Янги боғ ва токзорлар барпо этилади

18:41 08 Июль 2021 Иқтисодиёт
733 0

Узумчилик боғдорчиликнинг энг муҳим тармоқларидан бири бўлиб, мамлакатнинг халқ хўжалигида салмоқли ўринни эгаллайди. Азалдан аждодларимиз узумчилик билан шуғулланиб келган, одамларимиз узум етиштиришнинг ҳадисини олган. Тойфи, ҳусайни, келинбармоқ ва кишмиш каби узумларнинг довруғи бутун дунёга маълум ва машҳур.

Юртимизда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш бўйича катта салоҳият борлигини, ҳосилдор ерларимиз, деҳқончиликда суяги қотган одамларимиз кўплигини, бу қон-қонимизга сингиб кетганини инобатга олиб айтсак, узумчилик тармоғини кенгайтириш учун имкониятимиз қанчалик кенг экани ойдинлашади.

Ана шу жиҳатларини олиб айтадиган бўлсак, куни кеча давлатимиз раҳбари раислигида узум етиштириш, уни саноат усулида қайта ишлашни ривожлантириш ҳамда ҳудудларда экотуризмни йўлга қўйиш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилиши ниҳоятда долзарб аҳамиятга эга.

Айтиш керакки, йиғилишда соҳадаги муаммолар ва олдинда турган вазифалар кенг муҳокама этилди. Албатта, тармоқ имкониятларидан тўғри фойдаланилса, нафақат мамлакат аҳолисини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, истеъмолчилар талабини етиштирилаётган мева-узум маҳсулотлари ҳисобига тўла қондириш, балки экспорт салоҳиятини ошириш имкони ҳам ортади. Бу иқтисодиётга ҳам фойда дегани. Шунинг учун ҳам боғдорчилик ва узумчиликни жадал суръатларда ривожлантириш талаб этилмоқда.

Маълум бўлишича, бугунги кунда юртимизда фермер хўжаликлари томонидан 90 минг гектар майдонда узум етиштирилмоқда. Бу тармоқда 900 минг аҳоли доимий ва мавсумий иш билан банд. Сўнгги тўрт йилда 52 минг гектар янги токзорлар ташкил этилиб, соҳага 210 миллиард сўм субсидиялар ажратилди. Шу давр мобайнида мева-сабзавотлар экспортида узумнинг улуши 2 бараварга кўпайган.

Давлат раҳбари асосий маҳалла одамларнинг иш ҳақини кўпайтириш эканини айтиб, шу мақсадда 44 та туманни узумчиликни ривожлантириш бўйича эксперимент сифатида танлаб олинганини маълум қилди.

Шунингдек, айрим ҳудудларда йирик токзорлар майдони сўнгги тўрт йилда 7 минг гектарга камайганини қаттиқ танқид қилинди. Тармоқда селекция ишлари деярли йўқ, ҳалигача 40-50 йил аввал яратилган узум навлари экиб келинмоқда. Токзорларни янгилашни рағбатлантириш тизими йўлга қўйилмаган. Кўчат етиштириш илмига ва технологиясига амал қилинмайди, кўчат касалликлари билан олимлар ҳам, ишлаб чиқарувчилар ҳам шуғулланмаслиги, ҳосилдорлик ҳам пасайиб, касаллик эса кун сайин кўпайиб бораётгани айтилди. Токзорларнинг атиги 38 фоизи интенсив усулда парваришланмоқда. Маҳаллий узумларимиз ҳосилдорлиги Осиёнинг бошқа давлатларига нисбатан 1,5-2 бараварга кам. Қолаверса, юртимизда етиштириладиган узумлар аксарияти данакли бўлиб, жаҳон бозорида данаксиз узумга бўлган талаб кескин ортиб бораётгани қайд этилди.

Кўриниб турибдики, муаммолар талайгина, шунга яраша вазифаларимиз ҳам кўп. Маҳсулотлар сифатини, ҳосилдорлигини ошириш, бу борада экспорт салоҳиятини ошириш кечиктириб бўлмайдиган масала. Мазкур тармоқни ривожлантириш, токзорларни кўпайтириш ва уларга ишлов бериш, суғоришда янги технологияларни жорий этиш учун тажрибамиз ҳам, салоҳиятимиз ҳам етади. Ҳамма гап интилишда,.

Эътиборли томони, эндиликда ушбу тармоқ кенг кўламда ривожланади. Масалан, узум плантациялари учун субсидиялар ажратилади. Давлатимиз раҳбари энди янги токзорларни барпо этиш, эски боғ ва узумзорларни янгилаш учун янги тизим жорий этилиши, бунда, сертификатланган янги узум плантацияларининг ҳар бир гектарига 10 млн сўмдан субсидия ажратилиши, шунингдек, кўчатчилик хўжаликлари ташкил қилинган майдонларнинг ҳар бир гектари учун ҳам субсидия бериш тизими жорий этилиши ҳақида маълум қилди.

Янги токзорлар учун бир дона артезиан қудуқ ёки насос станцияси қуришга ҳар 10 гектарга 120 млн. сўмгача субсидия берилади, яъни субсидия бериладиган майдон ҳажми 3 баробарга камаяди (ҳозир энг кам майдон 35 гектар қилиб белгиланган). Сертификатланган узум плантацияларини ташкил этишни молиялаштириш учун банкларга 100 млн. доллар ресурс ажратилади. Бу маблағ Жаҳон банкининг қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш лойиҳаси (200 млн доллар) доирасида молиялаштирилади.

Йил якунига қадар 15 минг 700 гектар токзорда томчилатиб суғоришни жорий этиш ва 1 мингта артезиан қудуқлар қазиш ишларини якунига етказиш учун бюджетдан 100 млрд сўм субсидия ажратилади. Узумзорлар ташкил этишни молиялаштириш учун банкларга 100 миллион доллар ресурс ажратилади.

Кўриниб турибки, узумчилик тармоғини кенгайтириш учун барча имкониятлар ишга солинади, зарур шароитлар яратиб берилди. Соҳада молиявий қўллаб-қувватлаш механизмлари йўлга қўйилади.

Албатта, мамлакатимизда тупроқ-иқлим шароитлари ниҳоятда қулайдир. Мавжуд салоҳиятни тўлиқ ишга солиш, шунга яраша катта даромад олишда катта аҳамиятга эга. Фақат ишлаб чиқарилаётган мева-узум маҳсулотлари ўсиб бораётган халқимиз ва хомашёни қайта ишлаш саноати эҳтиёжини тўлиқ таъминлаш учун ҳали яна талайгина ишларни амалга оширишга тўғри келади.

Йиғилишда жаҳон бозорида хўраки узумга талаб ортиб бораётгани, майиз ва табиий вино маҳсулотлари ҳам харидоргир экани, шу боис, бугун мамлакатда узумчиликни илғор тенденциялар асосида ривожлантириш зарурлиги алоҳида таъкидланди. Шундан келиб чиқиб, узум етиштиришда ҳам замонавий усулларни кенг жорий этиш, токзорлар маҳсулдор бўлиши учун биринчи навбатда ток илдизларининг ривожланиши учун оптимал шароит-яхши сув-ҳаво ва озуқа режимини яратиш, бунинг янгича технологияларини ўзлаштириш зарур, деб ўйлайман.

Дилором ИМОМОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси аъзоси

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?