Ваъдалар ўша-ўша...

Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Тошлоқ марказидан 14-15 км олисда, қўшни Ёзёвон билан чегара ҳудудда жойлашган Бесаранг маҳалласи интенсив усулда экспортбоп қовун етиштириш тажрибаси билан тилга тушди. Айни пайтда меҳнаткаш, самимий бесарангликларнинг ўз ҳаёти фаровонлигини таъминлаш борасидаги интилишлари ҳам эътиборга молик. Маҳалладошлар аҳиллиги ва уюшқоқлиги туфайли сўнгги йилларда «Ташаббусли бюджет» лойиҳасида 4 марта ғолиб бўлишди. Бу маблағ эвазига 3,5 км ички йўллар асфальт қилиниб, ҳудуддаги мактабга қўшимча бино қурилди. Электр таъминотини яхшилаш мақсадида баъзи кўчаларга янги таянч бетон устунлар ўрнатилди. Ўз навбатида «маҳалла еттилиги» учун замонавий шароитлар яратилди.
Аммо мингдан ортиқ оилада 4226 нафар аҳоли истиқомат қилувчи маҳалла аҳлини узоқ вақт мобайнида қийнаб келаётган муаммолар ҳам йўқ эмас. Айни пайтда ҳудудда 7 та ички кўча бўлиб, айримларида 25, ҳатто 60 йилдан буён рамақижон, қўлбола усулда ўрнатилган симёғочлардан фойдаланилмоқда. Шу боис шамол бўлса, фарзандлари ҳаётидан хавфсираган ота-оналар баъзан кўчада навбатчилик қилишларига ҳам тўғри келади.
— Бу симёғочлар ўрнатилганига 60 йилдан ошди, — дейди маҳалланинг Туркистон кўчасида яшовчи меҳнат фахрийси Қодиржон ота Холиқов. — Шамол бўлганида симлар узилиб, электр таъминотисиз қоламиз. Ўтган йиллар давомида жуда кўп масъуллар келиб, ҳаёт учун хавфли ва аянчли ҳолатни ўнглашга ваъда беришди. Аммо қўша-қўша ваъдалар берилган бўлсада, вазият ўша-ўша... Эски тос – эски ҳаммомлигича қолмоқда.
Маҳалланинг Қўрғон кўчасида қарийб 170 та хонадон бор. Бу кўчага илк оилалар бундан 25 йил олдин кўчиб чиққан. Маҳалла аҳли ҳашар йўли билан яқин йилларда ёзда чанг, қишда лой бўладиган кўчага шағал ётқизишди. Ҳозирча асфальт йўқ. Ичимлик сувини ҳам 1,5-2 км масофадан ташиб ичишади. Энг ёмони, ушбу кўчадагилар ҳам кўп йиллар мобайнида қаттиқроқ туртсанг йиқилиб тушадиган – қўлбола симёғочлардан қўрқиб яшайди.
— Ўтган йили шамолда сим узилиб, қўшнимизнинг сигирини ток урди, — дейди 20 йилдан зиёд мазкур кўчада истиқомат қилаётган Раҳматжон Бакиров. — Шу боис қиш-қировли кунлар, шамолда юрак ҳовучлаб яшаймиз. Болалар ўқиш ва ишдан қайтгунча хотиржамлигимиз йўқ. Муаммони ҳал этиш учун жиддийроқ фалокат бўлиши шартмикан, шунисига ҳеч тушунмаймиз?..
Маҳаллада ҳар бир оила муқим даромад манбаига эга. Агар давлат дастурлари доирасида ҳудуд инфратузилмасини яхшилаш учун амалий ҳаракатлар бошланса, ўзимиз ҳам қараб турмаймиз. Ўз маблағимиз ҳисобига маълум бир ишларни бажаришга қурбимиз етади. Фақат бу ишларни узоқни кўзлаган ҳолда сифатли ва аниқ режа асосида бажарилишини истаймиз.
Албатта, ҳаётбахш ислоҳотлар самараси босқичма-босқич Бесарангда ҳам яққол намоён бўлмоқда. Оилалар фаровонлиги, яхши ҳаётга бўлган интилиши йилдан йилга яхшиланиб бормоқда. Лекин инфратузилма, айниқса, электр таъминоти сифатини ошириш ва хавфсизлигини таъминлаш масаласи эътиборга муҳтож. Бугун маҳаллага келиб, вазиятни ўрганган одамлар дардига қулоқ тутган ҳар қандай масъул ҳақиқатдан ҳам ҳолат ислоҳ қилишга муҳтож эканини асло инкор этмаслиги аниқ.
Халқимизда «Ҳолва деган билан оғиз чучимайди» деган ибратли нақл бор. Бесарангдаги вазиятни ўнглаш, муаммони ижобий ҳал этиш учун қуруқ ваъдалар эмас, битта амалий ҳаракат керак.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендиялар миқдори 10 фоизга оширилади
- Кадастр паспортларини бериш муддатлари ўзгартирилди
- Олимлар Альцгеймер касаллигидан ҳимоя қилувчи парҳез ҳақида маълумот беришди
- Доллар курси ошишда давом этмоқда
- «Ғалаба боғи»да мудофаа инновацион технологиялари фестивали ўтказилди—Фоторепортаж
- Президент Маккада бўлиб турган муфтий шайх Нуриддин Холиқназар билан телефонлашди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг