Университетнинг билим ва тафаккур йўли

20:45 16 Январь 2026 Жамият
475 0

Бугун ёшлар парвозига қанот берилаётган, ёш авлодга ҳар замонгидан-да кўпроқ рағбат ва эътибор кўрсатилаётган даврда яшаяпмиз. Давлатимиз раҳбарининг илм-у заковатли, фаол ва интилувчан ёшларга нисбатан «Учинчи Ренессанс бунёдкори», «Ислоҳотларни ҳаракатлантирувчи куч», дея ишонч билдиргани ҳар биримизни шу юртнинг келажаги сифатида илм-маърифат камолоти йўлида ўзни намоён қилишга руҳлантирмоқда.

Ватаним ишончи, қўллаб-қувватловини ўз тақдирим мисолида ҳам кўриб, Янги Ўзбекистон билан бўйма-бўй ўсиб бораётган истиқлол тенгдоши, келажагини маърифат йўлида кўраётган ёш педагоглардан бири эканлигимдан бахтиёрман. Қалбимда эса орзуларимга кенг йўл очган давлатимга, қолаверса, ҳаётимга илм-маърифат нурини олиб кирган ҳамда эртанги кун истиқболи учун катта имкониятлар яратиб берган Фарғона давлат университетидан миннатдорлик ҳисси жўш уради.

Таъкидлаш керакки, Фарғона давлат университети деган қутлуғ ва шарафли ном нафақат республика, балки Марказий Осиёда етакчи олий ўқув юртларидан бири бўлиб танилган. Ўнлаб халқаро рейтинг ташкилотларининг эътирофи, университетнинг жаҳон таълим индикаторлари бўйича илгарилаб бораётгани бунинг исботидир. Натижада қарийб бир асрлик тарихга эга, айниқса, сўнгги йиллардаги катта ўзгариш ва ривожланишларга юз тутаётган университетимиз ҳар йили юзлаб, минглаб илм соҳибларини кашф этмоқда.

Университетда ёш тадқиқотчиларнинг илмий изланишларига кенг шароитлар яратилаётгани, энг замонавий таълим муҳити яратиб берилганининг ўзиёқ ёш олим ва олималар сафининг кенгайишига, илмий салоҳиятнинг сезиларли даражада кўтарилишига замин яратяпти. Талабалик йилларимдан бугунги ўқитувчилик фаолиятимгача бўлган даврда университет менинг тақдиримга ҳам тақдирдош, мақсадларимда йўлдош бўла олди. Қадрдон даргоҳ йиллар давомида тарбиялаб, бугунги камолимга чин маънода вобаста бўлди.

Ишонч ва имкониятлар сабаб 2025 йил сўнггида Алишер Навоий асарлари тадқиқига оид илмий ишимни муваффақиятли ҳимоя қилиб, филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасига эга бўлдим. Бу каби юксак орзуларимнинг амалга ошиши, шарафли касбим, устозлар изидан юриш бахти сабабчиси бўлмиш университетимга, устозларимга ҳамиша таъзимдаман.

Жонажон университетнинг бугунги юксалиши, олий таълим тизимини тубдан ривожлантиришга қаратилган ислоҳотларда фаол иштирок этаётгани барчамизни беҳад мамнун этади. Зеро, биз танлаган йўл – илм ва маърифат йўли ҳисобланади. Юксак билим ва тафаккурга эга баркамол авлод эса юрт келажагини таъминловчи куч-қудрат манбаи ҳамда энг ишончли инвестициядир.

Гулруҳ ТИЛЛАБОЕВА,

Фарғона давлат университети ўқитувчиси,

филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер