Устоз ва мураббийларга юксак эҳтиром

Ғайрат Отажонов/“Халқ сўзи”. Бугун Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан юртимиз ривожи, мустақиллигимизни янада мустаҳкамлаш, навқирон ва билимли ёш авлодни тарбиялаш йўлида самарали меҳнат қилиб келаётган бир гуруҳ устоз, ўқитувчиларни мукофотлаш маросими бўлиб ўтди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Аманбай Оринбаев сўзга чиқиб, Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан йиғилганларни табриклади. Президентимизнинг “Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги фармони асосида мукофотланган Ватандошларимизга орден ва медаллар топширилди.
— Камтарона меҳнатим юксак мукофотланганидан хурсандман, — дейди Мўйноқ туманидаги 9-мактаб ўқитувчиси, II даражали “Соғлом авлод учун” ордени соҳибаси Зулфия Турдимуратова. — Бир неча йиллар илгари ўқитувчилар касб байрамини пахта далаларида кутиб олгани ҳеч кимга сир эмас. Ана шундай, ўқитувчига ва мактабларга эътибор сусайган бир пайтларда бизнинг мактабимиз ҳам таъмирталаб аҳволда эди. 2011 йилларда мактабнинг филиалини янгидан кўриш учун ўз номимга кредит олиб, мактабимизни янгилагандик. Эсимда, қурилишга етмай қолган маблағни тўлдириш учун уйимиздаги мол-эчкиларни сотишга мажбур бўлгандик. Бу кунлар энди тарих. Президентимизнинг Қорақалпоғистонга, шу жумладан Мўйноққа қаратаётган эътибори натижасида энг олис ҳудуддаги мактаблар ҳам замон талаблари даражасида таъмирланиб, зарур жиҳозлар билан таъминланмоқда. Биз ўқитувчилардан эртанги кун эгаларини билимли ва ҳар томонлама етук инсонлар қилиб тарбиялаш талаб қилинмоқда. Берилган мукофот бу борадаги ишларимизга куч-ғайрат бағишлайди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Президиуми қарорига мувофиқ, ёш авлодни Ватанни севиш ва мустақиллик ғояларига содиқлик руҳида тарбиялаш ҳамда уларни навқирон ва билимли ёшлар қилиб камолга келтириш йўлидаги фаоллиги учун бир гуруҳ юртдошларимиз фахрий унвонлар билан мукофотланди. Шунингдек, тадбирда Ўзбекистон Республикаси мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг “Халқ таълими фидойиси” ва “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишонлари билан тақдирланди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Жаҳон олимлари нигоҳи яна Ўзбекистонга қаратилди
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Ўзбекистонда долларнинг расмий курси ўзгарди
- Президент Исмоил Жўрабеков вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди
- Ўзбекистон ва Туркманистон: барқарор ривожланиш йўлидан бораётган давлатлар
- Тадбиркорлар янгича ёндашувлар асосида қўллаб-қувватланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг