Янги массивга янги боғлар ярашади

11:23 27 Ноябрь 2024 Жамият
183 0

Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ/“Халқ сўзи“. Булунғур туманидаги “Янги Ўзбекистон” массиви. Беш-олти йил олдин бу ерда ҳеч қандай инфратузилма мавжуд бўлмаган.

Самарқанд—Тошкент катта йўли ёқасидаги Олмазор маҳалласида, Ғўбдин массиви деб номланадиган ҳудудда эндиликда қарийб 24 гектар майдонда кўркам шаҳарча пайдо бўлди. Массивда 1204 хонадондан иборат 56 та кўп қаватли уй, қарийб минг ўринли иккита мактаб, учта давлат мактабгача таълим ташкилоти, маҳалла биноси, оилавий поликлиника, маданият уйи, кутубхона, масжид, спорт майдончалари, савдо марказлари ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари қурилмоқда. Айни пайтда уйларнинг аксариятида қурилиш ишлари якунига етиб, аҳоли кўчиб кирган.

Ҳудудда йил якунигача 30 та 5 қаватли, 651 хонадонли уй-жойлар фойдаланишга топшириш режалаштирилган. Бугунгача массивда жами 23 та 5 қаватли 510 хонадонли уйлар фойдаланишга тайёрлаб қўйилган.

Массивдаги барча уй-жойларга марказлашган ичимлик суви, иссиқлик манбаи, табиий газ, электр ва оқова тармоқлари тортилмоқда. Ҳудудда марказлашган 1 та сув иншооти ва 1,2 километр ичимлик сув тармоғи тортиш ишлари бажарилди. Шу пайтгача 2,5 гектар майдонда “яшил боғлар” ташкил этилган эди, энди боғлар яна ҳам кенгаймоқда. Куни кеча мазкур “Янги Ўзбекистон” массивидаги 2 гектар майдонга 1700 туп мевали ва манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилди.

Кўчат экиш тадбирида вилоят ҳамда туман, шаҳарлар секторлар раҳбарлари, ҳокимликлар масъуллари, бошқарма ва идоралар, корхона ва ташкилотлар бошлиқлари, нуронийлар ва ёшлар иштирок этди.

Маълумотларга кўра, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида жорий йил баҳорида туманда ҳудуд иқлимига мос 963 минг тупдан ортиқ манзарали ва мевали дарахт ва бута кўчатлари экилган. Жумладан, 3 гектар майдонда “Ҳокимлик боғи” ва яшил боғлар ташкил этилди, 3,6 километрдан зиёд суғориш тармоқлари тортилди, 4 та суғориш қудуғи қазилди.

Кузги мавсумда эса 414 минг дона дарахт кўчати экиш режалаштирилиб, ҳозир туманнинг барча ҳудудларида бу юмуш давом эттирилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?