Янги китоблар тақдимоти ўтказилди

14:38 25 Октябр 2024 Жамият
134 0

Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ/«Халқ сўзи». Мамлакатимиз бўйлаб ўтказилаётган «INFOLIB O‘ZBEKISTON-2024» XIII Миллий ахборот-кутубхона ҳафталиги доирасида Самарқанд вилоятида ҳам маънавий-маърифий тадбирлар, танловлар, тренинглар, маҳорат дарслари, китоб кўргазмалари, ярмаркалар ташкил этилмоқда.

Пушкин номидаги вилоят ахборот-кутубхона марказида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими, вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси ҳамда «Зарафшон» ва «Самаркандский вестник» газеталари таҳририяти ҳамкорлигида «Зарафшон» газетаси кутубхонасидан” туркуми остида чоп этилган китоблар тақдимоти бўлиб ўтди.

Тадбирда сўз олганлар «Мулоҳаза учун», «Газетада акс этган тарих» рисолалари ҳамда журналист ва таржимон Тоғаймурод Шомуродовнинг «Мунгли кўзлар» китоби, мутолаа завқи, китобга ошно бўлиш ҳақида фикр-мулоҳазаларини билдирди. Таъкидланганидек, «Мулоҳаза учун» рисоласидан ўрин олган мақолалар китобхонни ўйлашга, мулоҳаза юритишга ва мушоҳадага ундайди. «Газетада акс этган тарих» рисоласини ўқиш орқали «Зарафшон» газетасининг 1949 йилдан 1991 йилгача чоп этилган сонларида вилоят ҳаётида содир бўлган воқеа-ҳодиса, ўзгариш ва янгиликларнинг қисқача маълумотига эга бўлиш мумкин.

Журналистиканинг машаққатли йўлини босиб ўтган, айни кунда нафақада бўлишига қарамай самарали ижод қилиб келаётган Тоғаймурод Шодмуродовнинг номи китобхонлар ва газетхонларга яхши таниш. Шу вақтгача ижодкорнинг қатор китоблари нашр этилган. Навбатдаги туҳфа — «Мунгли кўзлар»да муаллифнинг қизиқарли ва ибратли ҳикоялари, мулоҳаза ҳамда таржималари жамланган. Тақдимот тадбирида Тоғаймурод Шомуродовнинг ҳамкасблари, дўстлари ва фарзандлари ҳам иштирок этиб, унинг китобга бўлган меҳри, ўзига хос ижод йўли ва «Мунгли кўзлар» китоби ҳақида тўхталиб ўтди.

Тақдим этилган янги нашрлар китобхонларга манзур бўлишига ишонамиз.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер