«Улуғ бахтдир, дўстим, яшамоқ…»

5 август — Ўзбекистон халқ шоири
Абдулла ШЕР таваллуд топган кун
Дарҳақиқат, инсон учун ҳаёт маънисини, умр мазмунини, яшаш саодатини англаш энг катта бахтлардан биридир. Бу бахт таъмини билганлар қалбида ўтаётган ҳар сониядан завқланиш ҳисси яшайди, тилидан осойишта кунларга шукроналик тушмайди, юксак орзу ва мақсадлар билан чароғон кунлар сари қадам ташлайди.
Абдулла Шер ижодкор сифатида ҳам, инсон сифатида ҳам ана шу бахтга эришган одамлардандир. У ўзининг оташин сатрлари орқали кўнгилларга фараҳ бағишлаш билан бир қаторда ҳаётнинг моҳиятини англашга, уни севишга, қадрлашга чорлайди. Ишонамизки, бу чорлов ҳали кўп йиллар давомида юракларда акс-садо бериб туради.
Адиб бугун умрининг 81 довонидан ошди. Бу довонлар оралиғида қанча сўз дилидан қоғозга тўкилди, китоблару тўпламларга айланиб, халқимиз қалбидан жой эгаллади. Энг муҳими, ижодкорнинг изланиш ва интилишлари, янги ижодий чўққилар сари ҳаракатлари тинимсиз ва баракали давом этмоқда. Эҳтимол, инсон учун яшаш бахти ҳам айнан шудир…
Сана муносабати билан шоирни самимий қутлаб, унга узоқ умр, мустаҳкам соғлиқ, янада юксак ижодий парвозлар тилаймиз!
ТАРЖИМАИ ҲОЛИМДАН ПАРЧА
Асрни асрга улаб бир қатим —
Умр деб аталган чайир ип билан,
Ўзни аямадим, сўзни аядим,
Шеърни гул деб билдим, китобни — чаман.
Замондан замонга ўтаркан, йўлда
Қулликдан ҳурликни фарқлаб ололдим.
Сўздан ўстирганим ҳар битта гулда
Баҳорнинг рангини сақлаб қололдим.
* * *
Лабим шивирлади тилло балдоққа,
Балдоғинг имлади қулоқларингга.
Лабим шивирлади момиқ қулоққа,
Қулоғинг имлади қароқларингга.
Лабим шивирлади олов қароққа,
Қароғинг имлади ёноқларингга.
Лабим шивирлади олма ёноққа,
Ёноғинг имлади дудоқларингга.
Шивирлай деганда лабингга лабим,
Ногаҳон бир титраб ўзин йўқотди,
Ўттиз йил асраган сўзин йўқотди.
Беш йил, ўн йил, ўн беш!.. Мана, ё Раббим,
Лабларим ҳар туни лабингни «сиз»лар, —
Йўқотган сўзини ялиниб излар…
* * *
Улуғ бахтдир, дўстим, яшамоқ,
Қувонч бир ён, қайғулар бир ён.
Гоҳ қуёшдан чироқ ёруғроқ:
Гоҳ саргардон, гоҳида гирён…
Тарк этмайди сени туйғулар,
«Дук-дук» урмас уларсиз юрак:
Гоҳ орзудек куйлайди сувлар,
Гоҳ умиддек шилдирар терак.
Гоҳ чироқнинг бошини эгиб,
Чақирасан юлдузни, ойни:
Мангуликнинг жиғига тегиб,
Улуғлайсан оний чиройни.
Сен бахтлисан, барибир, дўстим:
Ёнгинангдан ёзу куз ўтар.
Шамол билан шивирлашган сим,
Ҳавас билан сени кузатар…
Абдулла ШЕР,
Ўзбекистон халқ шоири.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендиялар миқдори 10 фоизга оширилади
- Эрон ва Исроил ўртасидаги зиддиятлар хронологияси ёхуд бугунги «уруш»нинг илдизи қаерда?
- Олимлар Альцгеймер касаллигидан ҳимоя қилувчи парҳез ҳақида маълумот беришди
- Доллар курси ошишда давом этмоқда
- Паркентда йилига 20 минг сайёҳни қабул қиладиган туристик мажмуа очилмоқда
- Ўзгаришларни сўз билан уйғотган журналист
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг