Умуммиллий ҳаракатга айланган эзгу ташаббуслар

10:09 19 Сентябр 2025 Жамият
57 0

Давлатимиз раҳбарининг “Камбағалликдан фаровонлик сари” мавзуидаги III халқаро форумнинг очилиш маросимида сўзлаган нутқида таъкидланганидек, янги Ўзбекистонда барча ислоҳотлар “Инсон қадри учун” деган тамойил асосида амалга оширилмоқда. Бу ислоҳотлар, аввало, аҳоли учун муносиб турмуш шароитларини яратиш ва камбағалликни қисқартиришни ўз ичига олади. Чунки инсон қадри фақат сўзда эмас, балки ҳар бир фуқаронинг ҳаётида, иқтисодий имкониятларида ўз аксини топиши керак.

Камбағаллик — нафақат иқтисодий, балки ижтимоий муаммо ҳамдир. У инсоннинг ўз салоҳиятини рўёбга чиқаришига, таълим олиш, соғлиғини сақлаш ва жамиятда муносиб ўрин эгаллашига тўсқинлик қилади. Шу боис янги Ўзбекистонда камбағалликни қисқартириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.

Камбағаллик юртимизда кўп йиллар ёпиқ мавзу бўлиб келди. Фақат 2020 йил 24 январь куни Президенти­мизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида бу ҳақда очиқ-ойдин гапирилди ва тарихимизда биринчи марта камбағалликни қисқартириш устувор вазифа сифатида белгиланди. Шунингдек, айнан тадбиркорликни ривожлантириш, таълимга эътиборни ошириш ва касбга тайёрлаш орқали камбағалликни камайтириш мумкинлиги қайд этилди.

Мутахассисларнинг фикрича, камбағалликдан чиқишнинг энг тўғри йўли — бу таълим сифатини яхшилаш. Ишни болалардан бошлаш керак. Билимли, маърифатли инсон, тадбиркорлик руҳида ўсиб улғаяётган авлод иштиёқ билан ўқийди, яхши ҳаёт қуриш, ўзи ва оиласи фаровонлигини таъминлаш учун ишлайди.

Бугунги кунда Ўзбекистонда давлатимиз раҳбари ташаббуслари асосида жадал амалга оширилаётган ислоҳотлар сиёсий, иқтисодий, маъмурий, ижтимоий-маънавий соҳаларни қамраб олиши билан бир қаторда камбағалликка ҳам буткул барҳам беришга хизмат қилади. Камбағалликка қарши пул билан эмас, ақл ва билим билан курашиш керак. Шунинг учун камбағалларга “балиқ эмас, қармоқ бериш”, яъни уларни билимли қилиш, касбга ўргатиш ва бизнесга тортиш — энг тўғри йўл. Президентимизнинг қайта-қайта такрорлайдиган “Менинг энг катта мақсадим — одамларни бой қилиш” деган сўзлари замирида айнан қашшоқликни тугатиш мақсади ётади.

Сўнгги саккиз йилда одамларнинг ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя этиш, уларни муносиб иш жойи билан таъминлаш, даромадини кўпайтириш, турмуш шароитини яхшилашга қаратилган улкан хайрли ишлар амалга оширилди. Изчил ислоҳотлар туфайли 7,5 млн. аҳоли камбағалликдан чиқарилиб, унинг даражаси 2024 йилда 8,9 фоизга туширилди. 2025 йил якунигача бу кўрсаткични 6 фоизгача камайтириш мақсад қилинган.

Албатта, қисқа муддатда бундай натижаларга эришиш ўз-ўзидан бўлмайди. Президентимизнинг прагматик ва оқилона сиёсати туфайли ўтган даврда мамлакатимиз иқтисодиёти 2 карра ўсгани, йил якуни билан аҳоли жон бошига даромад 3,5 минг долларга етиши бу борада муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда. Янги ташаббус ва тажрибалар синовдан ўтказилди. Дунёдаги ижобий ютуқлар ўрганилиб, камбағалликни қисқартириш бўйича Янги Ўзбекистон модели яратилди. Бутун халқаро жамоатчилик бу моделни эътироф этди.

Ўхшаши йўқ янги тизим ўзини оқлади

Аввало, ўтиш даврининг муҳим инструменти бўлган манзилли ижтимоий дафтарлар жорий этилиб, барча эҳтиёжманд оилалар қамраб олинди. Пандемия даврида 800 минг оилага бепул дори-дармон, 255 минг оилага озиқ-овқат маҳсулотлари, яна 1 млн. 200 минг оилага ижтимоий нафақалар берилди. Бу мақсадлар учун жами 8 млрд. долларлик маблағ ва имтиёзлар тақдим этилди. Натижада 5 млн. 200 минг нафар одам “камбағаллик қопқони”га тушиб қолишдан ҳимоя қилинди. Шу йилнинг ўзида 2 млн. 700 минг аҳолига ижтимоий хизмат ва ёрдамлар кўрсатилди. Айниқса, камбағал оилаларнинг парваришга муҳтож аъзоларига янги ижтимоий хизматлар йўлга қўйилгани туфайли 50 минг нафар меҳнатга лаёқатли аҳоли учун ишлаш имкони яратилди.

Жамиятнинг энг қуйи бўғинигача тушиб, маҳаллабай ишлаш тизимининг йўлга қўйилгани ўзини ҳар томонлама оқлади. Ҳар бир хонадон, ҳар бир оила билан индивидуал режа асосида ишлаб, даромадни кўтариш учун етарли ресурс ажратилди. Қишлоқ аҳолисини даромадли қилиш учун 235 минг гектар пахта ва ғалла майдони қисқартирилиб, одамларга 30 — 50 сотихдан ер ажратишнинг янги механизми жорий қилиниши натижасида 800 минг кишининг даромади ошди.

Энг муҳими, одамларга фақат моддий ёрдам берилмаяпти, улар тадбиркорлик илмига, бизнес инноваторлигига ҳам ўргатилмоқда. Аҳолини тадбиркорлик фаолиятига жалб қилиш жараёни фаол давом этмоқда. Бизнесни ривожлантириш учун имконият кўп. Бўлғуси ишбилармонларга лойиҳаларни ишлаб чиқишда ёрдам, кредит берилмоқда, оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш марказлари очилган.

Аёллар ва ёшлар, шу жумладан, лицей ва коллеж битирувчиларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хотин-қизларни жамиятнинг фаол аъзосига айлантириш масаласи ҳам давлат сиёсати даражасига олиб чиқилди. Бугунги кунда хотин-қизларга олийгоҳда ўқиш учун фоизсиз кредит ажратиш, магистратурада бепул таълим олиш тизими жорий этилгани ҳеч кимга сир эмас. Айни пайтда талабаларнинг 53 фоизини хотин-қизлар ташкил қилаётгани, шу йилнинг ўзида 1 млн. 700 минг аёл ишли бўлгани таҳсинга сазовор.

Бу ишни давом эттириб, “Рақамли авлод қизлари” дастури доирасида 50 минг нафар қизни IT, финтех ва сунъий интеллектга ўқитиш режалаштириляпти. Бундан ташқари, аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш учун 1,5 млрд. доллар ажратилди. Ушбу маблағларни янада кўпайтириб, келгуси йили яна 2 млн. аёл доимий даромадли бўлиши учун шароит яратиш мақсад қилинган. 2026 йилдан меҳнат бозорида аёллар учун тенг шароит яратиш мақсадида ижтимоий суғурта тизими қамрови кескин оширилади. Бу уларнинг камбағалликка тушиб қолмаслигини кафолатлайди. Қолаверса, хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини янада кўтариш бўйича янги-янги тажрибаларни ўртоқлашиш мақсадида келгуси йил Наманганда Осиё ишбилармон аёллар форумини ўтказишга қарор қилинди.

Одамларни касбга ўргатиш — муҳим масала

Камбағалликдан чиқишнинг энг муҳим йўналишларидан бири — одамларни касбга ўргатиш. Чунки ҳамма ҳам бизнес юрита олмайди. Оммавий тарзда кредит ажратилиши ҳам вазиятдан чиқишга имкон бермайди. Камбағалликни камайтириш — одамларда тадбиркорлик руҳини уйғотиш, ички куч-қуввати ва салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш, янги иш ўринлари яратиш бўйича комплекс иқтисодий ва ижтимоий сиёсатни амалга ошириш, демакдир.

Афсуски, жамиятда давлат ёрдамига қараб ўтирадиган, боқимандаликка ўрганиб қолганлар ҳам талайгина. Ваҳоланки, ҳар бир оиланинг ўзига яраша кам-кўсти, эҳтиёжлари бўлади. Фарзандлар ўсиб-улғайиб оёққа тургунига қадар уларнинг таъминоти билан шуғулланиш керак. Лекин оила бошлиғи танбал ва ишёқмас бўлса, ортиб борувчи эҳтиёжлар охир-оқибат уни боши берк кўчага олиб киради. Энди у жамиятдан, давлатдан нолий бошлайди. Дангасалик иллати қайси халқда илдиз отса, албатта, заифлаштиради, тараққиёт карвонидан ортда қолдиради ва вайрон қилади. Бекорчилик энг зарарли офатлардан. Секин-аста инсонни ишдан чиқаради, ҳаётини барбод этади. Камбағаллик айб эмас, аммо у ялқовлик сабабидан келган бўлса, катта айбдир. Дунёнинг ободлиги эса фақат яхши амаллар, меҳнат ва тадбир билан ҳосил бўлади.

Ҳали-ҳануз томорқасидан фойдаланишни билмайдиганлар оз эмас. Рақамлар эса қуйидагича: ўз томорқасига эга 5 млн. 105,5 мингдан ортиқ хонадонлардан қарийб 176 мингтаси ердан самарасиз фойдаланмоқда. Бу дегани, ўн сотих ерга тўртта дарахт экиб, ерга кетмон урмаслик ёки катта майдонга фақат жўхори ва беда экиш ҳам самарасизликдир. Биз одамлар томорқада умуман ишламаяпти, деган қарашдан йироқмиз. Лекин имкониятнинг катта қисмини бой бераётганимиз ҳам аччиқ ҳақиқат.

Ҳолат рақамларда кўзга яққол ташланади. Агар унумдорлиги паст томорқаларнинг ҳар бирини шартли равишда ўртача 5 сотихдан деб олсак, умумий ҳисобда салкам 9 минг гектар ердан унумли фойдалана олмаётган бўламиз. Аслида, қишлоқ шароитидаги аксарият томорқалар майдони 5 сотихдан катта. Бу минимум ҳисоб-китобда ҳам жуда катта йўқотиш, дегани. Ёнма-ён икки қишлоқда, ҳатто икки қўшни томорқасида икки хил аҳволни кўп кўрганмиз. Умуман олганда, томорқаси бор одам камбағал бўлиши мумкин эмас. Аммо ҳайҳотдек томорқаси бўла туриб, рўзғорини тебратолмай юрганлар бор.

Афсуски, қишлоқ хўжалигида кўп депсинишлар бўлди, ерга хўжасизларча муносабат давом этди. Буларнинг оқибатини изоҳлаб ўтиришга зарурат бўлмаса керак. Агар қишлоқ хўжалигига илмий ёндашиб, ишимизни илғор тажрибалар асосида ташкил эта олганимизда бугун иқтисодиётимиз ҳам, ҳаётимиз ҳам бошқача — ҳозиргидан бир неча баробар юқори бўларди. Бу аччиқ ҳақиқатлар бизга ҳар қандай ишни чуқур ўйлаб, ҳар томонлама ҳисоб-китоб қилиб, бошқалар тажрибасини ўрганиб, сўнг бошлашдан сабоқ бермоқда. Буйруқ бериш осон. Бир оғиз гап билан қайсидир ишни бошқа ўзанга буриб юбориш ҳам қийин эмас. Аммо етарли илмий асосга эга бўлмаган буйруқлар оқибатини бартараф қилиш жуда мураккаб бўлишини ҳам кўрдик.

Бугун дунё иқтисодиёти ўзаро қарама-қаршиликлар, қуролли можаролар, экологик муаммолар туфайли беҳисоб зиён кўрмоқда, озиқ-овқат хавфсизлиги жиддий муаммога айланиб бормоқда. Масала ривожланган давлатларни ҳам ташвишга солмоқда. Бу вазиятдан ҳар ким имконияти ва танлаган йўлига яраша чиқади, албатта. Аммо озиқ-овқат масаласи ерга, қишлоқ хўжалигига боғлиқлигини инкор этиб бўлмайди. Шунинг учун ҳам бугун қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, соҳадаги имкониятларимиздан самарали фойдаланишга қаратилган стратегия ишлаб чиқилиб, амалга ошириш йўлидан борилмоқда.

Муаммодан халос бўлишнинг яна бир йўли

Камбағалликни қисқартиришда аҳоли соғлиғини ҳимоя қилишнинг ҳам ўз ўрни бор. Аҳоли соғлиғини асраш, саломатлигини тиклаш ҳам камбағалликдан тезроқ халос бўлишнинг яна бир йўли. Чунки халқ саломат бўлса, юрт бой бўлади. Одамлар дори-дармонга камроқ пул сарфлайди. 2019 йилда Нобель мукофотига сазовор бўлган уч олим — америкалик Майкл Кремер ва Абхижит Банержи ҳамда франциялик Эстер Дюфло камбағалликка қарши курашда таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаси боғлиқлигини, бошқача айтганда, камбағалликни қисқартиришда бу икки соҳа ривожи жуда самарали эканини амалий жиҳатдан исботлади.

Инсон саломатлигини муҳофаза қилмай туриб, унинг имкониятларини тўлақонли рўёбга чиқариб бўлмайди. Шу боис мамлакатимизда 140 минг камбағал оилага шифокор бириктирилиб, уларни йилига бир марта тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказиш тартиби йўлга қўйилди. Энди кафолатланган тиббий хизматларни кўпайтириб, камбағал оилаларнинг бунга сарф қиладиган харажатини 2 карра қисқартириш мўлжалланмоқда.

Бундан ташқари, таълим орқали одамларнинг саводини кўтариш, банд­лигини таъминлаш мумкин. Бу борада ҳам амалий ишларга қўл урилди. Фарзандларимизнинг боғчалардаги қамрови 27 фоиздан 78 фоизга ошгани натижасида 1 млн. нафар аёл таълим олиш, касб-ҳунар ўрганиш ва даромад топиш имконига эга бўлди. Президентимиз таъкидлаганидек, ҳар бир камбағал оилада камида 1 нафар олий маълумотли йигит ёки қиз бўлиши учун имтиёзли таълим кредити ва давлат грантлари кўпайтирилади. Халқаро стандартлар асосида Касбга тайёрлаш халқаро марказлари ташкил этилади, уларнинг битирувчиларига хорижда тан олинадиган сертификатлар бериш йўлга қўйилади.

Инновацион тарзда ташкил қилинган “Ишга марҳамат” мономарказларида турли замонавий касб­лар асосида ёшларни иш билан таъминлаш бош масала этиб белгиланган. Марказ фаолиятидаги энг муҳим жиҳат шуки, қисқа муддатда ёшларни меҳнат бозоридаги талаб юқори касбларга тайёрлайди. Мономарказда қурилиш, техник мутахассислик, хизмат кўрсатиш, компьютер ва молиявий саводхонлик, хорижий тиллар бўйича мутахассислар тайёрлаш кўзда тутилган. Ўқув курслари давомида тадбиркорлик ҳуқуқи, бозор иқтисодиёти, бизнес юритиш қоидалари, солиққа тортиш асослари, экспорт ва импорт операциялари, маркетинг асослари бўйича энг сўнгги замонавий билимлар бериб борилади.

Кейинги йилларда юртимизда ёшлар билан ишлаш бўйича дунёда ўхшаши кам бўлган вертикал бошқарув тизими яратилганини таъкидлаш лозим. Бу эса маҳаллалардаги ёшлар етакчилари орқали қанча-қанча йигит-қизларни касб-ҳунарга ўқитиш, бандлигини таъминлаш, бўш вақтини мазмунли ўтказиш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ кўплаб масалаларни қуйи бўғиннинг ўзида ҳал этиш имконини бермоқда. Ёшларни катта даромад келтирадиган касбларга ўргатиш, юқори қўшилган қиймат яратадиган лойиҳаларни кўпайтиришга қаратилаётган эътибор туфайли камбағаллик кўлами қисқармоқда.

Ўзини ўзи бошқаришнинг ноёб тузилмаси

Камбағалликни қисқартириш соҳасидаги ўзига хос ва бошқа мамлакатлардан тубдан фарқ қиладиган жиҳат — юртимизда маҳалла институтининг мавжудлиги. Ўзини ўзи бошқаришнинг мазкур ноёб тузилмаси жамият бошқарувининг энг қуйи таянч бўғинидир. Шу сабабли маҳалладаги ислоҳотлар аҳоли фаровонлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш самарадорлигига бевосита таъсир этади.

Маҳаллада ҳар бир оиланинг турмуш даражасини мониторинг қилиш орқали яшаш шароити, асосий ижтимоий хизматларга эҳтиёжларини аниқлаш имкони мавжуд. Шунинг учун камбағаллик кўламини объектив баҳолаш, мониторинг қилиш, аниқ чора-тадбирлар кўришда маҳалланинг ўрни ва аҳамияти жуда катта. Маҳаллаларнинг “ўсиш нуқталари”ни аниқлаш ва янги, жумладан, драйвер лойиҳаларни амалга оширишда ташаббускорларга кўмаклашиш, шу орқали иқтисодий ўсишни таъминлаш, мавжуд имкониятларни ўрганиш ва самарали фойдаланиш билан жойларда тадбиркорлик ва рақобат муҳитини яхшилаш, самарадорлик ва даромадлилик тамойилларидан келиб чиқиб, тадбиркорларга сифатли хизмат кўрсатиш, маслаҳат бериш ва бизнес режалари тайёрлаш учун мижозга йўналтирилган хизмат кўр­сатиш тизимини такомиллаштириш бу жараёндаги муҳим вазифалардан.

Бугун ҳар бир маҳаллага бизнес муҳити, ҳар бир оилага фаровонлик кириб бораётганини одамлар ўз ҳаётида ҳис этмоқда. Бундай кенг кўламли саъй-ҳаракатлар ҳисобига Ўзбекистон 2030 йилга қадар камбағалликни икки карра қисқартириш бўйича олган мажбуриятини барвақт бажаришга ҳаракат қилмоқда. Янги Ўзбекистон камбағалликни қисқартириш борасида Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш йўлида қатъий қадамлар қўймоқда. Аминмизки, амалга оширилаётган ислоҳотлар ўз самарасини беради ва Ўзбекистон бу борада ҳам барча мажбуриятларини бажаришга эришади. Зеро, инсон қадри улуғланган юртда ҳар бир фуқаронинг бахтли ва фаровон ҳаёт кечириши учун шароитлар мавжуд.

Тўлқин ТЕШАБОЕВ,

Тошкент давлат иқтисодиёт университети ректори,

иқтисодиёт фанлари доктори, профессор.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?