Янги Ўзбекистон аёллари — куч, меҳр ва илҳом тимсоли
Март ойи юртимизга гўзаллик ва нафосат руҳини олиб кирди. Баҳор нафаси билан уйғунлашган байрамона кайфият бутун мамлакатимизга ёйилиб, қалбларга қувонч улашди.
Янги Ўзбекистон тараққиёти йўлида фидокорона меҳнат қилаётган, илм-фан, таълим, маданият, тиббиёт, тадбиркорлик ва бошқа кўплаб соҳаларда ўзининг истеъдоди, заковати ва қатъияти билан юрт равнақига муносиб ҳисса қўшаётган аёлларимиз бугун жамиятимизнинг энг катта таянчи, маънавий кучи сифатида эътироф этилмоқда. Улар меҳнати, меҳри ва матонати билан оилаларга файз, жамиятга барака олиб кирмоқда.
8 март — Халқаро хотин-қизлар куни арафасида Президентимиз фармонига мувофиқ жамиятимиз равнақи йўлида сидқидилдан хизмат қилиб келаётган опа-сингилларимиздан бир гуруҳи давлат мукофотлари билан тақдирланди. Бу эътироф уларнинг йиллар давомида қилган меҳнатига берилган муносиб баҳодир. Айни пайтда бу юртимизда аёл зотига бўлган юксак ҳурмат ва эътиборнинг яна бир ифодасидир.
Шу муносабат билан пойтахтимиздаги Кўксарой қароргоҳида тантанали маросим бўлиб ўтди. Унда давлатимизнинг нуфузли орден ва медаллари билан тақдирланган опа-сингиллар ҳамда Зулфия номидаги давлат мукофотига муносиб кўрилган иқтидорли қизлар жам бўлишди.
Тантанали маросимда муҳтарам Президентимиз иштирок этиб, юртимиздаги барча аёлларни байрам билан самимий қутлади. Уларга сиҳат-саломатлик, бахт-саодат ва янги ютуқлар тилади. Мамлакатимиз равнақи йўлида меҳнат қилаётган соҳа фидоийлари, билимга чанқоқ, иқтидорли қизлар давлатимиз раҳбари қўлидан юксак мукофотларни қабул қилиб олдилар.
Бу лаҳзалар залда ўтирган ҳар бир инсон қалбида алоҳида ҳаяжон уйғотди. Мукофот соҳибаларининг кўзларида қувонч, юзларида миннатдорлик ва фахр туйғуси намоён эди. Улар учун бу кун нафақат катта эътироф, балки ҳаётларида унутилмас, юракларда муҳрланиб қоладиган қутлуғ бир воқеага айланди.
Клара ТОШПЎЛАТОВА,
Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасининг техник бўлими стандартлаш бўйича етакчи муҳандис-технологи, «Меҳнат шуҳрати» ордени соҳибаси:
— Аёл нозик хилқат бўлишига қарамай, катта ва масъулиятли ишларни ҳам елкасига қўрқмай олади. Зиммасига юкланган вазифани сидқидилдан адо этишда унинг сабри, матонати ва иродаси баъзан тоғларни ҳам талқон қилгулик.
Бу ҳақиқатни ўз ҳаётим ва меҳнат фаолиятим орқали янада теран ҳис этиб келяпман. Агар инсон касбини севса, меҳнатидан завқ олса, ишнинг оғирлиги сезилмайди. Мен учун ҳам муҳандис-технолог сифатидаги фаолиятим ҳаётим мазмунига айланган. Бу жамоада қарийб қирқ йилдан буён самарали фаолият юритиб келяпман.
Халқаро хотин-қизлар куни арафасида орден билан тақдирланганим меҳнатимга берилган юксак баҳо, айни пайтда мен учун катта шараф ва масъулиятдир. Айниқса, ушбу мукофотни Президентимиз қўлларидан қабул қилиб олганим ҳаётимда унутилмас, ҳаяжонли ва бахтли онлардан бири бўлди. Ўша лаҳзаларда қалбимни қандай туйғулар чулғаб олганини сўз билан тўлиқ ифода этиш қийин. Қувончдан кўнглим тўлқинланиб кетди. Бу эътибор менга янада куч-ғайрат бағишлади.
Она ва аёл сифатида бу эҳтиромни умрим давомида унутилмас, ҳаётимнинг мазмунли ва фахрли онлари сифатида қадрлаб, қалбим тўрида асрайман.

Олия ИБРАГИМОВА,
«Навоий кон-металлургия комбинати» акциядорлик жамиятининг 1-Гидрометаллургия заводи кран машинисти, «Дўстлик» ордени соҳибаси (Навоий вилояти):
— Онамнинг айтишича, мен туғилганимда отам чексиз қувониб, “Бу болам бошқаларга ўхшамайди, ҳали эл-юрт манфаати йўлида катта ишлар қилади”, деб ният билдирган экан. Мен бу гапларни кейинроқ эшитганман. Аммо вақт ўтиб, ҳаётимга назар ташласам, гўё отамнинг ўша эзгу ниятлари йўлимга ёруғлик бериб тургандай туюлади.
Болалигимдаги қизиқиш мени кран машинисти касбига етаклади. Кўпчилик бу касбни аёл киши учун оғир, масъулиятли деб ўйлайди. Ростдан ҳам, бошида қийинчиликлар, ҳатто бироз қўрқув ҳам бўлган. Баланд кран тепасида туриб юк кўтариш осон иш эмас. Аммо қизиқишим ҳамда меҳнатга ишончим менга куч берди.
Шу касбимда йигирма йилдан бери меҳнат қилиб келяпман. Жамоамиздаги ягона аёлман. Лекин иш пайтида бу ҳеч сезилмаган. Эркаклар билан елкама-елка туриб, бир мақсад йўлида фаолият юритамиз.
Меҳнатим “Дўстлик” ордени билан сийлангани мен учун улкан фахр. Бу мени янада масъулият ва катта ишонч билан ишлашга ундайди. Фаолиятимнинг юксак эътирофини отамнинг эзгу ниятлари рўёби, деб биламан.
Орденни Президентимиз қўлларидан қабул қилиб олишим ҳаётимдаги энг бахтли, ҳаяжонли онлар бўлди. Кўнглимни фахр ва шукроналик туйғулари қамраб олди. Бу мен учун кейин ҳам янада шижоат билан ишлашимга, жамоам билан янги марраларни забт этишга катта илҳом беради.

Муқаддас АТАЕВА,
Урганч шаҳридаги якка тартибдаги тадбиркор, гул етиштирувчи, «Шуҳрат» медали соҳибаси (Хоразм вилояти):
— Баъзан катта ишлар кичик орзудан бошланади. Шу маънода, бир пайтлар томорқамнинг бир чеккасига шунчаки бир нечта гул кўчати эккандим. Ўша пайтда бу иш бунчалик кенгайиб кетади деб ўйламаган ҳам эдим. Йиллар ўтиб қарасам, томорқамнинг бир қарич ери ҳам бўш қолмабди.
Иссиқхонани 2018 йилда ташкил қилганмиз. Ўша пайтларда 50 минг дона гул уруғини экиб, ишни икки-уч нафар аёл билан бошлагандик. Ҳозирда маҳалламизнинг 10 — 15 нафар аёли билан меҳнат қилмоқдамиз.
Хоразм тупроғи анча шўр. Бу ерда деҳқончилик осон эмас. Аммо ҳаракатда бўлган одам йўлини топади. Билимимиз ва тажрибамизга таяниб, тупроққа ишлов бериб, гул етиштириш сирларини ўргандик. Ҳар бир кўчатга гўё фарзанддек қараб, оналик меҳри билан парваришлаяпмиз.
Мана шундай катта мақсадлар йўлида астойдил жавлон уриб ишлаётган кеч шом пайти иссиқхонада гул кўчатлари парвариши билан банд эдим. Дугоналарим бирин-кетин телефон қилиб табриклашни бошлашди. Сабабини билгач эса ҳам ҳайрон, ҳам лол қолдим: ахир, юртимизнинг шундай юксак мукофотига сазовор ҳар қандай инсонга катта ҳаяжон ва чексиз қувонч бағишлади-да! Бу эътироф қалбимни тўлқинлантириб, зиммамга янада катта масъулият юклаганини ҳис этдим.

Гулсара ШЕРМАТОВА,
Тошкент шаҳар Марказий майдонларни ободонлаштириш бошқармасининг кўкаламзорлаштирувчи-гул экувчиси, «Шуҳрат» медали соҳибаси:
— Баъзан гул экиб турган пайтимда болалигим ёдимга тушади. Онамнинг қора меҳнатдан қадоқ бўлган қўллари доим кўз олдимда. У пайтларда аёлларнинг меҳнатига бунчалик эътибор берилмасди. Онам умри бўйи ишлади, лекин эҳтиром ва эъзоз деган туйғуни у қадар ҳис қилмаган, десам ёлғон эмас. Шунинг учун ҳам бугунги кунларда аёлларга кўрсатилаётган қадрни кўрганимда қалбим жуда тўлқинланади.
Мен ўз ишимда 15 йилдан бери фаолият юритиб келяпман. Тошкент кўчалари, майдонлари гулга тўлиб турганини кўрсам, қалбимда бир илиқлик пайдо бўлади. Чунки у гулларнинг орасида менинг ҳам меҳнатим бор.
“Шуҳрат” медали билан тақдирланганим ҳақидаги хабарни эшитганимда пойтахтимиздаги “Адиблар хиёбони”да гул экиб юрган эдим. Ишхонамиз девонхона бўлимидагилар хабарни айтишганда, бир лаҳза гап тополмай қолдим. Қалбимда шундай ҳаяжон пайдо бўлдики, кўзларимга ёш келди. Қўлимдаги гул кўчатларига қараб туриб, бу меҳнатларим қадр топганини ҳис этдим. Бу қадр фақат менга эмас, йиллар давомида меҳнат қилиб келган онамга ва онам каби заҳматкаш аёлларга ҳам берилган эъзоздек туюлди.
Гуллар орасида ишлаб юриб бир ҳақиқатни тушундим. Инсон меҳр билан меҳнат қилса, ер ҳам унга барака беради. Шунинг учун ҳар куни ишга катта иштиёқ билан келаман. Чунки мен экиб кетган гуллар эртанги куннинг гўзаллигига айланади.

Лайло ШАРИПОВА,
Бухоро давлат педагогика институти профессори, филология фанлари доктори (DSc), «Шуҳрат» медали соҳибаси:
— Шогирдларимиздан бири кечки пайт қўнғироқ қилиб қолди: “Давлат раҳбарининг эътирофи муборак бўлсин!” Бир лаҳзада умрим саҳифалари; мактабда, олий таълимда сабоқ берган; илмий ва бадиий ижод сирлари билан ўртоқлашган улуғ устозларим, ота-онам, қайнона-қайнотам кўз олдимдан ўтди. “Меҳнат қил, излан, интил, қадр топасан”, деганларига риоя этиб яшадим. 1990 йилдан ҳозиргача, 35 йилдирки, талабаларга билим улашаман. Ҳаётим навқирон авлодга таълим-тарбия бериш билан ўтаётганига шукр. Англаганим шуки, битта бўр ва битта доска кўмагида ҳам сабоқ бера олиш мумкин. Аммо замондан, дунёдан орқада қолиб бўлмайди. Ёшлар билан ҳамнафас, ҳаммаслак бўлмасангиз, ўқитасизу уқдира олмайсиз. Шу сабабдан фанларни ўқитишда назария ва амалиёт бирлиги муҳим, фанлар интеграцияси, инновацион технологиялар иштироки шарт.
Учинчи Ренессанс дунёни залолатдан қутқаришидан, бу Уйғонишнинг ўзаги яна бизнинг Ватанимизда эканидан умидворман. Ёш авлоддаги шиддат ва ғайратни катта авлод илми ҳамда тажрибалари билан бойита билсак, бас! Таълимдаги якранг шаклни жиддийгина ислоҳ қилишимиз керак.
Мукофотланганим масъулиятимни янада оширади. Мен бор салоҳиятимни, илмимни, устозлик тажрибамни таълим-тарбия ривожига сарфлайвераман. Бу йўлда илмий ва бадиий ижод билан шуғулланишим кўмакка келади, деб ишонаман.

Салима ХУРАМОВА,
Ғузор туманидаги «Ғузор қоракўлчилик» масъулияти чекланган жамияти бош чўпони, «Шуҳрат» медали соҳибаси (Қашқадарё вилояти):
— Инсон ҳаётида баъзан оддий бир сабоқ катта роль ўйнайди. Қайнотам Зайқул бобо Аберов умр бўйи чўпонлик қилиб ўтган. У кишининг ёнида юриб, қўй-қўзиларни қандай парваришлашни, меҳнатнинг қадрини, сабрни ўргандим. Қўлларидаги чўпон таёғи гўё бир мактаб эди. Шу таёқни қўлимга олиб, бобомнинг ишини давом эттириб, чорвачилик билан шуғулланишга меҳр қўйдим.
Қашқадарё вилоятининг Ғузор тумани, Эшонқудуқ қишлоғида 22 йилдан буён чорвачилик билан шуғулланиб келмоқдамиз. Ҳозирги кунда хўжалигимизда 200 бош қоракўл қўйи бор. Бунинг ортида йиллар давомидаги меҳнат, сабр ва умид ётибди.
Чорвачилик осон касб эмас. Қишнинг совуғи, ёзнинг иссиғи, изғирин шамоллар — барчасини кўриб келганмиз. Айниқса, сўнгги беш йилдаги қурғоқчилик чўпонлар учун анча синовли давр бўлди. Лекин сабр қилдик, меҳнатдан қочмадик. Бу йил шукрки, ёмғир-қорлар мўл бўлди. Далаларда ўтлар яхши унмоқда. Бу баракадан, ризқ-рўздан дарак.
Оилам — энг катта таянчим. Тўрт нафар фарзандим бор: бир қиз, уч ўғил. Қизим турмушга чиққан, икки фарзанди бор. Катта ўғлим Фармон Зайқулов ҳозир менга ёрдамчи. Чўпонлик сирларини ўрганяпти. Келиним Диёрa Нормуродова ҳам ёнимда туриб, ишларда кўмакдош.
Мукофотга сазовор бўлганимни эшитиб, “Йўғ-е” дея ҳайратландим. Рўйхатда ўз исмимни кўрганимда, бир лаҳзада барча қийинчиликлар эсдан чиқиб кетди. Йиллар давомидаги меҳнат, чарчоқ, ташвишлар гўё бир зумда орқада қолгандек бўлди. Чиндан ҳам, чўпон сифатида меҳнатимиз саҳрода ўтади. Лекин унинг ортида катта ризқ, катта барака бор.
Президентимизнинг байрам тадбиридаги нутқини тинглаб, жуда севиндим. Юртимизда аёлларни эъзозлаш улуғ қадриятга айлангани бизнинг бахтимиздир.

Улуғбек РЎЗИМАТОВ
(«Халқ сўзи») ёзиб олди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- 1 март — Зулфия таваллуд топган кун. «Бугун тунда келармиш баҳор»
- Нодирбек Абдусатторов Прагадаги шахмат фестивалида чемпионликни қўлга киритди
- Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази Prix Versailles талқинига кўра 2026 йилнинг дунёдаги энг гўзал музейлари рўйхатига киритилди
- Эндиликда йўловчи божхона декларациясини мобил илова орқали электрон шаклда топшириш мумкин
- Матчанов Умирзак Сеитжановичнинг иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) диссертация ҳимояси эълони
- Эроннинг ҳужум салоҳияти 50 фоизга қисқарди – АҚШ сенатори
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг