Янги Ўзбекистон – ёшлар мамлакати

19:41 20 Июнь 2025 Жамият
254 0

Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ/«Халқ сўзи». «Ёшлар ойлиги» доирасида Самарқанд шаҳрида «Янги Ўзбекистон – ёшлар мамлакати» шиори остида вилоят ёшлар фестивали ўтказилмоқда. Байрамона тадбирлар ҳокимлик, Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси, олий таълим муассасалари ва бошқа ҳамкор ташкилотлар вакиллари томонидан шаҳардаги Амир Темур ҳайкали пойига гул қўйиш билан бошланди.

Сўнгра «Маърифат карвони», «Ёш китобхон» кўрик-танлови, «Заковат» интеллектуал ўйини, ёш рассомлар кўргазмаси ва бошқа маданий-маърифий, спорт тадбирлари билан давом этди.

Алишер Навоий номидаги истироҳат боғида мусиқий дастур намойиш қилинди. Боғнинг ҳар бир бурчагида куй-қўшиқлар янграб, байрамона руҳни янада бойитган ҳолда санъатга ошно ёшлар ижроси барчага қувонч ва илҳом бағишлади. Университет хиёбонида олий таълим муассасалари ўз кўргазмали чиқишларини намойиш этишди. «Ватанпарвар« боғида ҳарбий техника ва қурол-аслаҳалар кўргазмаси ўтказилди.

— Бугунги фестивалда қатнашиб, жуда хурсанд бўлдим. Бу ерда ҳарбийларнинг чиқишларини томоша қилиб, уларга ҳавасим ортди, — дейди Достон Абдиназаров. — Келгусида мен ҳам муддатли ҳарбий хизматга бориб, шу акаларим қатори ҳарбий либос кийиб, Ватанимга хизмат қилмоқчиман.

Фестиваль доирасида Самарқанд давлат тиббиёт университетида мактаб ўқувчилари ўртасида «Вилоят ҳокими» фан олимпиадаси бўлиб ўтди. Бугун кечқурун «Буюк ипак йўли» халқаро туризм марказида гала концерт дастури намойиш этилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?