Улуғ Навоийга ҳурмат-эҳтиромнинг юксак ифодаси
Темурийлар ренессансининг даҳо сўз санъаткори, атоқли давлат ва жамоат арбоби Алишер Навоийнинг муҳташам ҳайкали Адиблар хиёбонида янги Ўзбекистонга хос услубда қайтадан бунёд этилди.
Адиблар хиёбонининг илк фахрли меҳмони Президентимиз бўлди ҳамда улуғ Навоийнинг муҳташам ҳайкали пойига чўғдек ёниб турган атиргуллардан иборат гулдастани армуғон қилди.
Буюк мутафаккир хиёбон тўрида, баланд кўшкдан туриб, атрофга ўзига хос салобат билан боқиб турибди. Бошқа мумтоз ва замонавий шоир ҳамда адиблар ҳайкаллари эса улуғ бобомизга қаратиб ўрнатилган. Зеро, улар Алишер Навоийга эргашиб қалам тебратган, руҳланган, илҳомланган, уни ўзларига увайсий устоз, деб юксак қадрлаган.
Бир умр нафақат сўз мулки, кўнгил мулкининг, балки юрт, халқ, олам аҳли, мулк ишининг ташвишини чеккан, манфаатини ўйлаган, эзгуликни тараннум қилган улуғ Навоийнинг дурдона асарларини мутолаа қилар эканмиз, унинг лирик ва насрий асарлари хотимасида ёки фасоҳатли шеърлари мақтаъсида «мени дуода ёд, фотиҳада шод этинг», деб битган рамзий маънодаги васиятига кўзимиз тушади. Қувонч шулки, боқий Навоий васияти ҳануз амалда, ижродаки, бунинг амалий исботининг бир гўзал намунаси Адиблар хиёбонининг мазмун-моҳиятида мужассам.
Бу ерга ёдгорликлари ўрнатилган ижодкорларнинг ижоди ва фаолиятини ўрганар эканмиз, уларнинг улуғ мутафаккир ҳаёти ҳамда асарларидан адабий таъсирланганига гувоҳ бўламиз.
Масалан, шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур Ҳирот сафарида юрар экан, йигирма кун мобайнида устози Навоийнинг «Унция» номи билан машҳур бўлган уйида яшаган. Унга юксак ихлос билан қараган. Бобур навоийшунос сифатида муҳташам «Бобурнома»да у ҳақида йигирмага яқин ишончли маълумотларни мароқ билан ёзиб қолдирган. Ҳатто китобда тасвирланган тарихий шахслардан биринчи бўлиб Навоий номини учратамиз ва рамзий маънода «Бобурнома» унинг азиз номи билан бошлангандек туюлади. Бобур Навоий номининг дунёга ёйилишида улуғ хизмат қилган. Яъни турли даврларда «Бобурнома» Европа, Шарқ ва бошқа дунё тилларига таржима қилинар экан, демак, жаҳоннинг бошқа халқлари Бобур маълумотлари асосида ҳам Навоий ҳаёти, шахси, ижодини таниш бахтига мушарраф бўлди. Бобур «Аруз рисола»сида ўзининг аруз борасидаги илмий, назарий фикрлари исботи учун унинг шеърий девонларини мутолаа қилиб, кўплаб шоҳбайтларидан унумли фойдаланган.
Адиблар хиёбонидан ҳайкали жой олган Огаҳийни улуғ Навоийга қайси жиҳатлар боғлаб туради? Хоразм адабий муҳитининг атоқли шоири, муаррихи, араб ва форс тилида битилган, Шарқда машҳур бўлган 19 та нодир асарнинг моҳир таржимони, хонликнинг бош мироби Огаҳий, аввало, боқий Навоий ижоди, хусусан, девонлари анъаналаридан таъсирланиб, «Таъвиз ул-ошиқин» номли мукаммал девон тузди. Ўз девонига устози Навоий каби бетакрор дебоча битди ва унда ўзининг адабий, маърифий, фалсафий, эстетик қарашларини, орзу-ўйларини баён қилди. Яхшиликнинг рамзи бўлган сўз, қалам тимсолида эса адабиётнинг куч ва қудрати, файзини бадиий талқин этди. Иккинчидан, у улуғ Навоий сингари лирик турнинг ўн олти жанрида маҳорат билан бемалол қалам тебратган ягона шоир ҳисобланади ҳамда улуғ устози ғазалларига гўзал муҳаммаслар битди, тахмислар боғлади. Учинчидан эса муаррих Навоийнинг тарихий асарлари оҳанг ва услубида бир-биридан қимматли бешта тарихий асар ёзди.
Адиблар хиёбонидан ҳайкали жой олган Қўқон адабий муҳитининг моҳир шоири Фурқат ҳаёти ва ижодига боқий Навоий шахси ҳамда асарлари қандай маърифий, адабий таъсир қилгани ҳақида узоқ сўзлаш мумкин. Фурқат ўзининг «Саргузаштнома» номли насрий асарида улуғ Навоий билан боғлиқ бир воқеани тасвирлайди. Сюжет баёнига кўра, бола Фурқат тушида улуғ шоирнинг бир гўзал боғда салафлари билан суҳбатлашиб ўтирганини, унинг халқ ва мадраса аҳли орасида «Чор китоб» номи билан машҳур бўлган, ўзбек (туркий) тилида битган «Хазойин ул-маъоний» девонини қўлига олганини ва ҳазрат Навоий уни қутлуғ дуо қилганини, ижод қилишга ундаганини кўради. У тонгда туриб, устози уйига шошади, табаррук тушини тўлқинланиб унга айтиб беради. Маърифатли устози эса Фурқатнинг пешонасидан ўпиб, хосиятли туш кўргани билан табриклайди ва у ҳам қўл очиб, шогирдини олқишлаб, дуо қилиб, омад тилайди. Қарангки, бола Фурқат улуғ Навоий руҳидан маънавий мадад олиб шеърлар ёза бошлайди ва суронли йиллар ўтиб, у Қўқон адабий, маданий муҳитининг таниқли шоирига айланди. Улуғ устози Навоий ғазаллари таъсирида қатор муҳаммаслар ёзди.
Адиблар хиёбонида ҳайкали ўрнатилган таниқли шоир, таржимон, драматург Мақсуд Шайхзоданинг Алишер Навоийга меҳри ва ҳурмати бўлакча бўлган. У улуғ Навоий ҳаёти ва ижодидан ҳайратланиб, уни тадқиқ қилиб илмий характердаги ўттизта мақола битди. Буюк шоирни «Ғазал мулкининг султони» дея шарафлади. Бундай юксак баҳо, сифатлаш бизга шоҳ ва шоир султон Ҳусайн Бойқаро «Рисола» номли асарида дўсти улуғ Навоий шарафига битган рубоийни ва рубоий матнида унга чексиз ҳурмат кўрсатиб, шоирни «Соҳибқирон», «Қаҳрамон» деб атаганини ёдимизга солади.
Хулоса шуки, Адиблар хиёбонининг ташкил қилиниши, бир томондан, Янги Ўзбекистон шароитида адабий, маърифий, маданий ишларнинг, иккинчи томондан, юртимизда улуғ Навоийга ҳурмат-эҳтиромнинг янги босқичга кўтарилганини ифодалайди. Шу билан бирга, мумтоз ҳамда замонавий адиблар ҳаёти ва ижоди, дурдона асарларида яратилган образлар, илгари сурилган умумбашарий ғояларни ўқиб-ўрганиш замонамиз ёшлари таълим-тарбияси учун нечоғли зарур эканлигини ҳам билдиради.
Буробия РАЖАБОВА,
ЎзРФА Алишер Навоий номидаги давлат адабиёт музейининг етакчи илмий ходими, филология фанлари номзоди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- «E-ekspertiza» платформаси орқали электрон ҳужжатлар алмашинувини йўлга қўйиш тартиби тасдиқланди
- Нодавлат суд-эксперти сифатида фаолият юритиш янада соддалаштирилади
- «Истанбул Башакшеҳир» меҳмондан ғалаба билан қайтди
- Украинанинг уч вилоятида портлашлар қайд этилди. Қурбонлар бор
- Бу йил Ўзбекистон Пролигасида 14 та жамоа иштирок этади
- Шавкат Мирзиёев Вашингтон шаҳрида Тинчлик кенгашининг дастлабки йиғилишида иштирок этди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг