бериб, тайёр маҳсулотни ўртача 1,5 — 2 миллион сўмдан сотиб олмоқда. Бу хайрли иш оилаларга ойига 4-5 миллион сўм атрофида даромад келтирмоқда. Аммо тан олиш керак, Канаа хоним ва Мавлуда каби ташаббускор аёллар ҳамма маҳаллаларда ҳам учрамайди. Шундай аёлларни излаб топиш, рағбатлантириш, имконият ва имтиёзлар бериш мақсадида вилоятда «Камбағалликдан фаровонлик сари дастури» умумхалқ ҳаракати амалга оширилмоқда. Бу лойиҳадан кўзланган мақсад йил якунига қадар 35,6 мингта оилани камбағалликдан чиқаришга қаратилган.
Ана шу мақсад йўлида бугунги кунда Самарқанд вилояти ҳокимлиги ҳамда барча шаҳар ва туманларда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган «Ислоҳотлар штаби» фаолияти йўлга қўйилди. Мазкур штаб фаолиятида Президентимиз томонидан белгилаб берилган вазифалардан келиб чиқиб, 4 та устувор йўналиш бўйича чора-тадбирлар режаси белгилаб олинган.

Ушбу тадбирларни амалга ошириш борасида вилоятда «Маҳалла еттилиги» билан биргаликда иш самарадорлигини ошириш учун кунлик, ҳафталик ва ойлик иш режа асосида ишлар ташкил қилинган.
— «Ислоҳотлар штаби» ташаббуси билан маҳаллаларда хатлов ўтказилиб, 17,3 минг нафар ишсиз фуқаронинг манзилли рўйхати шакллантирилди, — дейди вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари котибияти мудири Ривожиддин Маҳқулов. — Улар билан 4 томонлама (туман ҳокими, маҳалла раиси маҳалла банкири ва фуқаро) шартномалар имзоланди. 2025 йил якунига қадар 17,3 минг нафар ишсиз фуқаро, 57 минг нафар меҳнат бозорига кириб келаётган йигит-қиз, 11,6 минг нафар меҳнат бозорида таркибий ўзгаришлар орқали кириб келадиган фуқаролар ҳамда 21 минг нафар миграциядан қайтиши кутилаётган фуқаронинг бандлигини таъминлаш бўйича алоҳида Дастур ишлаб чиқилган. Умуман йил якунига қадар яна 150 минг нафар аҳолининг бандлиги таъминланади.
Жойлардаги «маҳалла еттилиги» аъзолари билан биргаликда 147 мингта оилалар билан қайта сўровнома ўтказилиб, 80,3 мингта оила (аъзолари 337,2 минг нафар) камбағаллик реестрига киритилди ва ҳар бири бўйича «индивидуал режа» ишлаб чиқилди.

Хуллас, вилоятда маҳаллий дастурлар ижросига масъул бўлган «Ислоҳотлар штаби» фаолияти кенг миқёсда давом этмоқда. Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш, шу орқали ишсизликни камайтириш ва пировардида камбағалликни қисқартириша йўналтирилган «Ислоҳотлар штаби» фаолияти албатта, ўзининг самараларини беришига шак-шубҳа йўқ.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- АҚШ ва Британия Сурия муваққат президенти Ахмад аш-Шаръани «қора рўйхат»дан чиқарди
- G20 саммитининг Жанубий Африкада ўтказилиши шармандали ҳолат – Трамп
- Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги иккинчи ўйинида мағлуб бўлди
- Машинада хавфсизлик камарини тақиш мумкин бўлмаган касалликлар рўйхати тасдиқланади
- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро мусобақа учун қайдномаси эълон қилинди
- “Доҳа — Қатарнинг юраги, тунги ритмда уриб турган шаҳар”
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг