“Янги Сирдарё” газетасининг адади 1500 дан 18200 га етди

17:29 13 Январь 2026 Жамият
321 0

Кўп йиллардан буён кичик ҳажмда – А 3 форматда чоп этиб келинаётган “Янги Сирдарё” газетаси Янги йилдан яна катта – А2 форматга қайтди. Адади эса жуда юқори даражада ўсди: яъни ҳар йили 1500 нинг нари-берисида бўлиб келган обунаси ўн баробардан зиёдга, яъни 18200 тага етди. Натижада “Янги Сирдарё” газетаси бу борада Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар газеталари ўртасида биринчи ўринни эгаллади. Қолаверса, 2026 йилнинг илк сонидан бошлаб “Янги Сирдарё” – “Новая Сырдарья” газеталари тўлиқ рангли нашр қилина бошланди.

– “Янги Сирдарё” – “Новая Сырдарья” газеталари Сирдарё вилояти ташкил этилган 1963 йилдан буён чоп этиб келинмоқда, – дейди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Холида Пардабоева. – Шу маънода мазкур нашрларни вилоятнинг 63 йиллик ҳаётининг солномаси, керак бўлса, кунномаси дейиш мумкин. Чунки вилоятнинг ижтимоий- иқтисодий, маданий-маърифий соҳаларига оид неки янгилик, воқеа борки, бари уларнинг саҳифаларига муҳрланмоқда. Қолаверса, мазкур газеталар таҳририятлари Сирдарё вилояти ва республика ОАВлари учун ўнлаб истеъдодли журналистларни етказиб берган маҳорат мактаблари ҳамдир.

Айтиш лозимки, кўп йиллар давомида обуна миқдорининг пасайиши натижасида юзага келган молиявий етишмовчиликлар туфайли вилоят газеталарининг даврийлиги қисқарди. Ҳатто бир муддат нашр қилинмай қолган вақтлар ҳам бўлди. Яхшики, муассис -Сирдарё вилояти ҳокимлигининг катта эътибори туфайли вилоятнинг отахон нашри яна қаддини тиклаб олди. Бугунги кунда мазкур оммавий ахборот воситаси газеталар билан бирга интернет нашрларга ҳам эгаки, унинг мазкур медиа тармоқлари ҳам тез ривожланиб бормоқда.

Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер