Умумий тарихдан — умумий келажак сари

10:40 21 Ноябрь 2025 Сиёсат
116 0

XXI асрнинг иккинчи чораги арафасида Марказий Осиё ҳудудида тараққиётнинг янги даври бошланди. Минтақа давлатларида мустақилликнинг дастлабки йиллари асосий эътибор иқтисодий барқарорлик ва сиёсий тизимни шакллантиришга қаратилган бўлса, бугунги кунга келиб интеграция, хавфсизликни таъминлаш, иқтисодий диверсификация ва глобал жараёнларда фаол иштирок этиш устувор мақсадга айланмоқда. Сўнгги йилларда минтақанинг географик жойлашуви, ресурс салоҳияти, транспорт йўлаклари ва глобал ташаббуслар билан боғлиқлиги унинг стратегик қийматини янада оширди.

Дунё бўйлаб ҳукм сураётган глобал иқтисодиёт занжирларидаги узилишлар, шунингдек, иқлим ўзгариши, озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлиги билан боғлиқ муаммоларнинг кескинлашиши фонида Марказий Осиёнинг халқаро муносабатлардаги аҳамияти тобора ортиб бормоқда. Минтақа глобал иқтисодий ва сиёсий ландшафтнинг муҳим нуқтаси, интеграцион жараёнларнинг ташаббускори сифатида намоён бўлмоқда.

Қайд этиш лозимки, минтақамиз айни шу босқичга етгунча анча қийинчиликларни бошдан ўтказди. Мустақилликнинг илк йилларидаги иқтисодий мураккабликлар, чегаралар борасидаги келишмовчиликлар, мамлакатлар лидерларининг ўзаро тил топишолмаслиги оқибатида совуқлашган муносабатлар туфайли юзага келган низоли ҳолатлар — буларнинг бари яқин ўтмишда атрофимизда ҳукм сурган воқелик эди.

Яратганга шукрки, бугун биз тинчлик-тотувлик, яхши қўшничилик ва ўзаро дўстона муносабатлар ҳақида гапиряпмиз ва бу биздек маданияти, тарихи, тили бир-бирига яқин, бир дарёдан сув ичиб, руҳияти бир илдиздан озиқ оладиган халқлар учун табиий ҳодиса эканига ишонч ҳосил қиляпмиз.

Президентимизнинг яқинда оммавий ахборот воситаларида чоп этилган “Марказий Осиё янги давр остонасида” сарлавҳали мақоласида айнан шу бирдамликни таъминлаш учун қандай мураккаб йўллар босиб ўтилгани, муаммолар ва уларнинг амалий ечимлари ҳақида сўз боради.

Мақолада таъкидланганидек, бу — ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолган жараён эмас, балки умумий тақдири ва биргаликда тараққий этиш салоҳиятини англаб етган мамлакатларимиз етакчиларининг аниқ мақсадга қаратилган саъй-ҳаракатлари ва сиёсий иродаси натижаси. Айни пайтда ушбу жараён ўзаро ишонч муҳитида тобора қизғин тус олаётгани Марказий Осиё мамлакатлари халқлари томонидан қўллаб-қувватланаётган минтақавий ҳамкорлик кенг кўламдаги заруратга айланганидан далолатдир.

Сўнгги йилларда ўзаро ишонч ва ҳамкорлик сезиларли даражада ошгани ва бутун минтақа бўйлаб кузатилаётган бунёдкорлик кайфияти, ўзаро яқинлашув жараёнлари туфайли Марказий Осиё XXI асрнинг глобал геосиёсий ва иқтисодий контекстида ўзига хос аҳамият касб этмоқда.

Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг мунтазам ўтказиб келинаётган Маслаҳат учрашувлари, ўзаро савдо алоқаларининг ўсиши, сув, энергетика ва экология соҳасидаги қўшма стратегиялар, ҳамжиҳатликда ривожланишга қаратилган ташаббуслар янги сиёсий муҳитни вужудга келтириб, минтақанинг ягона иқтисодий-сиёсий майдон сифатида шаклланишига асос солди.

Мақолада таъкидлаб ўтилганидек, Маслаҳат учрашувлари формати йўлга қўйилган 2017 йил минтақавий ҳамкорлик тарихида туб бурилиш ясади. Минтақа етакчилари кўп йиллар мобайнида биринчи марта ташқи воситачиларсиз тизимли ва мунтазам мулоқотни бошладилар. Бу ишончга, очиқлик ва умумий манфаатларни англашга асосланган янгича сиёсий тафаккур рамзига айланди. Айнан Маслаҳат учрашувлари доирасидаги мулоқот туфайли эски даврдан қолган бир қатор келишмовчиликларни бартараф этиш ва ишончсизликдан ҳақиқий ҳамкорликка ўтишга эришилди.

Бу борада энг муҳим ютуқлардан бири — чегара масалаларининг узил-кесил ҳал этилгани. Қўшнилар билан ўзаро чегараларнинг барчаси илк бор ҳуқуқий жиҳатдан расмийлаштирилди ва ўнлаб йиллар давомида кескинлик манбаи бўлиб келган масалага нуқта қўйилди. Айниқса, жорий йилда Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон ўртасида уч давлатнинг чегаралари туташган нуқта тўғрисидаги Шартнома ва Хўжанд декларациясининг имзолангани катта тарихий аҳамиятга эга бўлган воқеадир.

Албатта, бугун биз ҳақли равишда ютуқ сифатида баҳолаётган, минтақа халқларининг турмуш тарзига ижобий таъсир кўрсатаётган интеграцион жараёнлар замирида фаол саъй-ҳаракатлар мавжуд. Мақолада санаб ўтилган келишувлар, битимларга қисқа вақт ичида эришилди ва у бугун бутун бир минтақа ҳаётида муҳим аҳамият касб этмоқда. Хусусан, нафақат Марказий Осиёни, балки дунёнинг каттагина қисмини ҳалокат гирдобига тортаётган экологик муаммолар, сув танқислиги масаласи ҳам ўзининг оқилона ечимини топди дейиш мумкин.

Яқин-яқингача кескин келишмовчиликларга сабаб бўлиб келган сув-энергетика соҳасида ҳам принципиал ижобий ўзгаришлар рўй бермоқда. Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон ўртасида тузилган “Қамбарота ГЭС-1” лойиҳасини биргаликда амалга ошириш тўғрисидаги битим, Тошкент ва Бишкек ўртасида Чашма булоғидан биргаликда фойдаланиш тўғрисидаги келишув, Ўзбекистон, Тожикистон ва Қозоғистон ўртасида Баҳри Тожик сув омборини вегетация даврида келишилган тартибда ишлатиш бўйича, шунингдек, Туркманистон билан ҳукуматлараро битим доирасида Амударё сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш юзасидан келишувлар узоқ йиллик зиддиятларнинг ечимига яққол мисол бўла олади.

Минтақа давлатларининг “олтин ўрталик”ни топгани қардош халқлар тақдирига дахлдор муаммоларни бартараф этиш билан бир қаторда, дунё мамлакатларининг ҳам Марказий Осиёга ягона макон сифатида нигоҳ ташлашига сабаб бўлди. Президентимиз мақоласида айтиб ўтилганидек, илгари ташқи ҳамкорлар алоқаларни, асосан, икки томонлама асосда қурган бўлса, бугунги кунда дунёнинг етакчи давлат ва бирлашмалари Марказий Осиё билан муносабатларни яхлит минтақавий шерик сифатида ривожлантирмоқда.

Бу жараёнлар натижасида эса дунё харитасида бешта алоҳида давлатдан иборат Марказий Осиё эмас, минтақавий бирликни ифода этувчи ягона макон юзага келмоқда. Бундай бирлашувнинг замирида эса ўзаро ишонч, қатъий сиёсий ирода ва 80 миллиондан ортиқ аҳоли тақдирига дахлдор муштарак мақсадлар ётибди.

Президентимиз бу борада фикр юритар экан, Марказий Осиёнинг ҳар бир давлати ўз саъй-ҳаракатларини иқтисодиётни ривожлантириш, ишончни мустаҳкамлаш, минтақавий ҳамкорликни кенгайтиришга йўналтириш орқали минтақамиз барқарорлиги ва фаровонлигини таъминлашга сезиларли ҳисса қўшаётганини таъкидлайди. Хусусан, Қозоғистон транспорт йўлакларини фаол ривожлантирмоқда, чегара пунктларини модернизация қилмоқда, савдо тўсиқларини бартараф этмоқда ва маданий-гуманитар алмашинув бўйича лойиҳаларни амалга оширмоқда. Қирғизистон ва Тожикистон музликларнинг эриши билан боғлиқ масалаларда изчил ҳамкорлик қилмоқда, энергетика тизимларини модернизация қилиш ва транспорт жиҳатдан ўзаро боғлиқликни ривожлантириш бўйича лойиҳаларни амалга оширмоқда. Туркманистон тинчлик ва ишончни мустаҳкамлаш, минтақанинг транспорт-транзит салоҳиятини ошириш, БМТнинг Орол ҳавзаси ва иқлим технологиялари бўйича дастурини қабул қилишга доир муҳим ташаббусларни илгари сурмоқда.

Президентимиз Марказий Осиёдаги демографик жараёнларни таҳлил қилиб, минтақа аҳолисининг ўртача ёши атиги 29 ёшни ташкил этаётганини, олдимизда бу ресурсни тараққиёт ва инновациянинг қудратли омилига айлантириш, ёшларимизнинг истеъдоди ва имкониятларини рўёбга чиқариш учун шароит яратиш вазифаси турганини таъкидлайди. Бу давлатимиз раҳбарининг узоқни кўра олувчи лидер сифатида нафақат бугунги кунимиз, балки келажагимиз учун ҳам қайғураётганининг яққол намунасидир.

Умуман, Президентимизнинг юксак минбарларда туриб сўзлаган нутқлари, оммавий ахборот воситаларида ёритилган мақолалари билан танишар эканмиз, уларда нафақат бугунги кундаги, балки узоқ муддатли тараққиётимизни таъминлашга қаратилган кўплаб эзгу ғоялар ва ташаббусларни кўрамиз. “Марказий Осиё янги давр остонасида” мақоласи ҳам бундан мустасно эмас. Унда давлатимиз раҳбари Марказий Осиёнинг барқарорлиги ва ривожланиш суръатларини таъминлаш билан боғлиқ қатор омилларни ҳам санаб ўтар экан, минтақавий ҳамкорликни янада чуқурлаштириш, таҳдид ва хатарларга қарши курашиш бўйича умумий салоҳиятни шакллантириш борасида олдимизда турган вазифалар ҳақида сўз юритади. Иқтисодий соҳада ички минтақавий савдони ривожлантириш, чегаралардан ўтиш тартиб-таомилларини соддалаштириш ва ўзаро инвестициялар учун қулай шароитлар яратиш муҳимлигига эътибор қаратади. Саноат кооперациясини фаоллаштириш, минтақавий ва ҳудудлараро етказиб бериш занжирларини шакллантириш, чегараолди савдо зоналарини ривожлантириш, транспорт ва иқтисодий йўлаклар тармоғини кенгайтириш, транспорт, энергетика, қишлоқ хўжалиги ва рақамли иқтисодиёт соҳаларида қўшма лойиҳаларни илгари суриш зарурлигини таъкидлайди. Иқлим ўзгаришларига мослашиш, транс­чегаравий сув ресурслари ва биологик хилмахилликни асраш, “яшил” энергетика ва кам углеродли технологияларга ўтиш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларга алоҳида эътибор қаратишимиз лозимлигига урғу беради.

Ҳар доим бўлганидек, Президентимиз гуманитар ҳамкорлик масалаларини ҳам эътибордан четда қолдирмайди. Бу борада умумий ахборот маконини яратиш, таълим, соғлиқни сақлаш сифатини ошириш, ижтимоий соҳани, жумладан, туризмни ва ёшларга оид қўшма дастурларни ривожлантириш халқларимиз ўртасидаги ўзаро англашувни мустаҳкамлашга бевосита хизмат қилишини таъкидлайди.

Давлатимиз раҳбари бугунги кунда тобора муҳим аҳамият касб этаётган ташқи сиёсат борасида фикр юритар экан, Марказий Осиё мамлакатларининг келишилган ёндашувларини ишлаб чиқиш муҳим йўналиш эканлигини қайд этади. Геосиёсий беқарорлик тобора ортиб бораётган ва жаҳон куч марказлари ўртасида рақобат кучайган шароитда минтақа давлатларининг халқаро майдондаги позицияларини мувофиқлаштириш барқарорлик ва умумий манфаатларни ҳимоя қилишнинг муҳим омилига айланаётганини, шу боис асосий ҳамкорлар билан прагматик алоқаларни йўлга қўйишда ўз самарадорлигини исботлаган “Марказий Осиё плюс” форматларини янада ривожлантириш зарурлигини айтади.

Шуни эътироф этиш керакки, Президентимизнинг саъй-ҳаракатлари ва яқин қўшнилар билан олиб бораётган оқилона ташқи сиёсати натижасида бугун кучли, барқарор ва фаровон минтақа — Янги Марказий Осиёнинг мус­таҳкам пойдевори яратилди. Буни нафақат биз, балки бутун дунё жамоатчилиги бир овоздан эътироф этмоқда.

Мақолада билдирилган фикрлар, илгари сурилган ғоялар минтақа мамлакатлари ўртасидаги парламентлараро алоқаларнинг ҳам кун тартибини белгилаб беради. Бинобарин, қўшни давлатлар билан парламент алоқаларини янада мустаҳкамлаш ва умумий мақсадлар сари саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш ўзаро ҳамкорлик муносабатларида муҳим ўрин тутади.

Президентимизнинг Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари билан учрашувларда, халқаро анжуманларда халқларни, маданиятларни бирлаштиришда, мамлакатлараро яқин ҳамкорлик муносабатларини йўлга қўйишда парламент дипломатиясининг ўрнига алоҳида эътибор қаратиши бежиз эмас. Хусусан, Туркманистондаги “Аваза” миллий сайёҳлик зонасида бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг учинчи Маслаҳат учрашувида ҳам минтақавий ҳамкорлик жараёнларига барқарор тус беришда “халқ дипломатияси”, парламентлар, фуқаролик жамияти институтлари ва медиа соҳаси салоҳиятидан янада кенг фойдаланиш муҳим эканини таъкидлаган эди.

Мамлакатимиз етакчисининг парламентлараро ҳамкорликка оид ташаббуслари моҳиятан стратегик ва институционал бўлиб, улар минтақавий интеграция жараёнларида вакиллик органларининг роли нақадар муҳим эканини кўрсатади. Парламентлар орасидаги алоқаларнинг кенгайиши “халқ дипломатияси” ва жамоат институтлари орқали ҳамкорликни янада мустаҳкамлайди, минтақада демократик институтларнинг ривожланиши учун ижобий сигнал бўлади. Шунингдек, парламентлар ўзаро комиссиялар, қўшма қўмиталар ва форумлар орқали “парламент дипломатияси”ни амалга ошириб, ишончни мустаҳкамлаш ва давлатлар ўртасидаги ҳамжиҳатликни кучайтиришга хизмат қилади.

Давлатимиз раҳбарининг мақолада келтириб ўтилган режалари нафақат иқтисодий ҳамкорликни кучайтиришга, балки минтақавий барқарорлик, транспорт-инфратузилма, экология, маданий ва илмий интеграцияни ривожлантиришга қаратилган. Бу ташаббуслар амалда муваффақиятли ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун катта имкониятлар эшигини очади. Минг йиллик давлатчилик тарихига эга бўлган ушбу заминдаги бирлашув, яратувчанлик ва бунёдкорлик жараёнлари ортга қайтмас йўл бўлиб, бунда тинчлик, барқарорлик ва умумий фаровонлик сари биргаликда қадам ташлаш барча давлатлар олдидаги тарихий масъулиятдир.

Танзила НОРБОЕВА,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер